Қоронғи режим
Image
Logo

Хорлик шоҳлари фақатгина тамагирлик уруғидан гуркираб ўсар.

Хорлик шоҳлари фақатгина тамагирлик уруғидан гуркираб ўсар.

Аллоҳ таоло одам зотини азизу мукаррам қилган. Аллоҳ таоло одамга азизлик ҳис-туйғусини қўшиб яратган. Бошқача қилиб айтганда, одамни соф табиат билан яратган ва азизликни ҳис қилишни одамнинг мазкур соф табиатига қўшиб яратган. Одамнинг азизлигини таъминлаш учун Ислом динини жорий қилган. Ислом ақийдаси, шариати ва таълимотлари инсоннинг азизлигини рўёбга чиқаришга йўналтирилган.

Ислом тавҳид ақийдаси асосидаги диндир. Ушбу ақийдага биноан борлиқнинг ягона илоҳи бор, иккинчиси йўқ. Ўша Илоҳ – Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзи наф ва зарар берувчидир. Унинг ёлғиз Ўзи тирилтирувчи ва ўлдирувчидир. Унинг ёлғиз Ўзи барча қувват эгасидир. Унинг ёлғиз Ўзи беҳожатдир ва ҳоказо.

Ислом шариатида жорий қилинган барча тоат ва ибодатлар мазкур ақийдани қўллаш ва ҳимоя қилишга қаратилгандир.

Қай бир инсон ушбу тавҳид ақийдасини ва у тақозо қилган ҳақиқатларни ўзига сингдириб олса, катта-кичик барча ҳожатларини Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзидангина сўрайдиган бўлади. Унинг Ўзигагина ёлворади. Унинг Ўзигагина хору зорлигини изҳор қилади. Ундан ўзгадан ҳожатини раво қилишини сўрамайди. Ундан ўзгага ёлвормайди. Ундан ўзгага хору зорлигини изҳор қилмайди.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг ушбу ҳикматида банданинг мазкур азизлигини хорликка айлантирадиган нарса – тамагирлик ҳақида сўз юритмоқда.

Олдин тамагирликнинг маъноси, таърифи ва хусусиятлари билан яқиндан танишиб олайлик.

«Тамагирлик» арабча «тамаъа» сўзидан олинган бўлиб, бир нарсани қалбдан кучли орзу қилишга айтилади. «Тама қилди» ва «ҳирс қўйди» иборалари бир хил маънони англатади.

Роғиб «Муфрадот»да таманинг таърифида: «Тама нафснинг бир нарсага шаҳват ила боғланишидир», деган (207-бет).

Агар тама Аллоҳ таолонинг раҳматини орзу қилиш маъносида бўлса, яхши ҳисобланади. Бунга Иброҳим алайҳиссаломнинг тамалари мисол бўлади.

Аллоҳ таоло Шуаро сурасида Иброҳим алайҳиссаломнинг тамаларини шундай баён қилади:

«Ва менинг хатоимни қиёмат куни мағфират қилишидан умидвор бўлганим (тама қилганим) ҳам Унинг Ўзи» (82-оят).

Аллоҳ таоло Ўзига хавф ва тама билан дуо қиладиганларни мадҳ этган.

У Зот Сажда сурасида:

«Ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Роббларига қўрқув ва умидворлик (тама) ила дуо қилурлар ва ўзларига ризқ қилиб берган нарсаларимиздан нафақа қилурлар», деб марҳамат қилган (16-оят).

Аммо тама дунёнинг ўткинчи ҳойи-ҳаваси йўлида бўлса, ёмон нарса ҳисобланади.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Билингки, тама фақирликдир. Тама қилмаслик бойликдир», деган.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади: «Кўпгина ақлларнинг қулаши тамаларнинг чақмоғидандир».

Каъб ва Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳумо бирга бўлганларида, Каъб розияллоҳу анҳу:

«Эй Ибн Салом! Илм арбоблари кимлар?» деди.

«Унга амал қилувчилар», деди.

«Билганларидан кейин уламоларнинг қалбидан илмни кетказган нарса нима?» деди.

«Тамагирлик, нафснинг очкўзлиги ва одамлардан ҳожатини раво қилишларини сўраш», деб жавоб берди.

Тамагирликнинг зарарлари:

  1. Тамагирлик иймон заифлигининг аломатидир.
  2. Тамагирлик Аллоҳ таолога бўлган ишончдаги нуқсондир.
  3. Тамагирлик саховат соҳиби бўлган Аллоҳ таоло ҳақида ёмон гумонда бўлишдир.
  4. Тамагирлик ўз эгасига доимий камбағалликни жалб қилади.
  5. Тамагирлик доимий чарчоқликдир.

Баъзи ҳукамолар дейдилар:

«Агар тамагирликка:

– Отанг ким? – дейилса,

– Қадарга шак келтириш, – дейди.

– Ҳунаринг нима? – дейилса,

– Хорликни касб қилиш, – дейди.

– Fоянг нима? – дейилса,

– Маҳрумлик, – дейди».

Тамагирлик азизни хор қилади. Тамасизлик хорни азиз қилади.

 

ЎМИнинг Янгиқўрғон тумани

бош имом хатиби

Акмалхон Саппанов.

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг