ЗАКОТ ҲАҚИДА МУЛОҲАЗАЛАР

Жуда ҳам кўпчилигимиз ушбу фарз амалга бепарвомиз. Намоз масаласига эътиборимиз қай даражада бўлса, закот масаласига ҳам шундай бўлиши керак. Ҳоли ҳаётда кўп кузатамиз, намозхонларимизнинг кўплари ибодатларидаги камчиликларини сўраб, кўп саволлар беришади. Токи, намозим Аллоҳ таолонинг ҳузурига бекаму кўст етиб борсин, деган умидлар билан. Лекин закот борасида, афсуски ундай эмас. Ваҳоланки, Қуръони каримда намозни барпо қилинг ва закотни адо этинг, деб бир неча жойда зикр қилинади. Яъни, намоз билан закот ҳақидаги Аллоҳ таолонинг амри орқама орқа келади. Бу закотнинг даражаси намоздан қолишмаслигининг бир кўриниши. Намоз қандай фарз амал бўлса, закот ҳам шундай. Намоз ўқиб юриб, закот беришга қодир бўлган инсон унга бепарво бўлса, оқибати яхши бўлмайди. Шунинг учун буни ўрганиб, ҳисобини олиш керак. Савол туғилади. Нимага одамлар ушбу амалга эътиборсизлар, деган маънода? Бунинг албатта ўзига яраша сабаблари бор. Биринчиси, бу фарз амал намоздан фарқли равишда, бир йилда бир марта ижро қилингани учун одамлар аҳамиятни камроқ берадилар. Иккинчиси, бу молиявий ибодат. Яъни, сарф харажатлар билан боғлиқ. Бу эса, ўз-ўзидан нафсни енгиб унга қарши бориш, дегани. Бу ҳам осон эмас. Учинчиси, одамлар унинг моҳиятини билмаслигидир.
Хўш бунинг учун нималар қилишимиз лозим? Биринчиси, бу амални йилда бир келгани учун мўминлар эътиборсизроқлар дедик. Дарҳақиқат ҳам шундай. Намоз масалалари хусусида нима учун кўп сўраб ўрганилади. Чунки бунга бир кунда беш марта рўбару келамиз ва бу нарса бизни ўз-ўзидан мукаммал бўлиши учун у ҳақида ўрганишга ундайди. Закотчи? Закот ҳам аслида шундай, намозни ўрганганимиздек изланишга муҳтож амал. Мана бир мисол олайлик. Савдогарлар агар дўконни бир кишига топширмоқчи бўлса ёки бир сотувчини қўйиб ўзи маҳсулотлар билан таъминлашга киришса, табиийки дўконидаги бор нарсани ҳисобини қилиб олади. Ойда бир ёки уч ойда, ярим йилда тафтиш қилади. Сотувчининг ҳолатини текширади. Пулдан уриб қолмадими, яширинча иш қилмаяптими ва ҳоказо. Агар мана шу тафтишини қилиб турмаса, биладики, касодга учраши мумкин. Закот ҳам шундай. Яъни закотни бериб юрган одам ўзини сарҳисоб қилишни ўрганади. Пулини, мол дунёсини қанча бўлганини билиш баробарида қаердан келяпти, бу йилги даромад қанча бўлди, ўтган йили мунча бергандим, бу йил мунча берарканман, деб ҳисобини олади. Ҳалол, ҳаром, шубҳали мол, шуларни мулоҳазасини қилади. Ҳисоб қилинишдан олдин, ўзингизни ҳисоб қилинг, деганлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам. Яъни қиёмат келишидан олдин, у оғир кундаги ҳисоб китобдан олдин ўзингизга разм солиб олинг. Қаерда хато қиляпман. Қаерда камчилик бор. Қаерда ютуқлар бор. Нима қилсам, гуноҳлардан тийиламан. Нима қилсам, савобларим кўпроқ бўлади. Мана шу йўсинда одам ўзини тўғирлаб олади. Закот бериш асносида ҳам инсон молу дунёсини ҳисобини олиб, оғриқли жойини олиб ташлайди. Яъни уни ўз эгасига беради.
Иккинчиси, молиявий ибодатлигини зикр қилдик. Яъни пул билан боғлиқ. Шунча пулни бекордан бекорга бериб юбораверасанми, дейдиган нафс билан кўрашадиган ибодат. Ўрни келганда озгина пулни эҳсон қилишга ундамайдиган нафс, табиийки закот беришда ўзини кимлигини кўрсатади. Ким мана шу тўсиқни енгиб ўтиб, бўйнидаги масъулиятни адо этса икки дунёда саодатга эришади. Бунинг учун инсон дунёга муҳаббат қўйиш керак эмаслигини руҳига сингдира олса, нафсини енгиши қийин бўлмайди. Закот ва бошқа садақотларни беришда малолланмайди. Шунинг учун ҳам нафсни енгиш бу ҳақиқий мўминнинг ишидир. Шайтон закот берувчи кишига гўё молини қирқдан бирини берса, моли озайиб кетгандек туйилтириши мумкин. Бироқ молни фақирга бериш билан мол ҳаргиз камаймайди. Балки эгаси ўйламаган томонидан Аллоҳ таоло молини зиёда қилади. Бунга қўйидаги ҳадис яққол далил ҳисобланади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: "Мол-мулк садақа қилиш билан зинҳор камаймайди".
Учинчиси, одамлар унинг моҳиятини билмагани учун ҳам, бунга эътиборсиз бўлишади, дейилди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда закотни беринг, дейиши ортидан Унинг раҳматига сазовор бўлишлари ёки улар маҳзун бўлмаслиги ва хавф хатар йўқлиги ҳақида зикр қилган. Яъни закот берган инсон Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлишини айтган. Бу мақсаддир. Моҳият бу ерда, бой билан камбағал ўртасидаги муомалотлардаги номутаносибликни барқарорлаштиришдир. Содда қилиб айтганда, Аллоҳ таолонинг бойга қаратилган буйруғи, Мен сенга шунча молу дунё бердим, уни тасарруф қилишни ўргатдим, кўпайтириш йўлларини кўрсатиб қўйдим ва бу йўлда сенга ғайрат бердим, шижоатли қилдим ва натижада шунча нарсага эришдинг, энди шу топганларингдан, мен сенга берганларимдан белгиланган қисмини ўз эгасига берасан, шунда қолганига талофат етмаслигини таъминлайман, деган маъно ётади. Демак, инсоннинг моли нисобга етдими у бой ҳисобланади ва топганидан қирқдан бирини беришга мажбурдир. Закотни олган одам албатта берганнинг ҳаққига дуо қилади. Унга нафрат кўзи билан эмас, муҳаббат билан қарайди. Шунча пул топади, мундоқ биз бечораларга мурувват қилмайди, деган фикрлар ўз ўзидан йўқолади ва натижада жамиятда ҳасад деган иллатга барҳам берилади. Уламолар айтадилар, закот бой ва камбағални бир-бирига яқинлаштиради, бой киши ёрдам қилиш севинчи билан яшаса, камбағал эса ўз қалбида бойга нисбатан муҳаббат ва ҳурмат ҳиссини туяди ва хасислик ўртадан кўтарилади. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Қиёмат куни йўқсиллар сабабли бойларнинг ҳолига вой бўлади! Камбағаллар шундай дейдилар: “Парвардигоро! Бой кишилар Сен бизга ажратиб берган ҳақларимизни бермасдан бизга зулм қилдилар”. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Иззатим ва жалолим ҳаққи сизни ўзимга яқинлаштираман уларни эса узоқлаштираман".
Демак, юқорида зикр қилинган ҳолатлардан келиб чиқиб, биз закотга қодир бўлган онимиздан бошлаб, уни беришга мажбур эканимизни ҳис қилиб, хурсандчилик билан адо этсак, иншааллоҳ, жамиятимиз янада обод ва фаровон бўлади.
Қодирхон Умурзаков,
Поп тумани "Муҳаммаджон қори" жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022