Қоронғи режим
Image
Logo
ҲАЖ МУБОРАК ИБОДАТДИР

ҲАЖ МУБОРАК ИБОДАТДИР

Маълумки, ҳаж амали – Ислом динимизнинг беш асосий фарзларидан биридир. Ҳаж – молиявий ва жисмоний ибодат бўлиб, қодир бўлган мўмин-мусулмон киши умрида бир марта адо этиши фарздир.

Луғатда “ҳаж” – “ҳурматли нарсанинг зиёратини қасд қилиш”дир.

Шариатимизда “ҳаж” – “белгиланган жойларда, муайян вақтларда махсус амалларни бажариш”дир (“Нурул изоҳ”).

Ҳаж ҳижрий сананинг тўққизинчи йилида фарз бўлди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўнинчи ҳижрий йилда ҳаж қилдилар.

Ҳажнинг фарзлиги Қуръони карим, суннати шариф ва ижмоъ билан собит бўлган. Ҳаж қилмоқчи бўлган шахс балоғатга етган, ақли расо, соғлом, сафар харажатларига қодир, ҳажга бориб келгунига қадар ўз қарамоғидагиларни нафақа билан таъминлаган бўлиши керак. Йўллар очиқ ва бехатар бўлиши ҳам шарт қилинади. Аёл кишига эса – юқоридаги шартлар билан бирга эри ёки бирор маҳрами ҳамроҳ бўлиши лозим. Кимда мана шу шартлар топилса, унга ҳаж фарз бўлади. Қуръони каримда ҳажнинг фарзлиги ҳақида шундай дейилган:

“Унда аниқ аломатлар – «Мақоми Иброҳим» бордир. Унга (Каъбага) кирган киши омонда бўлур. Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир. Кимда-ким (буни) инкор этса, бас, албатта, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир” (Оли Имрон сураси, 97-оят).

Ҳажнинг фарзлигини билдирадиган бир қанча ҳадислар ривоят қилинган. Жумладан, “Ислом беш нарса устига бино қилинган...” (Муттафақун алайҳ), ҳадисида ҳажнинг фарзлиги очиқ баён қилинган. Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай буюрадилар:

“Ҳаж қилинглар! Чунки ҳаж худди сув кирни ювгани каби гуноҳларни ювади”(Имом Табароний ривояти).

Ҳажнинг ва умранинг ўзига хос машаққати ва сарф-харажатлари бор, уларнинг мукофоти ҳам шунга яраша улуғдир. Бу ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:

 “Бир умра билан (кейинги) умра – орадаги гуноҳларга каффоратдир. Мабрур ҳажнинг мукофоти – фақат жаннатдир” (Муттафақун алайҳ).

Яна шуни таъкидлашимиз лозимки: Саудия ҳукумати томонидан бу йилги ҳаж ибодатини адо этиш учун хорижий ва маҳаллий фуқароларга қўйилган талабалар:

Биринчидан, Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазирлиги томонидан қўйилган қатъий карантин талабига кўра, “Ҳаж-2022” мавсумида иштирок этиш ёш чегараси 65 ёшгача этиб белгиланди. Ушбу ёш чегарасига 1957 йил 30 июнь кунигача туғилган инсонлар киради. Кези келганда, шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ёш чегараси билан боғлиқ мазкур тартиб – Ўзбекистон томонининг эмас, балки Саудия Арабистонининг қатъий талаби ҳисобланади.

Иккинчидан, бўлажак ҳожилар Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги талабига кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тасдиқланган Pfizer/BioNTech (АҚШ-Хитой), Oxford-AstraZeneca (Буюк Британия-Швеция), Moderna (АҚШ) ва Johnson & Johnson (АҚШ) вакциналарининг тўлиқ дозасини қабул қилган бўлишлари шарт;

Учинчидан, барча зиёратчилар Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги талабига кўра, менингитга қарши 4 валентли вакцинани қабул қилган бўлиши зарур;

Тўртинчидан, барча фуқаролар Саудия Арабистонига киришдан 72 соат олдин коронавирус диагностикаси ҳақида салбий натижали ПЗР маълумотномани тақдим этишлари лозим.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, ҳожи бўлиш – шараф, шу билан бирга катта масъулият ҳамдир. Чунки уламоларимизнинг айтишларича, ҳажнинг қабул бўлиш ёки бўлмаслиги ҳожининг уйига қайтганидан кейинги амалларидан билинади. Демак, ҳожиларимиз юртимизга қайтганларида билим-маърифат, чиройли хулқ, одоб-ахлоқ ва барча эзгу ишлар ва гўзал феъл-атворда ҳаммага намуна бўлишлари лозимдир.

Муҳаммад Айюб Фахруддинов,

Тўрақўрғон тумани "Абдулваҳҳоб" қори жоме масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг