Қоронғи режим
Image
Logo
МАЗҲАБИМИЗНИНГ БОШҚА МАЗҲАБЛАРДАН УСТУН ЖИҲАТИНИ БИЛАСИЗМИ?

МАЗҲАБИМИЗНИНГ БОШҚА МАЗҲАБЛАРДАН УСТУН ЖИҲАТИНИ БИЛАСИЗМИ?

Ҳанафийлик мазҳаби ислом диёрларида кенг ёйилганлиги мазҳаб имомларининг сидқи, ҳақни  талаб қилишдаги ихлоси ва бу мазҳабнинг салоҳиятига далил бўлади. 

“Дуррул-мухтор”да шундай келади: “Имом Абу Ҳанифанинг маноқибларига мазҳабларининг машҳурлиги етарлидир”.  Ҳанафийлик мазҳабининг бошланиши шайхлари Ҳаммод вафот этганларидан кейин имом Абу Ҳанифанинг дарс бериш, фиқҳ ва фатво билан шуғулланишга ўтган кунларига бориб тақалади. Гарчи мазҳабнинг илдизлари олдинроққа бориб тақалсада, пайдо бўлиши 120-ҳижрий санада бўлган.

Мазҳаб имомлари ҳамда уларга эргашган издошларидан   ҳеч бири ҳадиси шарифдан ташқарига чиқмаган. Ҳадиси шариф турганда, ўз раъйлари ва фикрларини илгари сурмаган. Бу ҳанафий мазҳабида яққол ўз ифодасини топган, десак хато бўлмайди.

Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ ўзининг Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг маноқиблари тўғрисида ёзилган “Ал-Хайрот ал-ҳисон” рисоласида бундай деган: 

“Билгинки, уламоларнинг Абу Ҳанифа ва унинг шогирдларини “асҳоби раъй” дейишларидан мақсад, уларни камситиш, уларни ўз раъйларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан ва у зотнинг саҳобаларининг гапларидан устун қўяди, деб нисбатлаш эмаслигини тушунмоғинг лозим! Чунки, улар бундан холидирлар!”

Ҳақиқат шуки, бизнинг ҳанафий мазҳабида бошқа мазҳабларга нисбатан ҳадисга эргашиш ортиқроқдир, ҳаммадан кўра бу мазҳаб соҳиблари ҳадислар маъносини чуқурроқ ва мукаммалроқ тушуниб етадилар. Ҳанафийликнинг асосий манбаси Қуръони каримдир. Ундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари энг асосий манба ҳисобланади. Ҳатто, ҳанафий мазҳабида заиф ҳадис сохталик эҳтимоли бўлган қуруқ қиёсдан устун қўйилган.

Ҳанафийлик мазҳабида заиф ҳадис турганда қиёсга, раъйга ўрин йўқ, заиф ҳадисга амал қилинади. Бу ҳанафий мазҳабининг бошқа мазҳаблардан кўра устунлигини кўрсатади.

Хулоса ўрнида Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг:

“Аллоҳдан ва унинг Расулидан келган нарсаларни бош-у кўз устига қабул қиламиз! Саҳобадан келган нарсаларнинг эса энг яхшисини танлаб эргашамиз!  Уларнинг гапларидан ташқари чиқмаймиз!” деган сўзларини барча маноқиб китобларда кўришимиз мумкин.

Аллоҳ барчамизнинг мазҳабимизда собит туриб, унинг барча ҳукмларига тобеъ бўлиб,  фитна-фасод, буғз-адоватдан узоқда бўладиган умматлардан қилсин!!!

Муҳаммад Аюб Фахриддинов,
 Тўрақўрғон тумани “Абдулваҳҳоб қори” жоме
масжиди имом-хатиби.

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг