Қоронғи режим
Image
Logo
ҲАЖ МОЛИЯВИЙ ИБОДАТ

ҲАЖ МОЛИЯВИЙ ИБОДАТ

Аллоҳга ҳамдлар айтамизки бу йил 10 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси Ҳаж зиёратини адо этиш учун Саудия Арабистонига боришлари мумкин эканлиги айтиб ўтилди, икки йиллик танаффусдан кейин қайта бошланган Ҳаж зиёрати учун Ўзбекистонга 10 865 квота ажратилган. 2019 йилда бу кўрсаткич 7 200 нафар экани таъкидланди. Аввалги йилга кўра квота сезиларлик даражада ошгани юртимиз мусулмонларини қалбига сурур ҳадоя этди. Албатта бунга шукр қилишимиз, ва бу улуғ ибодатни адо этишда, бизларга қулайликларни яратишда саъй ҳаракат қилиб турган раҳбариятларимиз ҳақларига дуода бўлишлик, биз мусулмонларга шу шукримиз сабаб Аллоҳ янада зиёда қилиб берса.

Ҳаж сафарига отланган кишилар зиммаларидаги ҳажнинг фарз, вожиб ва суннат амалларини иложи борича жамоат билан, ўз вақтида адо этишга ғайрат қилишлари – муборак динимиз кўрсатмаси ва шариатимиз талабидир. Кўпроқ Қуръон тиловати, нафл ибодатлар, зикр ва истиғфор айтиш, ёрдамга муҳтож кишиларга кўмак бериш каби савобли ишларни қилишлари зарур.

Яна сафар давомида иложи борича билимдон ва солиҳ кишиларга йўлдош бўлиш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия қилган дуоларни ёдлаб, ўқиб юришга интилиш ҳам мақбул амаллардандир. Ҳаж давомида ғийбат, бекорчи гаплар, ишбоши ва ҳамроҳларга тил билан озор беришдан сақланиш шарт. Зеро, Ҳарами шарифга кирган, эҳром ўраган ҳар бир ҳожи уруш-жанжал, беҳаё сўзлар, ўзгаларни ҳақорат қилишдан ҳазар қилиши керак. Ҳатто, майда жониворларни ўлдириш, Ҳарамдаги ўт-ўланларни юлиш мумкин эмас. Бу ишлар ҳажда “жиноят” деб ҳисобланади. Модомики, кичик ҳашарот, ўт-ўланга зарар етказиш “жиноят” экан, ташкилотчилар ва ҳамроҳларнинг қалбини аччиқ сўзлар билан жароҳатлаш, дилини оғритиш ва хафа қилиш икки карра “жиноят” эмасми?! Бу ҳақда муборак сафарга чиқишдан олдин яхшигина ўйлаб кўришимиз керак.

Ҳаж ибодатининг замирида тинчлик ва ҳамжиҳатлик ғояси мужассам. Бутун дунё мусулмонлари бир маконда йиғилиб, яратганга жам бўлган ҳолда ибодатлар қиладилар. Демак, ҳаж ибодати мўмин-мусулмонларни тинчлик, осойишталик ва эзгулик йўлида ҳамкор бўлишлари лозимлигини ҳам англатади.

Давлатмиз раҳбари фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, жумладан, уларнинг муборак ҳаж амалларини адо этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида мунтазам ғамхўрлик қилиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Муборак ҳаж зиёратига борувчиларга ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги Қарори ана шу эзгу мақсадларга қаратилган. Бунда Дин ишлари бўйича қўмита, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон ҳаво йўллари ва бошқа кўпгина мутасадди ташкилотлар беғараз ёрдамлари билан яқиндан кўмак бермоқдалар.

Аллоҳ таоло барчамизга Ўзининг сўнгги дини бўлмиш Исломнинг бешинчи фарзи – ҳаж ибодатини бекаму кўст адо этишни насиб айласин, бу хайрли ишга бош-қош бўлаётган барча азизларимизни улкан ажру савоблар билан мукофотласин, Амин.

Маъруфхон Алоходжаев,

Наманган шаҳар "Абдулқодир қори" жоме масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг