Қоронғи режим
Image
Logo

Исломда инсоннинг қадри

Исломда инсоннинг қадри

Аллоҳ таоло инсон зотини барча жонзотлардан афзал қилиб яратган. Ҳатто фаришталарини ҳам ҳазрати Одам алайҳиссаломга таъзим қилишга буюрган. Аллоҳ таоло одамзодга бутун борлиқни бўйсундириб қўйиш билан бирга, барча мавжудотларни инсон манфаатига хизмат қилдириб қўйган. Қуёш айнан инсонни иситиб, ер юзида ҳаётни таъминлаш учун нур сочса, тунда инсонлар учун ой зиё сочади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси 70-оят).

Ушбу маънога Қуръони каримда қуйидагича ишора қилинади: “(Эй, инсонлар!) Аллоҳ осмонлар ва Ердаги барча нарсаларни сизларга бўйин сундириб қўйганини ва сизларга барча зоҳирий ва ботиний (моддий ва маънавий) неъматларини комил берганини кўрмадингизми?!” (Луқмон сураси 20-оят).

Аллоҳ таоло Ўз иродаси ва қудрати ила инсонни ақлли қилиб яратди. Шунинг учун ҳам динимиз ақл ривожи ва тараққиётига катта аҳамият беради. Зеро, Қуръони каримнинг жуда кўп ўринларида  инсонлар ақл юритишга, фикрлашга, назар солиш ва ибрат олишга ундалади. Ақл юритмайдиган кишилар эса, қаттиқ танқид остига олинади: “Аллоҳнинг наздида жонзотларнинг энг ёмони бу ақлни ишлатмайдиган “кар” ва “соқов”лардир”, – дейилган (Анфол сураси 22-оят). 

Фаришталарни Аллоҳ таоло фақат тоат-ибодат ва баъзи махсус вазифаларни адо этиш учунгина яратган. Шунинг учун уларда ақл бору, лекин нафсу ҳаво йўқ. Ҳайвонотда эса нафсу шаҳват бору, лекин ақл йўқ. Аммо одамзодда ақл ҳам бор, нафсу шаҳват ҳам бор. Ақл уни тўғри йўлга, савобли ишларга бошласа, фаришталардан ҳам олий мақомда бўлади. Агар инсон ақлини ишлатмаса, Роббисининг кўрсатмаси асосида ҳаёт кечирмаса, ҳайвондан ҳам тубан бўлиб кетади. Буни ҳозирги замонимизда айрим юртларнинг ғайри инсоний муносабатларни ҳам маъқуллашидан гувоҳи бўлиб турибмиз.

Ислом динига кўра барча инсонлар баробар, бир-бирларига биродардирлар. Улардан бири бошқасидан ҳеч нарсада – на бойликда, на мансабда, на чиройи, на хушбичим гавдаси билан, на жамиятда тутган ўрни билан устун бўла олади. Аллоҳ наздида инсонларнинг энг улуғи фақат Унинг ўзидан қўрқадиган тақводорларидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир(Ҳужурот сураси 13-оят).

Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таоло инсониятни қанчалар азизу мукаррам қилиб яратган бўлса, одамизот шу қадр қимматини сақлаши, Роббиси уни нима учун яратганини мулоҳаза қилиб, Унга ибодат қилиши ҳамда ер юзини обод қилиши лозим. Бунинг учун эса, Аллоҳ таолони таниши, У Зот буюрганидек ҳаёт кечириши, ўзи учун керакли бўлган фойдали илмларни эгаллаши керак.

 

Анвархон АКРАМОВ,
Наманган шаҳар “Мулла Бозор Охунд” жоме
масжиди имом-ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг