Кўчат экинг, боғ бўлсин. Зеро яхшидан боғ қолади.

Динимиз ҳар бир соҳа қатори табиатга ҳам ўз муносабатини билдирган. Динимизни назаридан четда қолган ёки эътибор қилинмаган бирор соҳа йўқдир. Бугунлик кунимизда катта эътибор қаратилаётган кўкаламзорлаштириш ишларига ҳам аввалдан ўз муносабатини билдириб, ер юзини обод қилишга буюриб келган ва ўз ўрнида буни савобли амаллар қатори хисоблаган.
Шунинг учун ҳам кўчат экиб боғ барпо этиш, атроф-муҳитни тоза-озода сақлаш нафақат динимиз балки, халқимизнинг асрлар синовидан ўтган миллий қадриятларидан бирига айланган. Зеро, бежизга аждодларимиз оилада янги туғилган ўғил болага атаб ерга ниҳол қадамаган. Чунки бу ниҳол кун келиб ўғил бола уйланиши арафасида унинг учун янги уй қуришда ишлатилган.
Муқаддас динимиз ҳам Ер юзини обод қилишга буюрган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига кўчат экишга тарғиб қила туриб, бундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Имом Бухорий ривояти).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар бир муслим банда кўчат ўтқазса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадис кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти нечоғли улуғ эканига далолат қилади ва кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савобларидан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки, вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради. Қиёмат кунигача садақаи жория сифатида банда фойдасига хизмат қилади.
Бундай ажр-савобларга эга бўлишимизга сабаб шуки, биз ҳаёт фаровонлиги, мўминлар манфаат олишлари, қолаверса, табиатнинг янада кўркам бўлиши учун ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир киши Дамашқ кўчаларининг биридан ўтаётса, кўчат экаётган одамга кўзи тушибди ва унга: “Нега бу ишни қиляпсиз, ахир, сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидансиз-ку?” дебди. Шунда у киши: “Шошмагин, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир кўчат экса, ундан одам ёки Аллоҳ яратган махлуқотлардан биронтаси еса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади”, деганларини эшитганман”, дебди» (Имом Аҳмад ривояти).
Ерга ниҳол қадаш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этаётганини даврнинг ўзи кўрсатиб турибди. Чунончи, ўтган йил ноябрь ойининг 3–5 кунлари юртимизда кузатилган чанг бўрони фикримизни тасдиқлайди.
Дарахтлар, гуллар ва турли ўсимликлар бу Аллохнинг мўжизасидир. Хар бир яратилган мавжудот ўз холида Роббисига ибодат қилади, тасбех айтади. Наботот оламининг тасбехи уларнинг яшнаб, кўкариб туришидир. Хар яратилмиш каби ўсимликлар хам нафас олиши яъни табиатдаги зарарли газларни ютиб инсонларга фойдали хаво мухитини яратилишида хизмат қилади ва танасида бир қанча табиий ва турли офатларга тўсиқ бўлади. Бунга кўп ўринларда гувох бўлганмиз. Аллох таоло барча нарсаларни инсонга хизмат қилдириб қўйганига яна бир карра амин бўлишимиз таъйин.
Мухтарам азизлар халқимизда " Яхшидан боғ қолади, ёмондан эса доғ" деган нақл бор. Хар биримиз бундай савобли амални қилишлик билан ўзимиздан боғ қолдирайлик.
Ғиёсиддин Тожимирзаев,
Учқўрғон туман “Байтул муқаддас” жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022