Қоронғи режим
Image
Logo

ВАТАННИ СЕВМОҚ ИМОНДАНДИР

ВАТАННИ СЕВМОҚ ИМОНДАНДИР

 

         Маълумки, Шайҳ Муҳаммад Ғаззолий айтадилар: “Башар ўз ерига гарчи у тап-тақир саҳро бўлса ҳам, қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ушбу табиат Ватанда яшашда ҳузир-ҳаловат, ундан узоқ бўлинса, соғинч, унга ҳужум қилинганида мудофаа ва камситилганида ғазаб ҳисларини пайдо қилади.

            Айримлар истеҳзо билан тилга оладиган сўз-ватанпарварлик аслида ибодат даражасига кўтарилган соф исломий қадриятдир. Ватан деганда, ҳамиша ўзимиз туғилиб ўсган, кўз очиб кўрган, таълим- тарбия олиб вояга етган, неча- неча аждодларимиз яшаб ўтган, уларнинг ақл-идроки, меҳнати сарф қилинган юрт кўз олдимизга келади.

            Абдулла Авлоний бобомиз: “Ҳар бир кишининг туғилиб ўсган шаҳар ва мамлакати шул кишининг ватани дейилур. Ҳар ким туғилиган, ўсган жойини жонидан ортиқ суяр... Биз туркистонликлар ўз ватанимизни жонимиздан ортик суйганимиз каби араблар Арабистонини, кумли иссиқ чўлларини, ескимослар шимол тарафлар, енг совуқ қор ва музли ерларни бошқа ерлардан зиёда суярлар. Агар суймасалар эди, ҳавоси мўътадил ерларга ҳижрат қилурлар эди”, деганида нақадар ҳақ эди.

            Ватаннинг катта-кичиги ҳам, бой-камбағали ҳам бўлмайди. Ватан танланмайди. Ватан бизнинг молимиз эмас. Шунинг учун ҳам у пулга сотилмайди ва сотиб олинмайди. Ватан инъом этилмайди, қарзга берилмайди. У ҳар бир фуқаро учун муқаддас ва бетакрордир. “Ватанни севмоқ иймондандир”, деб бежиз айтилмаган. Яъни иймони бут, виждони пок ҳар бир инсон ватанини севади, уни ғанимлардан асрайди, унинг яшнаши, ҳурлиги учун курашади. Ҳар бир баркамол инсон ватан камолоти истиқболи, эл-юртининг озодлиги ва мустақиллиги учун ҳамма нарсани, ҳатто ширин жонини ҳам аямайди.       

            Ислом таълимотига кўра, Аллоҳ таоло Одам наслидан дунёга келган зурриётларини Ер юзида турли миллат ва элатларга бўлиб қўйган. Аллоҳ таоло бундай дейди: “Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизлани бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво) дан яратдик   ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) ҳалқлар ва қабила (элат) лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақвадорроғингиздир” (Ҳужурот сураси,13-оят).

            Табиийки, инсон фарзанди қаерда, қайси мамлакатда дунёга келса, анашу ер унинг ватанига айланиб қолади.

            Расули Акрам саллолоху алайхи васаллам Мадинаи мунавварага хижрат қилиб кетаётганларида туғулиб ўсган ватанлари Маккаи Мукаррамага юзланиб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганда, хеч ҳам ўз иҳтиёрим билан уни таршлаб кетмаган бўлар эдим”, деганлари сийрат китобларида баён этилган. Демак, Ватанни севиш, ватанпарвар бўлиш, ундаги бор нарсани ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир. Ватан химояси, миллат фаровонлиги ва дин равнақи йўлида жон фидо қилган кишиларга шаҳидлик мақоми берилган.

            Азиз юртимизда эмин-эркин тоат-ибодат қилиш имкони, диний-маънавий қадрятлар, имон-этиқодимиз дахилсизлигига катта аҳамят берилган. Тинчлик хотиржамлик неъмати билан сийланиб яшаяпмиз. Бундан бебаҳо илоҳий неъматларнинг қадрига етиш, уларга шукур қилиш, асраб-авайлаш барчамининг бурчимиздир.

            Аллаоҳ таоло бундай дейди: “Ким шукур қилса, бас, албатта, у фақат ўзи учун шукур қилур. Ким ношукурлик қилса, бас, албатта, Роббим (хамма нарсадан) бехожат ва карамлидир”  (Намл сураси 40-оят)  

            Инсон дунё ва оҳиратда  солиҳ амаллари, ватан, имон, дин химояси, одоблилиги билан роҳатга эришади. Ўзбек халқи ўғлонларинг шараф деб билган шоири бор. У ҳам бўлса “Мардлар қўриқлайди ватанни”. Ҳақиқатдан ватанни қўриқлаш ва унинг остонасини ғанимлар кучидан химоя қилиш бу инсон ўзининг уйини, оиласини, қариндош-уруғини ва айниқса, динини ҳимоя қилиш деганидир. Юрт тинч бўлса келажак авлод тинч-осоишта яшайди ва тоат-ибодатлариўз вақтида адо этилади.

 

Қўчқаров Назиржон
Наманган тумани “Умарбой хожи”
жоме масжид имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг