Исломда шумланиш йўқ

Инсонлар одатда турли нарсалардан: қушлар, исмлар, турли сўзлар, жойлар, шахслар ва бошқа нарсалардан шумланадилар. Инсон диний ёки дунёвий бирон ишга азм-қарор қилса, сўнг унга ёқмайдиган бирон нарсани кўрса ёки эшитса, бу унга икки хил таъсир қилади. Ё кўрган ёки эшитган нарсасидан таъсирланиб, шумланиб азму қарор қилган ишидан қайтиши, қалби ўша ёмон нарсага боғланиб қолиши ва бу унинг иймонига таъсир қилиб, тавҳиди ва Аллоҳга бўлган таваккулига путур етказиши мумкин. Ёки шумланиш оқибатида қилишга қарор қилган ишидан қайтмасада, бироқ шумланиш қалбида ғам-ғусса, ғашлик, васваса ва тушкун кайфият қолдириши мумкин. Кимда ким қалбида мазкур ҳолатни ҳис қилса, жон-жаҳди билан уни даф қилишга киришиши, Аллоҳдан мадад сўраб, Унинг ўзига таваккул қилиши ва азму-қарор қилган ишида давом этавериши, шунингдек, бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатган қуйидаги дуо билан Аллоҳга илтижо қилиши лозим: “Аллоҳумма ла яътий бил-ҳасанаати илла анта, вала ядфаус саййиаати илла ант. Ва ла ҳавла вала қуввата илла бик”. Абу Довуд (3919) саҳиҳ санад билан ривоят қилган.
Маъноси: “Эй Аллоҳ, яхшиликларни фақат ўзинггина келтирурсан, ёмонликларни фақат ўзинг даф қилурсан. Агар Сен бўлмасанг мен учун на бир ҳолатдан бошқасига ўтиш ва на у ҳолатда давом этиш учун қувват бор”.
Шумланиш бу эски дард. Аллоҳ таоло ўтган кофир умматлар халойиқнинг энг саралари бўлмиш пайғамбарлар ва уларга эргашган мўминлардан шумланганларини зикр қилади. Фиръавн ва унинг қавми уларга бирон мусибат етгудек бўлса, Мусо алайҳиссалом ва унга иймон келтирганлардан шумланар эдилар. Шунингдек, Солиҳ алайҳиссалом қавми ҳам унга қарата: “Сен ва сенинг тарафдорларингдан шумландик!” [Намл:47], деган эдилар. “Қишлоқ аҳли” (Антокия) Аллоҳнинг пайғамбарларига шундай деган эдилар: “Ҳақиқатан бизлар сизлардан шумландик (сиз ҳақингизда бадгумондамиз). Қасамки, агар (бу сўзларингизни) тўхтатмасангизлар, албатта, сизларни тошбўрон қилурмиз ва сизларга биз томондан бир аламли азоб етар” [Ёсин: 18].
Яна Аллоҳ таоло хабар қиладики, мушриклар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам шумланган эдилар: “Борди-ю, бирон ёмонлик етиб қолса, “Бунга сен сабабсан”, дейдилар” [Нисо: 78].
Ҳа, мушрикларнинг дини бир. Уларнинг қалблари ва ақллари тескари бўлиб қолган, йўқса яхшилик манбаи бўлган пайғамбарлардан ҳам шумланадиларми?! Бунга сабаб, уларнинг дилларида залолат мустаҳкам ўрнашгани ва фитратлари тескари ўгирилиб қолганидир. Аслида яхшилик ва ёмонликнинг ҳар бири Аллоҳнинг қазо-қадари ила юз беради, Унинг илми ва ҳикматига мос равишда марҳамат ёки адолат юзасидан жорий бўлади. Яхшилик Аллоҳ томонидан марҳамат ва тоат-ибодатга берилган мукофот бўлса, ёмонлик Аллоҳдан келган адолат ва гуноҳ-маъсиятларга кўрсатилган жазодир. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй инсон), сенга етган ҳар қандай яхшилик фақат Аллоҳдандир. Сенга етган ҳар қандай ёмонлик эса ўзингнинг қилмишинг сабабдир” [Нисо: 79].
Шумланиш ширкдир. Негаки, шумланиш Аллоҳдан ўзгага кўнгил буриш, на фойда ва на зарарга молик бўлган бир мавжудотдан зарар етади, деб эътиқод қилишдир. Қолаверса, шумланиш шайтон қутқуси, васвасаси бўлиб, қалбдан қўрқув ва хавотир ила содир бўлади. Шумланиш таваккулга зид бўлган ишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шумланишдан огоҳлантирган ҳолда айтган қуйидаги сўзларига қулоқ тутинг. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда у зот шундай дейдилар: “Юқиш йўқ, шумланиш йўқ, бойўғли йўқ, сафар йўқ”. Бухорий (5316) ривояти. Ҳадисда “Юқиш йўқ”, дейилар экан, мутлақ юқиш инкор қилинмаган. Негаки, ундан бошқа ҳадислардан, шунингдек, воқеликни кузатишдан юқиш борлиги ўз исботини топган. Ҳадисда касалликнинг бошқаларга ўтиши, уларга ҳам таъсир қилиши учун юқиш мустақил омил бўлиши инкор этилган. Касаллик ёлғиз Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билан бошқаларга ўтади, юқиш эса бир сабаб, холос. “Бойўғли йўқ”: бу сўзни уламолар икки хил изоҳлашган. Биринчиси, араблар бир инсон қатл қилинса, унинг суяклари ёки руҳи бойўғли суратига кириб, то ўчи олинмагунча ҳар ерда учиб, қичқириб юради, деб эътиқод қилишган. Иккинчиси, айрим араблар эътиқодига кўра, агар бойўғли бирон кимсанинг уйига келиб қичқирса, унга ўлим тилаётган ва бу унинг ажали яқин қолганига далолат қилган. Мазкур икки эътиқоднинг ҳар иккиси ботил эътиқоддир. “Сафар йўқ”: сафар – барчага маълум ҳижрий қамарий ойлардан бирининг номи. Араблар бу ойдан, хусусан унда никоҳланишдан шумланишган. Баъзи уламоларнинг айтишича, сафар туянинг қорнидаги юқумли касаллик бўлиб, араблар бу касалликдан шумланишган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Юқиш ҳам, шумланиш ҳам йўқ. Менга фол ёқади”. (Саҳобалар): “Фол” нима, эй Расулуллоҳ?”, дейишди. “Ёқимли сўз”, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам”. Бухорий (5776) ва Муслим (2224) ривоят қилишган.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Шумланиш ширкдир, шумланиш ширкдир (уч бор)”. Абу Довуд (3910), Таёласий (356), Аҳмад (1/304, 358, 440), Бухорий “Ал-адабул муфрад”да (909), Термизий (1614), Ибн Можа (3538), Абу Яъло (5219), Таҳовий “Ал-мушкил”да (1/358, 2/304), Ҳоким (1/17, 18), Байҳақий (8/139) ва Бағавий (3257) ривоят қилишган. Ҳадис санади саҳиҳ, ровийлари ишончли.
Муовия ибнул Ҳакам розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай дейди: “Ичимизда шумланадиган одамлар бор”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Бу (шумланиш) сизлардан бирингиз шунчаки кўнглида ҳис қиладиган нарса. Шундай экан, у сизларни қилмоқчи бўлган ишингиздан тўсиб қўймасин”. Муслим (537) ривояти.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар бердиларки, инсоннинг бирон нарсадан шумланиши ва озорланиши аслида фақат унинг дилида ва эътиқодида бўлади, шумланишга сабаб бўлган нарсанинг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Кимсанинг хомхаёли, хавотири ва ширки уни шумланишга олиб боради, кўрган ёки эшитган нарсасини деб қилмоқчи бўлган ишидан қайтаради. Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматига шумланишнинг ботил эканини баён қилдилар. Токи одамлар яхши билсинларки, Аллоҳ таоло шумланишни бирон нарсага далолат қиладиган белги-аломат қилмади, улар қўрқадиган ёки эҳтиёт ва огоҳ бўладиган нарсалар учун сабаб ҳам қилмади. Бандалар Аллоҳнинг бирлиги ва тавҳиди билан қалблари хотиржам ва диллари таскин топиши лозим. Зеро, Аллоҳ таоло тавҳидни рўёбга чиқариш учунгина пайғамбарлар юборди, китоблар нозил қилди, осмонлар ва ерни яратди. Тавҳид сабаб Аллоҳ мўминлар қалбидан ширк риштасини кесди. Кимда ким тавҳид ҳалқасини маҳкам тутса, унинг пишиқ ва пухта арқонига осилса, Аллоҳга таваккул қилса, ўшанда шумланиш фикри қалбга киришидан, қалбда тўлиқ шаклланишидан олдин унинг илдизига болта уради. Икрима роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ибн Аббоснинг ҳузурида ўтирган эдик. Шу пайт бир қуш қичқирганча учиб ўтди. Ўтирганлардан бири: “Яхшилик, яхшилик”, деди. Шунда Ибн Аббос: “Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам эмас!”, деди”. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо қуш овозининг яхшилик ёки ёмонлик ҳосил бўлишида бирон таъсири бор деган эътиқод пайдо бўлмаслиги учун унга дарҳол раддия берди. Шунингдек, бошқа ҳар қандай мавжудотлар ҳам ўзича бирон фойда ёки зарар келтиролмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги ҳадисда “менга фол ёқади”, деб, сўнг уни “ёқимли сўз”, деб таъриф этдилар. Негаки, яхши сўздан таъсирланиш Аллоҳга яхши гумон қилишдир. Зеро, банда Аллоҳга яхши гумон қилишга буюрилган.
Шумланиш эса Аллоҳга ёмон гумон қилиш, бало-кулфат келишини тахмин қилишдир. Шунинг учун улар иккисига фарқли ҳукм қилинди. Одамлар яхшиликни Аллоҳдан умид қилар эканлар, қалбларини У зотга боғлайдилар, Унга таваккул қиладилар, Аллоҳдан умидларини уздиларми, демак, бу ёмонлик ва Аллоҳдан ўзгага кўнгил буриш саналади.
Имом Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: “Яхши сўзнинг инсонга ёқишида бирон ширк йўқ. Балки бу инсоний табиат ва фитратнинг инъикоси бўлиб, инсон фитрати доимо ўзига мос ва муносиб келган нарсага мойил бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига хабар берганидек, у зотга дунё матоларидан аёллар ва хушбўйликлар суюкли қилинган, ширинлик ва асални хуш кўрар, чиройли овоз билан ўқилган Қуръон ва чақирилган азонни яхши кўриб тинглар, шунингдек, гўзал хулқлар ва мақтовга сазовор хислатларни севар эдилар. Умуман олганда, ҳар қандай камолот ва яхшилик ҳамда улар иккисига элтувчи хулқ ва хислатларни ёқтирар эдилар. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсонларнинг хилқати ва табиатини чиройли исмни эшитишни ёқтирадиган, яхши кўрадиган, кўнгил унга мойил бўладиган, шунингдек, нажот, тинчлик, омад, қутлов, башорат, ютуқ, зафар каби сўзларни эшитиш билан шодланадиган, хурсанд бўладиган ва кўнгил кўтариладиган қилиб яратган. Бу каби сўзлар қулоққа чалинса, инсоннинг дили шодланади, кўнгил яйрайди, қалб қувватга энади, аксинча, бу сўзларнинг тескарисини эшитиш билан юқорида зикр қилинган ҳолатнинг ғирт акси юз беради: қалбда қайғу пайдо бўлади, инсон қилмоқчи бўлиб турган ишига нисбатан юрагида ғулғула, қўрқув, шумланиш ва ортга тисарилиш вужудга келади. Буларнинг бари инсон учун дунёсида зарар, иймонида эса ноқислик қолдиради, ширкка қўл уришига сабабчи бўлади…” (Иқтибос тугади).
Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Кимни шумланиш ўз ишидан қайтарса, ширк келтирибди”. Саҳобалар айтдилар: “Бунинг каффорати нима?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Унинг каффорати мана бундай дейишдир: “Ла хойра илла хойрук, вала тойра илла тойрук, вала илааҳа ғойрук”. Имом Аҳмад (2/220) ривоят қилган.
Маъноси: “Эй Аллоҳ, Сенинг яхшилигингдан ўзга яхшилик йўқ, ҳеч қайси мавжудот ўзича бирон шумлик ва зарар келтиролмайди, шумлик ва зарар келтирадиган ҳам Ўзингсан ва Сендан ўзга илоҳ йўқ”.
Мазкур ҳадисдан маълум бўладики, шумланиш уни ёмон кўриб, ўз йўлида давом этган кишига зарар бермайди. Аммо Аллоҳга холис таваккул қилмай, шумланиш масаласида шайтоннинг васвасасига учган киши гоҳо қалбидаги ҳадик – ўзи ёмон кўрган ишнинг бошига тушиши билан жазоланиши мумкин. Негаки, у Аллоҳга чинакам иймон келтиришдек фарздан юз ўгирди. Аллоҳ таолодан бизларга чинакам иймон неъматини беришини, фақат Ўзигагина таваккул қилишимизни насиб қилишини, бизларни ёмонлик ва ширк йўлларидан сақлашини сўраб қоламиз. Зеро, Аллоҳ илтижоларимизни эшитувчи, дуоларимизни ижобат қилувчи зотдир.
Манбаалар асосида тайёрланди
Наманган тумани “Халил Ҳожи” жоме
масжиди имом хатиби Ҳафизов Шамсуддин
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022