
ДИНИМИЗДА ҚЎШНИЧИЛИК ҲАҚЛАРИ
Инсон ҳаёти давомида жамиятдан ажралиб кун кечира олмайди. Атрофдагилар билан турли ижтимоий алоқалар ўрнатади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам оила, маҳалла ва жамият ичида бўлади. Табиийки, ҳаёти давомида унинг атрофдагиларга нисбатан ҳуқуқ ва бурчлари пайдо бўлади. Мана шундай ҳуқуқлардан бири қўшничилик ҳаққи бўлиб, унга динимизда алоҳида эътибор берилган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўзига ибодат қилиш ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмасликка буюрганидан кейин, бир қанча тоифаларга яхшилик қилишга буюради. Ўша кишилар ичида қўшнилар ҳам зикр қилинган. Ояти каримада шундай дейилади:
“Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” (Нисо сураси 36-оят).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Жаброил мени доим қўшни ҳақида яхшиликка буюрганидан, уни меросхўр қилиб қўярмикан, деб ўйладим” (Имом Бухорий ривоятлари).
Гоҳида қўшниларнинг ҳолидан ғафлатда қоламиз, уларни ҳолидан хабар олмаймиз, ваҳоланки, энг аввало улар учун бизнинг зиммамизда бир қанча ҳақлар бор: кўрганда салом бериш; маслаҳат сўраса, тўғрисини айтиш; акса урса, жавоб қайтариш; касал бўлса, зиёрат қилиш; вафот этса, жанозасига қатнашиш ва ҳоказолар.
Улуғ саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу айтадилар: “Бир пайтлар ўз динор ва дирҳамига мусулмон биродаридан кўра ҳақли эмас эдик. Ҳозир эса мусулмон биродаримиздан кўра динор ва дирҳамларимиз бизга севимли бўлиб қолди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан эшитганман: “Қиёмат куни қанчадан-қанча қўшнилар борки, қўшнисига ёпишиб олиб: “Эй, Раббим! У мени юзимга эшигини ёпди, яхшилигидан маҳрум қилди”, дейди”, – деганлар” (Имом Бухорий ривоятлари).
Абу Шурайҳ ал-Хузоийдан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтдилар: “Ким Аллоҳга ва Охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин!” (Имом Муслим ривоятлари).
Қўшнилар ўртасидаги яхшиликнинг бир кўриниши – ҳайитларда, қувончли кунлар ва муносиб вақтларда ўзаро ҳадя алмашишдир. Муҳими – қўшнининг ҳадяси нима бўлса ҳам, уни кам кўрмаслик керак бўлади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтадилар, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дедилар: “Эй, муслима аёллар! Қўшни қўшнининг ҳадясини паст санамасин, агарчи қўйнинг туёғи бўлса ҳам” (Имом Муслим ривоятлари).
Оиша онамиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан сўрадилар: “Икки қўшнимнинг қайси бирига ҳадя берай?” У Зот алайҳиссалом: “Эшиги яқинига”, – дедилар (Имом Бухорий ривоятлари). Бу билан ён қўшнининг ҳаққи ўзгаларникидан кўпроқ бўлишини эслатиб қўйдилар.
Ўзаро таом улашиш ҳам қўшнига яхшилик қилишдандир. Абу Зарр разияллоҳу анҳу айтадилар: “Суюкли Пайғамбарим менга буюрганлар: “Шўрва қайнатсангиз, сувини кўпайтиринг, сўнгра қўшниларингиз аҳлига қараб, яхшилик-саховат билан ундан сузиб беринг” (Имом Муслим ривоятлари)
Ўзига тўқ қўшнилар ҳеч қачон қийналган қўшниларни эътиборсиз ташлаб қўймаслиги керак. Қўшнилар зарурий таом ва кийим кечак каби нарсаларга муҳтож бўлиб қолишса, албатта, уларга ёрдам қўлини чўзиш зарур. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ён қўшниси оч эканини билиб туриб, тўқ ҳолида тунни ўтказган киши менга имон келтирмабди” (Имом Табароний ривоятлари).
Мусибат бўлган хонадон аҳлини қариндош ва қўшнилар таом билан йўқлаши ҳам – динимиздаги гўзал суннатлардандир. Жаъфар разияллоҳу анҳу вафот этганларида Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар: “Жаъфарнинг оиласига таом тайёрланглар, уларнинг бошига машғул қилувчи оғир иш тушди” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Динимиз қўшниларга яхшиликка буюриш билан бирга, уларга озор беришдан қайтаради. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар: “Ким Аллоҳ ва Охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин!” (Имом Муслим ривоятлари).
Ҳозирда айрим қўшнилар орасида ер-жой ёки бошқа масалалардаги ўзаро талашишлар оқибатида юзага келаётган хунук оқибатлар динимиз таълимотларига мутлақо зиддир. Бундай хижолатли ишларга барҳам бериш учун қўшнилар ўзаро келишув, ҳурмат, олийжаноблик ва диёнат билан иш тутишлари керак. Шунда Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўладилар, ризқларига баракот киради, ҳаётлари маъноли ва мазмунли кечади. Ҳар куни уруш жанжал бўлган жойда барака, хотиржамлик ва кўнгилхушлиги бўлмайди.
Аллоҳ таоло барчамизга чиройли қўшничилик алоқаларини ўрнатиш ва қўшнилар билан тинч-тотув, аҳил яшашни насиб айласин!
Мусалямов Ҳусанхон,
Наманган шаҳар “Уста Исматуллоҳ” жоме
масжиди имом-ноиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022