ВАТАНИМИЗ ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК ЎЛКАСИ

Жамият тараққиёти ва фаровонлиги миллатлараро, динлараро ўзаро бағрикенглик ва тотувлик ҳамиша муҳим аҳамият касб этади. Мустақил ўлкамиз – Ўзбекистонда 130 га яқин миллат вакиллари турли динларга эътиқод қилувчи халқлар бўлиб, алҳамдулиллаҳ, тинч-омон, аҳил-иноқ яшаб келмоқдалар. Ана шу эзгулик ва тинчлик-осойишталик омили бўлган диний бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга диёримизда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Ҳақиқатан ҳам, юртимизда хилма-хил диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг бир заминда, бир ватанда, буюк ғоя ва соф ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашлиги – диний бағрикенгликни ёрқин намунасидир.
Юртимиз мустақилликка эришгач, барча исломий қадриятлар – масжид ва мадрасалар, зиёратгоҳлар, нодир тарихий манбалар, осори-атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Ўлкамизда яшаб меҳнат қилаётган кўп сонли мусулмонлар қатори бошқа дин вакилларининг ҳам эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилди.
Халқимизга азалдан хос бўлган диний бағрикенглик биз учун анъанавий бир ҳолдир. Диний бағрикенглик диний заминдаги адоватга қарши ҳамиша ўзига хос қалқон вазифасини ўтаган. У турли эътиқодларнинг бир замон ва маконда биргаликда мавжуд бўлишига, улар ўртасидаги ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликнинг ривожланишига йўл очган. Бу эса, ўз навбатида юрт тинчлиги ва тараққиётига, умуминсоний тамаддун ва маънавият ривожига ҳисса қўшган. Бу ҳақда динимиз таълимотига назар ташласак, унда Аллоҳ таоло Ўз каломида баён қилган диний бағрикенглик асосини кўрамиз: Аллоҳ таоло Мумтаҳана сурасининг 8-оятида шундай деб марҳамат қилади: «Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан қувиб чиқармаганларга яхшилик ва адолат қилишдан қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир».
Мусулмонлар ва бошқа дин вакилларининг Ўзбекистон заминида биргаликда ҳамнафас бўлиб яшаши диний-маънавий тотувликнинг нодир тимсоли ва барча дин вакилларига нисбатан бағрикенгликнинг энг яхши намунаси ҳисобланади. Республикамизда ислом дини билан бир қаторда бошқа диний эътиқод йўналишлари эмин-эркин фаолият кўрсатмоқда. Фуқароларнинг миллати, ирқи, динидан қатъи назар барча учун тенг ҳуқуқлар қонун орқали кафолатланган.
Кўнглида ҳеч бир инсонга адовати бўлмаган ҳамда жамиятга қўли ва тили билан зарари тегмайдиган кишилар билан чиройли муомалада бўлиш, улар билан дунёвий ишларда ҳамкорлик қилиш, ёвузлик ва зулм-зиён етказиш йўлида асло ҳамкорлик қилмаслик муборак динимиз талабидир. Зеро, Аллоҳ таоло бу ҳақда марҳамат қилиб бундай дейди: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли Зотдир».(Моида сураси 2-оят)
Динимизнинг боқий асоси Қуръони карим ва Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ўчмас таълимотларида қўни-қўшничилик, жамиятдаги барча инсонлар билан бўладиган ўзаро муомалаларда ҳам бағрикенгликка тарғиб қилинган. Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан бирида ғайридин бўлган қўшнига ҳам инсонийлик юзасидан яхши ва чиройли муомалада бўлишга буюрганлар. Бу ўринда саҳобаи киром ва тобиинлар ҳаммамизга ўрнак ва намуна кўрсатишган. Жумладан, бир куни Абдуллоҳ ибн Умарнинг уйларида қўй сўйилиб, қўни-қўшниларга ҳадя тариқасида улашилди. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар: “Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадядан бердингизларми?”, — деб қайта-қайта сўраб: “Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан қўшнилар ҳаққини адо этиш зарурлигини эшитганман”, — деганлар.(Бухорий ривояти)
Хулоса қилиб айтсам, диний бағрикенглик хилма-хил диний эътиқодда бўлган кишиларнинг олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаши, кишилик жамияти равнақи йўлида хизмат қилишини англатади. Ҳозирда бу ғоя эзгулик йўлида нафақат диндорлар, балки жамиятнинг барча аъзолари ҳамкорлигини назарда тутади. Диний бағрикенглик тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, озод ва обод Ватан қуришнинг муҳим шартидир.
Хурматали Нортиллаев,
Чуст туман “Эшон сўфи бобо” жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022