Йўл ҳаракати умр-барокоти

Инсон зоти мукаррам қилиб яратилгандир. Мукаррамлик асносида ҳаёт кечириши белгилангандир. Инсон яшаётган жамиятдаги барча миллат, элат, халқ, барча дин вакиллари билан бағрикенглик тамойили асосида истиқомат қилмоқлиги динимиз, халқимиз қонунимиз талабидир. Йўл ҳаракати хавфсизлиги саломат турмуш гаровидир. Ҳар биримиз авто улов бошқарар эканмиз, демак йўл ҳаракати иштирокчисимиз. Белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилишимиз чорасиздир.
Абу Сирма розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким зарар қилса, Аллоҳ унга ҳам зарар қилади. Ким машаққат қилса, Аллоҳ унга ҳам машаққат қилади», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Одамларга зарар келтирган шахснинг жазосини Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. У зот қандоқ қилиб унга зарар беришни Ўзи билади. Ким ўзига одамларга машаққатни жалб қилишни раво кўрса, Аллоҳ таоло ҳам унинг бошига машаққатни солади. Шунинг учун ҳам зинҳор одамларга зарар келтириш ва уларга машаққатни раво кўришга яқин ҳам бормаслик керак.
Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мўминга зарар келтирган ёки унга макр қилган малъундир», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Ким лаънати бўлмайин деса бировга зарар келтирмасин ва бировга қарши макру ҳийла ишлатмасин.
Ҳар бир йўл ҳаракати иштирокчиси катталарни ҳурматлаб, кичикларни иззатлаб аёлларни эҳтиромлаш мактаб ўқувчилари ва пиёдаларни авайлаб асраб ҳаракатланиши чиройли ва гўзал хулқ намунасидир. Уламоларимиз китобларда заррани кетказиш фойда келтириш қоидасини келтирганлар. Йўл ҳаракати иштирокчиси автоуловни белгиланган автотураргоҳларга жойлаши зарурдир, чунки йўлнинг қатнов қисмига жойланган авто улов кўплаб автоҳалокат содир этилишига, қатор-қатор тирбандликлар ҳосил бўлишига, яхши ният билан йўлга чиққан ҳар бир ҳайдовчининг кайфиятига ва саломатлигига салбий таъсир қилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шўъбадан иборатдир. Унинг энг афзали «Лаа илааҳа иллаллоҳ» демоқ ва энг кичиги йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Ҳаё иймоннинг шўъбасидир», дедилар». Муслим ривоят қилган.
Йўлнинг қатнов қисмига ўзбошимчалик билан ноқонуний ҳар хил Банно, реклама, эълонлар ва шу кабилар билан йўлни торайтириб тўсиб халақит беришлари ҳайдовчиларга азият ва ҳурматсизликдир. Зеро, ўзгани ҳурмат қилган, ўзининг ҳурматини сақлаган бўлади. Масжидларга борилганда тўй-танловларда, иссиқ-совуқ, маърака ва маросимларда, ташкилот, ўқув муассасалари, давлат идоралари эҳтиёжимиз билан борганда авто тураргоҳ ёки белгиланган масканларга жойлашимиз одоб-ахлоқ намунасидир. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари билан мулоқотда хушфеъл, ширин сўз, мулойим бўлишимиз халқимиз урф-одатларига муносибдир. Қизил, сариқ ва яшил чироқлари кетма-кетлигига риоя қилишимиз, ҳайдовчиларни, пиёдаларни хавфсизлиги ва уларнинг ҳақларини сақлашимиз, айниқса олийгоҳ, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари яқинидаги пиёдалар ўтиш жойларида талабалар, мактаб ўқувчилари ва болаларни хавфсизлигини таъминлашимиз ва оҳиста ҳаракатланишимиз керак. Ўз ўрнида пиёдалар ҳам, талаба-ўқувчилар ҳам йўлнинг серқатнов ва автоуловларнинг тезлиги юқори бўлган ўтиш жойларида пиёдалар йўлакчасидан ўтишлари саломат келажаклари учун хизмат қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқиб, уловларига минганларида, уловларини йўл четига тўхтатар ва боғлаб қўяр эдилар. Ҳатто йўловчиларнинг йўлини тўсмаслик учун динимизда йўлнинг ўртасида намоз ўқишдан қайтарилган.
Қуръони Каримда ўзингизни ўз қўлларингиз билан ҳалокатга ташламанг деб огоҳлантирилган. Ҳайдовчи белгиланган тезликдан ўтиб ҳаракатланиши, ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам саломатлиги ва ҳаёти учун хатарли ва қонунга хилофдир. Инсонга берилган ҳаёт бебаҳодир, баҳоси йўқдир. Ҳадиси шарифда айтилишида ўзингга яхши кўрган нарсани бировга ҳам яхши кўргин деган чақириққа лаббай деб жавоб қилиб, бировларга ҳаракатларимизда озор, азият бермасдан ҳаракатланишимиз мақсадга мувофиқдир. Илоҳим ҳеч бир ҳайдовчи йўл ҳаракатидан шикастланмасин, умри завол, бахти қаро бўлмасин. Ҳар бир ҳайдовчи оила даврасига соғ-саломат қайтиб келсин!
Ҳусанхон Иброхимов,
Наманган шаҳри "Юсуфхон ўғли Қосимхон" жоме
масжиди имом-ноиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022