Қоронғи режим
Image
Logo

ИНСОННИНГ МАЪНАВИЙ ОЛАМИ ҚАШШОҚ БЎЛСА...

ИНСОННИНГ МАЪНАВИЙ ОЛАМИ ҚАШШОҚ БЎЛСА...

  Мўмин киши ҳар борада вазминлик ва тавозе яшайди. Бироқ тавозе ўзини қийнаш, машаққатга солиш, қулайликдан воз кечиш дегани эмас. Бунда уй жихозлари, яшаш тарзида исрофга йўл қўймасдан, эҳтиёжига кўра иш тутиш назарда тутилади.

  Динимиз кийим-кечак, ейиш-ичиш, умуман, яшаш тарзи билан керилишдан қайтаради: “Сиз (кофирлардан айрим) тоифаларни синашимиз учун бахраманд қилган дунё ҳаёти гўзалликларидан иборат нарсаларга кўзларингизни термултирманг! Роббингизнинг ризқи яхшириоқ ва боқийроқдир” (Тохо сураси, 131-оят).

  Агар дунё аҳлига кўз-кўз қилишга арзигулик бирор неъмат берилган бўлса, буларнинг барчаси синов. Зеро, дунё матолари суянса, ишонса бўладиган нарса эмаслиги хадиси шарифларда атрофлича баён этилган .

  Имом Абу Довуддан ривоят қилинади: “Бир куни саҳобаи киром ўзаро дунё бойликлари ҳақида суҳбатлашиб ўтиришган эди. Шунда Пайғамбаримиз (алайхиссалом): “Хабарингиз бўлсин, ўртача хаёт имондандир, ўртача ҳаёт имондандир”, дедилар”, бу ерда келган “ўртача” сўзини олимлар дунё матосига хирс қўймаслик, хашамдан қочиш деб таърифлашади. Демак, имон хашамдан қочишни тақозо қилади. Чунки хашам хаддан ошишга сабаб бўлади.

  Динимиз тарғиб қилаётган ўртача ҳаёт нима ўзи? Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Эркакми ё аёлми-кимдаким мўмин бўлган холда бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ҳаёт баҳш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (Нахл сураси, 97-оят).

  Бу ўрида “ёқимли ҳаёт”дан мурод моддий тўкин-сочинлик эмас, хотиржам, покиза хаётдир. Яъни одам мехнат қилади, югуриб-елади, машаққат тортади, бироқ қалбини хотиржамлик тарк этмайди. Ўртача ҳаётни хохловчилар ана шундай хузурга эришади. Бу хотиржамликнинг молу давлат билан боғлиқ жойи йўқ. Чунки ички олами бой кишининг ташқи кўриниш билан мақтанишга эҳтиёжи бўлмайди. Қалб гўзаллашган сари дунё матохлари жозибасини йўқотиб бораверади.

  Бироқ, кузатсак, давримиз одамларининг аксарияти ҳар борада роҳат-фароғатни кўзлаётганига гувоҳ бўламиз. Нега шундай?

  Бунга асосий сабаблардан бири жамият онгига катта таъсир ўтказаётган оммавий ахборат воситалари кечаю кундуз ўйин-кулгу, кўнгилҳушлик, нафсоний ҳавасларга тобе хаёт тарзини тарҳиб этаётганидир.

  Ҳалол-ҳаромни ўйламай, тоғ-тоғ бойликлар, чексиз рохатлар ортидан қуваётганлар, хотиржамлигини, ҳаловатини йўқотади. Бир ривоятда айтилишича, хасис киши умр бўйи ишлаб, кейинчалик роҳат-фароғатда яшайман, дея бойлик тўплайди. Бироқ хали кўзлаган маблағини жамғармай туриб ёнига ўлим фариштаси келади. Умри тугаганини айтади. Надоматда қолган хасис бутун бойлиги эвазига бир соатгина вақтини сотиб олмоқчи бўлади. Лекин бунга эриша олмайди. Инсоннинг маънавий олами қашшоқ бўлса, ҳеч қачон узун, пуч орзу-хаваслардан қутилаолмайди. Ҳатто ўлим соати келганида ҳам нафсининг хохишлари тугамайди...

Одилхон Абдурахманов,
Наманган шаҳри “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг