Қоронғи режим
Image
Logo
ЎЗИНИ ЎЛДИРИШ ГУНОҲИ ҲАҚИДА

ЎЗИНИ ЎЛДИРИШ ГУНОҲИ ҲАҚИДА

Аҳли суннат ва жамоат ақоидининг мотуридия таълимотига бағишланган машҳур “Бадъ ул-амолий” қасидасининг муаллифи, асли ўзимизнинг ватандошимиз, ўшлик таниқли ҳанафий олими Сирожидин Али ибн Усмон ал-Ўший раҳимаҳуллоҳ “Нисоб ул-ахбор”, “Машориқ ал-анвор” каби асарлари билан бирга фатволар тўплами бўлмиш “Фатовойи Сирожия” номли китоби билан ҳам шуҳрат қозонганлар. У зот мазкур фатво тўпламида инсоннинг ўзини ўзи ўлдириш гуноҳи ҳақида ажойиб фатвони зикр қилганлар. XII асрдаёқ чиқарилган мазкур фатво бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган, дейишимиз мумкин. Бугун ҳаётимизда камикадзе бўлиб, худкушлик қилаётган сохта “шаҳид”ларни ҳам ва ҳаёт ташвишларидан безиб, аламидан ўзини-ўзи ўлдираётганларни ҳам бот-бот эшитиб қолмоқдамиз. Бу фатвонинг хулосаси шуки, инсоннинг ўзини-ўзи ўлдиришининг гуноҳи бировни ноҳақ ўлдириш гуноҳидан ҳам оғирроқ ва каттароқдир:
“Қачон кема ёна бошласа, ундагиларнинг агар ўзларини денгизга ташлашса, сузиш билан халос бўлиб кетишга гумонлари ғолиб бўлса, шундай қилишлари вожиб бўлади. Агар ўзларини денгизга ташласалар ҳам ғарқ бўлишлари ёки ташлашмаса, куйиб кетишлари эҳтимоли бўлса, у ҳолда кемада қолиш ва денгизга ўзларини отиш орасида ихтиёрлидирлар. КИМКИ ЎЗИНИ ЎЛДИРСА, УНИНГ ГУНОҲИ БОШҚА БИРОВНИ ҚАТЛ ҚИЛГАНДАН КЎРА КАТТАРОҚДИР!

Мазкур фатвода ёниб кул бўлиши аниқ бўлган кемада қолиш-қолмаслик масаласининг шаръий ҳукми тушунтирилган. Кемада қолиш ўзни ўлдириш билан баробар. Ундан қандай бўлмасин қутилиб кетиш керак. Денгиз ўртасида эса қутилиб кетишга имкон йўқ. Агар сузишни биладиган одам бўлса, ўзини денгизга ташлаб, сузиб кетиши лозим. Сузиб кетиш унга вожиб. Ҳар қалай, сузишни биладиган одамга қутилиш эҳтимоли бор. Сузишни билмайдиган одам бўлса, денгизга ўзини отгани билан ҳалок бўлиш эҳтимоли катта. Бундай одам кемада қолиш-қолмаслик ихтиёрида
Жалолиддин Мангуберди раҳимаҳуллоҳнинг ватан душманлари бўлмиш босқинчи мўғиллар билан курашганини ҳамма билади. Бир жангда у зот лашкари билан душмандан мағлуб бўладилар. Аскарлари ва онаси, оиласи, бола-чақаси билан душман қуршовида қоладилар. Орқада эса Амударё шовуллаб оқиб турган бўлган. Душман билан курашаверса, ҳалок бўлиш эҳтимоли бор. Дарёга ўзни ташлаб, соғ-саломат унинг нарига томонига ўтиб олиш эҳтимоли ҳам бор. Шунда, буюк ватанпарвар ва мард бобомиз Жалолиддин Мангуберди раҳимаҳуллоҳ ярадор аскарлари, онаси, аёллари ва бола-чақаларига ўзларини дарёга ташлашни буюрганлар. Буни айримлар: “Ўзини душман қўлига топширгандан кўра ўлим афзал!”, деб талқин қиладилар ва “Жалолиддин Мангуберди душман қўлига топширмасдан ўз оиласини дарёда чўкдириб юборган мард инсон”, деб таърифлайдилар. Аслида, бу ерда ислом динига ҳар бир гапи ва амали билан амал қилиб келган бобокалонларимизнинг шаръий фатвога амал қилишлари намунаси мавжуд. Хоразмлик аёллар, эркакларни-ку айтмаса ҳам бўлади, барчаси сузишни яхши билади. Уларнинг ҳаммаси Амударёга чўмилиб юрганлигига шубҳа йўқ. Бўлиб ҳам, Жалолиддин Мангуберди раҳимаҳуллоҳнинг атрофидаги аёллар Тўмарис момонинг авлодларидир. Уларнинг бир томони буюк Алпомишнинг бақувват ёри Барчинойга бориб тақалади. Бундайлар Амударёдан сузиб ўтишларининг эҳтимоли катта. Душман билан курашаверса ҳам бўларди, лекин бунда душман сонининг бир неча баробар кўп эканлигидан ҳалокат эҳтимоли катта. Шунинг учун, Жалолиддин Мангуберди раҳимаҳуллоҳ уларга ўзларини дарёга ташлашларига буйруқ берган. Ўзлари эса душман билан кураша-кураша, охири ўзлари ҳам дарёга ташлаб чекинишга мажбур бўлган эди...
Ҳа, уруш-жангларда ўзини ўзи ўлдириш ҳам, ҳалокатга ташлаш ҳам оғир гуноҳдир. Шунинг учун, шаръан ҳам, ақлан ҳам чекиниш бор, сулҳ бор!
Жалолиддин Мангуберди раҳимаҳуллоҳ бобомизнинг ўзи-ку, қутилиб дарёнинг нариги томонига ўтиб олган, аёллар барибир маҳобатлидарё домидан қутилиб қола билмаганлар. Дарёдан ўта солиб, кузатиб турган мўғил хони ва унинг болаларига қарата муштини кўрсатган Ўзбекнинг бу мард ўғлонига қараб, ёнидагиларга Чингизхон: “Агар битта шундай ўғлим бўлганида эди, бутун дунёни осонлик билан эгаллаган бўлардим!”, деган экан.


Толибжон Шарипов,
Чортоқ туман “Зайд ибн Ҳорис”жоме
 масжид имом ҳатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг