Қоронғи режим
Image
Logo
ИСРОФГАРЧИЛИКДАН САҚЛАНАЙЛИК!

ИСРОФГАРЧИЛИКДАН САҚЛАНАЙЛИК!

Аллоҳ таоло инсонга беҳисоб неъматлар берган, У инсон ўзига берилган неъматларни дунё ва охират ҳаёти учун фойдали бўлган йўлда ишлатмоғи лозим. Аллоҳ таоло бизларни риёкорлик, хўжакўрсинлик, исрофгарчилик, манмансирашлик каби ножоиз ишлардан тийилиб, барча ишларимизни меъёрида қилмоғимизни ва ҳаддан ошмаслигимизни талаб қилади. “Шунингдек, енглар ва ичинглар, (лекин) исроф қилмангизлар! Зеро, У исроф қилгувчиларни севмайди”, дейилган, (Аъроф, 31). Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иқтисод қилган кимса камбағал бўлмас, маслаҳат қилган пушаймон бўлмас”, деганлар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда ўзи яхши кўрган бандаларининг сифатини баён қилганда, шулар орасида исрофгарчиликка йўл қўймайдиган кишиларни ҳам зикр қилиб ўтган. Яъни: “Улар инфоқ қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар”, (Фурқон, 67).

Маълумки, мол-дунё ўз-ўзидан келмайди. Бунинг учун тинимсиз меҳнат қилмоқ керак. Лекин инсон баъзан меҳнат қилиб топган бойлигини ножўя сарфлаб, танг аҳволга тушиб қолади ва исрофгарчиликка йўл қўйгани боис Аллоҳ таолонинг олдида ҳам гуноҳкор бўлади.  Менга бойлик бериб қўйилибди, дея уни ҳар томонга сочавериш, айниқса, буюрилмаган ишларга сарфлаш савоб ўрнига гуноҳ эшикларини очиб юбориши мумкин. Қолаверса, шариатимизда ҳайр-эҳсон ва зиёфат беришга тарғиб қилинишидан мақсад мухтож ва фақирларга моддий ёрдам беришдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислаёрининг бирида “Таомларнинг энг ёмони қорни очлар қолиб, фақат бойлар чақирилган зиёфатдир”, деб марҳамат қилганлар. Сўзимизни охирида хулоса қилиб айтамизки

Азизлар, ортиқча бойлигингиз – маблағингиз бўлса, тиригу ўликка манфаати ва савоби тегсин десангиз, шу маблағлар билан аввало фарзандларингизни, сўнг қавму қариндошлар, ночор яшаётган махалладаги бир муҳтож оиланинг кам-кўстини қилиб бериш, ўқиш ҳаққи (контракт) пулини тўлай олмаётган бир талабага ёрдам қўлини чўзиш, уйланиш учун маблағ топа олмаётган бир ёш оиланинг мушкулини осон қилиш ёки маҳалла кўйларда бўлсангиз кўприк ва йўллар каби ҳалқнинг эҳтиёжи тушадиган нарсаларга маблағларингиз билан ёрдам беринг. Имом Аъзамнинг ғоят ибратли бир гаплари бор: “Ҳайр (яхшилик) ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай ҳайр йўқдир”.

 

Маъсумхон Турғунов,
 Наманган шаҳар “Шайх эшон” жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг