ЁШЛИК – УМР БАҲОРИ.

Маълумки, ўспиринлик вақти инсоннинг феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр бўлиб, айни шу даврда уларга алоҳида аҳамият қаратмоқ лозим. Албатта бунда аввало ота-онанинг, устознинг ва жамиятнинг масъулияти катта. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Таҳрим” сураси 6-оятида шундай буюради:
“Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар)”.
Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу ушбу оят нозил бўлгандан сўнг суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Ё, Расулуллоҳ, ўз нафсимизни-ку сақлаймиз, аҳлимизни қандай сақлаймиз?”, – деб сўраган эканлар. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар. Ана ўша уларни ўтдан сақлаш бўлади”, – деб жавоб берганлар.
Ёшларни, фарзандларимизни гўдаклик чоғидан, аввало, уларга Яратган Зотни танитиш ва уларни имон-эътиқодли, динига, Ватанига хизмат қиладиган комил инсон бўлиб етишишларига жиддий аҳамият бериш лозим.
Инсон ёшлигидан имон-эътиқодли ҳамда тақволи бўлса, унинг бу дунёсини ҳам, охиратини ҳам Аллоҳ таоло баракотли қилиб қўяди. Аллоҳ таоло ўзининг муборак Каломида шундай марҳамат қилган:
“Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур” (Талоқ сураси 2-3 оятлар).
Ҳадиси шарифларда келишича, Қиёмат кунида одамлар ўзларини ҳимоя қиладиган ёки қуёш иссиғидан пана қилиб турадиган жой ахтариб қоладилар. У кунда Аллоҳ таолонинг Аршининг соясидан бошқа соя бўлмайди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам етти тоифа киши Аршнинг соясида бўлишини айтиб, шулар жумласида: “Аллоҳнинг тоати-ибодатида улғайган йигит (Аршнинг соясидан бошқа ҳеч қандай соя бўлмайдиган кунда соялантирилади),” – дея марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривоятлари).
Одатда кекса одамда ўлим хавотири бўлади. Улардаги истаклар ёшларникидек бўлмайди. Аммо ёшларда истаклар кучли, орзу ҳаваслар кўп, куч-қувват етарли, юмушлари бисёр бўлиши баробарида, уларни йўлдан урувчи нарсалар ҳам кўп бўлади. Улар ўзларидаги гуноҳ, ҳою ҳаваслар истагини енгиб, ибодатга уринганлари, намозларини ўз вақтида адо этишга бел боғлаганлари учун Қиёмат куни Аллоҳнинг Арши соясидан жой оладилар.
Мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоизини ёшлар ташкил этади. Фарзандларимизнинг илмли, ахлоқли бўлиб камолга етишларига уйда ота-оналар, ўқув юртларида эса муаллим ва устозлар астойдил жон куйдиришлари керак. Ўғил-қизларимизни илм-маърифатга ошно қилишдан ҳеч ким четда турмаслиги лозим. Жадидчи алломаларимиздан бирлари: “Фарзанд тарбиясига лоқайд қараган миллат инқирозга маҳкумдир”, – деб бежизга айтмаган.
Ҳозирги ёшларимизни имкон қадар чет тилларини мукаммал билишларига аҳамият беришимиз даркор. Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Сурёний (яҳудий тили)ни биласанми? Менга улардан мактублар келади” – дедилар. Мен: “Йўқ”, – деган эдим, “ўрганинг!”, – деб буюрдилар. Мен ўша тилни ўн етти кунда ўргандим. Яҳудийлардан мактублар келса, уни ўқиб берар, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларга мактуб юбормоқчи бўлсалар, мен ёзиб жўнатар эдим”.
Бошқа ривоятларда келишича, ўшанда Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳунинг ёшлари 16 да бўлган. Улкан ҳиммат билан қисқа муддатда ўзга тилни мукаммал ўрганишга муваффақ бўлганлар.
Бизлар учун намуна ҳисобланган саодат асри кишилари ўз даврларининг ҳар соҳада пешқадами бўлганлар. Биз ҳам фарзандларимизни иқтидорига қараб ўзининг замонасидаги илмларни ўргатишимиз лозим ва ёшларимизни замонасининг олди ёшлари қилиб тарбиялашимиз зарур.
Аллоҳ таоло миллатимиз келажаги бўлган ёшларимизни тўғри йўлдан адаштирмасин.
Анвархон АКРАМОВ,
Наманган шаҳар Мулла Бозор Охунд”
жоме масжиди имом-ноиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022