Қоронғи режим
Image
Logo

ЗУЛХИЖЖА ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТИ.

ЗУЛХИЖЖА ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТИ.

   Аллоҳ таолонинг сизу биз бандаларига ато этган чексиз фазлу марҳаматларидан бири шуки, йилнинг маълум ой ва кунларини тоату ибодат қилиб, кўплаб савоб топиш учун имкониятлар вақти қилиб берди. Ана шундай фазилатларга бой, унда қилинган амали солиҳларнинг савоби кўпайтириб бериладиган ойлардан бири Зулҳижжа ойи, хусусан, унинг аввалги ўн кунидир. Пайғамбаримиз ﷺ Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунининг фазилати ҳақида шундай марҳамат қилганлар:

 Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳеч бир кун ва унда қилинган бирорта амал Аллоҳнинг наздида Зулҳижжа ойининг ўн кунида қилингандан буюкроқ ва Унга маҳбуброқ эмас. Бас, бу кунларда таҳлил, тасбиҳ, такбир ва таҳмидни кўп айтинг” (Имом Абу Бакр ибн Шайба, Имом Абд ибн Ҳумайд, Имом Абу Яъло, Имом Байҳақийларнинг ривояти).

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб ҳадисларида бу кунларнинг энг фазилатли кунлар эканини билдириб, унда солиҳ амаллар қилиб қолишга тарғиб қилганлар.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

  “Ибодат қилинадиган бирор-бир кун Зулҳижжанинг ўн кунидан кўра Аллоҳ таолога маҳбуб эмас. Ундаги ҳар бир куннинг рўзаси бир йилга баробардир. Ҳар бир кечасида туриш эса, Қадр кечасида туришга баробардир” (Имом Термизий ривояти)

 Бу кунлар орасида тўққизинчи кунда тутилган рўза, (яъни арафа кунида рўза тутиш) энг аҳамиятли, фазилатли ва улкан савоблар ваъда қилинган амал ҳисобланади. Бу ҳақда  Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича марҳамат қилганлар: “Арафа кунининг рўзаси икки йилга каффоратдир: ўтган йилга ва кейинги йилга” (Имом Байҳақий ривояти).

 Бу кунларда имкон қадар Аллоҳни зикри билан шуғулланиш савоби улуғ амаллардан биридир. Бу ҳақда шундай дейилган:

 Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ таоло наздида бирор кун ва бирор-бир амал йўқки ушбу ўн кун ва уларда қилинган амалдан афзал ва Аллоҳ азза ва жаллага суюкли бўлса. Шундай экан, шу кунларда таҳлил ва такбирни кўп айтинглар. Чунки, бу кунлар таҳлил, такбир ва Аллоҳ таолони зикр қилиш кунларидир. Бу кунларда тутилган бир кунлик рўза бир йил тутилган рўзага тенг бўлади. Бу кунларда қилинган амалнинг савоби етти юз баробаргача кўпайтириб берилади” (Имом Байҳақий ривояти).

 Зулҳижжанинг тўққизинчи куни бомдод намозидан то ўн учинчи кунининг аср намозигача  адо қилган намозлардан кейин такбири ташриқни бир маротаба овоз чиқариб айтилади. Такбири ташриқнинг лафзи: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд”.

Аллоҳ таоло барчамизни Зулҳижжа ойидаги ибодатларни бажаришга муваффақ айлаб, ваъда қилинган ажру мукофотлардан насибадор айласин! 

Жобирхон Халимхон ўғли
Наманган шаҳар “Яхёҳон тўра” жоме
масжиди имом ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг