Қоронғи режим
Image
Logo
Яхши билан юрдим, йўлим топдим...

Яхши билан юрдим, йўлим топдим...

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда барчани дунёда  тенг бўлиб яшашни ва алоҳида фирқаларга бўлиниб кетмасликни буюрган.  Фирқа ва оқимларга бўлинишни қаттиқ қоралаб биз инсонларни огоҳлантирган.

“Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг” , деган

(Оли Имрон сураси, 103-оят).

Муфассир уламолар айнан бу оят барчани фирқаларга бўлинмасликка очиқ далолат қиладиган ҳукм бўлиб, унга эргашиш ҳамда амал қилиш  вожиб деганлар. Мазкур оят ҳукмига биноан, ислом тарихида фирқа ва оқимларнинг фаолияти ва улар томонидан амалга ошириладиган ишлар эътиқодий ёки фиқҳий бўлсин танқидий назар билан қаралган. Уларнинг фаолияти тўхталишига қаратилган қаттиқ чоралар кўрилган. Шунга қарамай, адашганлар Қуръони каримдаги оятларга ўз нафслари хоҳишига қараб оят маъносини таъвил қилишган. Мақсадлари мусулмонлар орасида фитналар пайдо қилиш эди ва бунга эришдилар. Натижада кўплаб фирқа ва оқимлар ажралиб чиққан.

Ёшларимизни турли хил ёт оқимлардан ҳимоя қилишда Қуръон оятлари ва ҳадисларнинг асл маъно ва моҳиятини англатиш лозим. Диний экстремизм ва терроризм муқаддас Ислом динига асло алоқаси йўқлигини ҳар бир ёш авлодга тушунтириш шартдир. Ислом таълимоти бузғунчиликни, одамлар қалбига ваҳима, душманлик ва фитна уруғларини сочишни қаттиқ қоралайди. Маълумки, сўнгги йилларда динни ўзларига ниқоб қилиб олган оқимлар, тоифалар пайдо бўлди. Ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида бузғунчилик, бегуноҳ одамлар қонини ноҳақ тўкиш каби жиноятларни авж олдириб, фуқаролар тинчлигини бузиб, халқ орасида низо чиқаришга ҳаракат қилишмоқда.

Юртимизда тинчлик ва барқарорлик олий неъматлиги, ҳар бир миллатнинг маънавиятини унинг тарихи, урф-одатлари, анъаналари, барҳаёт қадриятлари ташкил этишини ёшларимиз онг шуурига сингдиришимиз лозим

Ёт унсурларнинг турли вадаларига ишониб алданиб қолмасдан, балки, юртимизга амалга оширилаётган ислохотларга ўз хиссасини қўшиш, ҳалол маҳнат қилишга одатланиш, келгусида малакали мутахассис бўлиб етишишига ҳаракат қилиш бугунги ёшларнинг асосий вазифаларидан бири эканлигини бот-бот ёдга солиш лозимдир.

“Оила-маҳалла” ҳамкорлигини мустаҳкамлаш фарзанд тарбиясида ота-оналарнинг масъулятини янада ошириш долзарб масаладир. Зеро, бугунги замон ҳар биримиздан ўта хушёрликни, масъулят ва ватанпарварликни талаб этмоқда. Фарзандларимизни асраб авайлаш, уларни юксак маънавиятли, юрт корига ярайдиган авлод этиб тарбиялаш ҳар биримизнинг бурчимиздир. “Ўз болангни ўзинг асра”-деган даъваткор шиор бугунги кун талаби эканлигини ҳар биримиз ёдда сақлайлик.

Бир асрдан ортиқ давом этган мустабид тузум маънавий илдизларимиздан айро йўл солмоқчи бўлди. Маънавият ва маърифат ўрнини маълум даражада жахолат эгаллади. Мовароуннахр диёри қадимдан дину-диёнат ўчоғи, фузало-уламолар юрти эканлигини унитиб қўйдик. Туташ илдизларимиз ёддан кўтарилди. Ёд унсурлар ваҳҳобийлик, Ал-қоида, ИШИД, ҳизбут-таҳрир, ислом лашкарлари каби иймони, субути, оиласи, ватани, топинадиган тупроғи йўқ ғаламислар аҳён-аҳёнда ўзини кўрсатиб бўй чўзсада, улар ҳаракати ўзини оқламаганини бутун дунё иймонли, оқибатли, зиёли ёшу кекса фуқаролари, ёшлари англаб етганлар.

Хулоса ўрнида халқимиздаги пурмаъно қисқа мақол билан якун ясаймиз: 

Яхши билан юрдим, Йўлимни топдим.
Ёмон билан юрдим, Гўримни топдим.

Аллоҳ таъоло фарзандларимизни одоб- ахлоқлик ота-онасига раҳмат олиб берадиган, юртига содиқ фарзандлардан бўлишлигини ўзи насиб этсин.

 

Муҳаммад Аюб Фахриддинов,
 Тўрақўрғон тумани "Абдулваҳҳоб қори"  жоме
масжиди имом хатиби.

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг