Қоронғи режим
Image
Logo

ВАҚФ – ЭНГ АФЗАЛ САДАҚАИ ЖОРИЯДИР

ВАҚФ – ЭНГ АФЗАЛ САДАҚАИ ЖОРИЯДИР

Саҳобалардан Зайд бин Собит разияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Маййит учун ҳам, тирик учун ҳам ушбу вақф қилинган мулклардан кўра фойдалироқ нарсани кўрмаганмиз. Маййит учун унинг савоби оқиб бориб туради, тирик учун эса, мулки сақланиб қолади, у на ҳадя қилиб юборилади, на меросга қолдирилади ва на йўқолиб кетади”.

Жобир разияллоҳу анҳу эса: “Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳобаларидан қодир бўлганлари борки, албатта вақф қилган”, – деганлар.

Инсонлар масжид, мадраса, шифохона каби кўчмас мулкларни, илмий китобларни ва уй-рўзғор анжомларини мўмин-мусулмонларга вақф қилиб қолдирганлар. 

Аллоҳ таолонинг Каломидаги қуйидаги ояти каримаси уларга катта умид бахш этган: “Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар” (Залзала сураси, 7-оят).

“Вақф” сўзи луғатларда “тутиб туриш”, “тўхтатиш” маъноларида келади. Шаръий таърифи эса: “Муайян нарсанинг аслини сақлаб қолиб, ундан келадиган фойдани садақа қилишдир”.

Вақф қилинган нарса сотилмайди, ҳадя қилинмайди, меросга қўшиб тақсимланмайди. Масалан ер-сув, уй-жой, мактаб, масжид, шифохона, кутубхона, мевали боғлар ва бошқалар мусулмонлар текин фойдаланишлари учун вақф қилиниши мумкин.

Қуйидаги оят вақфнинг шариатда жорий қилинишига далолат қилади: “Эй иймом келтирганлар! Касб қилган нарсаларингиздан ва биз сизларга ердан чиқариб берган нарсаларимиздан садақа (эҳсон) қилинглар”. (Бақара сураси, 267-оят

Абу Ҳурайра разуяллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадису шарифда Набий саллаллоҳи алайхи вассаллам: “Одам боласи вафот этганда унинг амаллари тўхтатилади фақат уч нарсадан: садақаи жория, фойдали илм ва унинг хақига дуо қилиб турувчи солиҳ фарзанддан тўхтатилмайди” – дедилар. (Имом Муслим, Термизий, Ибн Можа, Дори Қутний, Байхақийлар ривоят қилган). Хадиси шарифдаги “садақаи жория”дан мақсад вақф мулкларидир.   

Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида вақф ҳақида қуйидаги маълумотлар келтирилган:

“Вақф” сўзи арабчадан олинган бўлиб — мусулмон мамлакатларида давлат ёки айрим шахслар томонидан диний эҳтиёж ёки хайрия ишлари учун ажратилган мол-мулк. Вақфнома орқали расмийлаштирилади. Ер-сув, уй-жой, мактаб, масжид, шифохона ва бошқалар вақф мулки бўлиши мумкин. Ўз мулкини вақфга топширган шахс мазкур мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқини йўқотади. Лекин унинг ўзи ёки оила аъзолари ёхуд учинчи бир шахс вақф мулкидан вақфномада қайд этилган мақсадларда фойдаланилаётганлигини аниқлаш учун вақф мулкини бошқариш ҳуқуқини сақлаб қолиши мумкин. Ўз мулкини вақф мулки сифатида топширган шахснинг фарзандлари ёки бошқа авлодлари мазкур вақф мулкидан келадиган даромадлардан нафақа олиб туриши мумкин. Вақф мулкини шариат қонуни бўйича давлат бошлиғи ёки қози назорат қилади. Бу тартиб Шарқнинг баъзи мамлакатларида ҳозир ҳам амалда.

Вақф – шариатимизга кўра мустаҳаб бўлган ибодат эканига уламоларимиз иттифоқ қилганлар.

 Вақфни жорий этилишидан кўзланган мақсад иккита:

 1) Аллоҳга тақарруб ҳосил қилиш. Яъни, савоб умидида хайрия қилиб, охиратга савоб жамғариш;

 2) Жамиятдаги муҳтож кишиларнинг оғирини енгил қилиб, уларга ёрдам беришни йўлга қўйиш.

 Вақфнинг тўртта рукни бўлиб, улар:

 1) Вақф қилувчи шахс (воқиф);

 2) вақф қилиш лафзи (сийға);

 3) вақф қилинаётган мол (мавқуф);

 4) вақф моли тасарруф этиладиган жиҳат (мавқуф алайҳи).

 Вақф қилувчи вақфдан келадиган фойданинг ҳаммасини ёки баъзисини ўзига вақф қилиши мумкин. Бунда вафот этгандан кейин фойдаси фуқароларга бўлиши шарти билан. Бу Абу Юсуфнинг сўзлари бўлиб, “Фатавои Қозихон”да “бунда одамларни вақф қилишга тарғиб бордир” дейилган.

            Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5416-сон Фармони бўйича “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди. Фонд 10 май куни Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди.

Баходир Шарипов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси

 Чуст туман вакили    

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг