Қоронғи режим
Image
Logo

Кўчат экиш савоби улуғ

Кўчат экиш савоби улуғ

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар бир муслим банда кўчат ўтказса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади” (Муслим ривояти).

Бу ҳадис кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти нечоғлик улуғ эканига далолат қилади ва кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савоблардан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, қиёмат кунигача садақаи жория сифатида банда фойдасига хизмат қилади. Демак, киши эккан дарахти бошқалар томонидан истеъмол қилинса ҳам, гарчи ўша дарахт вақт ўтиб ўзга одамнинг мулкига айланса ҳам, унинг ҳаққига савоб ёзилиб турилар экан.

Кишининг бундай ажр-савобларга мушарраф бўлишига сабаб шуки, у ҳаёт фаровонлиги, мўминлар манфаат олишлари, қолаверса табиатнинг янада кўркам бўлиши учун ўз ҳиссасини қўшди. У фақат ўзини ўйламади, балки ён-атрофдаги инсонларнинг ҳам манфаатини ўйлаб иш тутди, яхшиликнинг кўпайишига ёрдам берди. Динимиз Исломда бундай ишлар қадрланади. Ҳикматда айтилади: “Бизлардан олдин ўтганлар кўчат экишди, биз ундан едик. Энди эса, биз экамиз, уни кейинги авлодлар ейди”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига деҳқончилик, хусусан кўчат экишга тарғиб қила туриб шундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин”. (Бухорий ва Аҳмад ривояти).

Демак, кўчат экиш савобли амаллар сирасига кирар, у киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилгандан сўнг ҳам ҳаққига муттасил равишда савоб бориб туришига сабаб бўлар экан. Шундай экан, бизлар ҳам бу эзгу ишдан четда қолмайлик, ободончилик ва фаровонлик йўлида қўлимиздан келган чораларни кўрайлик!

Деҳқончилик ҳаёт таянчи, тириклигимизнинг устунидир. Шунинг учун ҳам аждодларимиз бу касб соҳибларини ҳамиша улуғлаб, ардоқлаб, эҳтиром кўрсатиб келишган, ўзлари ҳам бу йўлда яхши ишларни қилиб кетишган. Масалан, соҳибқирон Амир Темур Самарқанд атрофида Боғишамол, Боғимайдон, Боғибаланд каби бир неча боғларни барпо қилиб, авлодларга намуна бўлганлар. Ғазал мулкининг султони Алишер Навоий эса деҳқонларимиз меҳнатига юксак баҳо бериб, уларни “ризқ йўлини очувчилар” деб таъриф қилганлар. Чиндан ҳам деҳқонлар, халқимиз учун ризқ йўлини очувчи шарафли касб эгаларидир.

 

Хурматали Нортиллаев ,
Чуст тумани "Эшон суфи бобо"
жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг