Мўмин-мусулмон элга яхшилик қилади

Бугунги кунда бутун дунёда нарх-наволарнинг кўтарилиш ҳолати кузатилмоқда. Бундай синовли кунларда халқнинг кунлик эҳтиёжи тушадиган озиқ-овқат маҳсулотларнинг нархини сунъий кўтариш кишига асло тўғри келмайдиган салбий оқибат саналади.
Албатта, ҳаётда хоҳлайлик, хоҳламайлик кутилмаган қийинчилик ва синовлар учраб туриши табиий, ҳатто яқин йилларда бунданда оғир пандемия, карантин синовларини ҳам бошимиздан ўтказдик. У кунларда юртимиз аҳли сабот-матонат билан туриб берди. Давлатимиз Раҳбари барча имкониятларни барпо қилиб бердилар. Алҳамдулиллаҳ, натижада бошқа давлатларга қараганда юртмизда пандемия енгил ўтишига эришилди.
Одатда юртнинг ризқ-рўзини зиёда бўлиши кўпроқ савдо аҳлига боғлиқ бўлади. Шунинг учун ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам савдо аҳлини одоб-ахлоқига жиддий эътибор қилдилар. Жумладан: Имом Ҳаким Термизий раҳматуллоҳи алайҳ “Наводирул усул фи маърифати аҳодисур Расул” асарида: Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Энг яхши касб савдогарликдир. Агар савдогар ёлғон гапирмаса, омонатга хиёнат қилмаса, ваъдага хилоф этмаса, сотиб олаётган нарсаларини мақтамаса, (ҳаддан ортиқ) қимматга сотмаса, зиммасидаги ҳақни беришни чўзмаса ва ўз ҳақларини олишда ҳам қўпол бўлмаса”, дедилар”.
Демак, савдогарлар ҳалол, омонатдор, яхши инсон бўлишлари учун ушбу ҳадисда айтилган нарсаларга амал қилишлари, жумладан, маҳсулотни ҳаддан ортиқ қиммат сотмасликлари билан айнан Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам таълимларига амал қилган бўладилар.
Ҳазрати Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жалб қилувчи ризқлантирилган, эҳтикорчи (маълум шартларга кўра, маҳсулотни қиммат бўлганда сотиш учун ушлаб турган киши) эса лаънатланган”, деганлар.
“Жалб қилувчи” бошқа юртдан ўз юртига керакли нарсаларни олиб келувчидир. Ким бу ишни қилса, ризқи улуғ бўлади. Аммо ўз юрти бозоридан энг керакли нарсаларни сотиб олиб, ушлаб туриб, сунъий равишда нархни кўтарувчи, натижада одамларга зарар етказувчи лаънатлангандир.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сотганда, сотиб олганда ва ҳаққини талаб қилганда марҳаматли бўлган одамни Аллоҳ раҳм қилсин”, дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоятлари).
Сотиш, сотиб олиш ва ҳаққини талаб қилишда бағрикенг, саховатли бўлиш мақсадга мувофиқдир. Бундай кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг раҳматини сўраганлар.
Мўмин-мусулмон одам кишиларга ёрдам беришга шошилиши, унинг оғирини енгил қилиш пайидан бўлиши, унинг имон аҳлидан эканлигига гувоҳлик беради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бирини аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ таоло унинг бу дунёю охират ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмон айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади. Модомики банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади” (Имом Муслим ривоятлари).
Яна бир жиҳати шуки, динимизда ўзаро муҳаббат, меҳр шафқатга тарғиб қилинади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан энг афзал амал ҳақида сўралганда, у зот: “Таниган ва танимаган одамингга таом ва салом бермоғинг”, деб марҳамат қилганлар. Бошқа ҳадиси шарифда эса мўминлар бир бирларини яхши кўрмагунларича комил мўмин бўла олмаслиги таъкидланган.
Амирал муъминин Умар разияллоҳу анҳу даврларида Мадина аҳлига табиий офат етди. Одамлар маълум вақтда қийинчилик содир бўлди. Шу кунларда тириклигидаёқ жаннат башорати берилган саҳоба Абдурроҳман ибн Авф разияллоҳу анҳунинг катта карвони озиқ овқатлар билан Мадинага кириб келди. Савдогарлар у зотга икки, уч ва унданда кўп баробар фойда беришни таклиф қилдилар. Лекин у зот фурсатни ғанимат билиб, одамларга раҳм шафқат қилиб, бирига етти юз баробар ажр берадиган Аллоҳ таоло йўлида хайру саховат қилишга эришдилар. Бизлар ҳам бугун юртимизни сероб бўлишига тинимсиз дуо қилишимиз сув ва ҳаво каби зарур бўлмоқда.
Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварани сероб бўлишини хоҳлаб, унинг тарозисига баракот сўраб дуо қилганлари ҳадиси шарифларда келтирилган. Шундан келиб чиқиб биз ҳам юртимизнинг тарозиси баракали, Ер ости ва усти ризқимиз кенг, нарх-наволаримиз мўътадил бўлишини сўраб дуо қилишимиз энг улуғ суннатни ижро этишимиз бўлажак. Аллоҳ таоло дуоларимизни Ўз карами ва файзи билан қабул айласин! Омийн Ё Раббал Оламийн.
Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022