Инсонни хотирлаш буюк амал.

Аждодлар руҳига ҳурмат халқимизнинг энг олий фазилатларидан биридир. Ўзбек халқи ватани, халқининг фаровонлиги, тинчлиги йўлида жонини фидо этган фарзандларини ҳеч қачон унутган эмас. Ислом дини инсон наслини мукаррам санайди, Аллоҳнинг махлуқотлари ичидаги энг азизи ва эҳтиромга муносиби деб баҳолайди. Инсон азиз ва мукаррам экан, унинг ёши ҳам, қариси ҳам, аёли ҳам, эркаги ҳам баробар қадр-қимматга эгадир. Хотира ва қадрлаш тушунчаси чуқур маънога эгадир. Инсоният Иккинчи жаҳон урушида қатнашган, ўша аёвсиз жангу-жадалда қаҳрамонларча ҳалок бўлганлар хотирасини асло унутмайди.
9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади. Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. Ўтганларни, уларнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ халқимизга хос эзгу фазилатлардандир.
Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанглардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, имони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш энг яхши амаллардан ҳисобланади.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Роббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбиларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Роббимиз! Албатта, сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан”, деб марҳамат қилади. (Ҳашр сураси, 10-оят).
Ушбу оят вафот этган кишиларнинг орқаларидан хайрли дуолар билан эслаш, яхши амаллардан эканига далолатдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида: “Бу дунёдан ўтган биродарларингизнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини эслашдан сақланинглар”, деб марҳамат қилганлар.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қачон бирингиз вафот этса, уни ушлаб турманглар. Уни қабрига тезроқ элтинглар. Унинг бош тарафида «Фотиҳа»сини, икки оёғи тарафида «Бақара» сурасининг охирини қабрига ўқисин», деганларини эшитдим».Табароний ва Байҳақий ривоят қилган.
Шундай экан, ўтган аждодларимизни ҳамиша хотирлаб, бизларга қолдириб кетган бой маънавий-маърифий меросларини ўрганиб, ҳаётимизга изчил татбиқ этишиб боришимиз керак.
Қодирхон Азизов,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Косонсой туман бош имом хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022