РОСУЛУЛЛОҲ ЯХШИ КЎРГАН ХУЛҚ.

Аллоҳ таолонинг амрига итоат этиб ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига иқтидо қилиб, шомил яхшиликка эришган ва гўзал ахлоқда юриб, ҳамида (мақталган) хулқларни ўзларида мужассам этган ва қариндошчилик ришталарини мустаҳкам боғлаган солиҳ бандалари қанчалар ҳам бахтлидирлар. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил», дедилар».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадиси шарифларида учта улкан ишни лозим тутишни насиҳат қилмоқдалар:
1. «Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил». Банда қай маконда, қандай ҳолда бўлмасин, доимо Аллоҳга тақво қилишни тарк этмаслиги лозим.
2. «Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради». Инсон билмасдан бирор ёмонликни қилиб қўйса, дарҳол ўша ёмонликнинг кетидан яхшилик қилиб мазкур ёмонликни ўчириб юбориши зарур.
3. «Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил». Мўмин-мусулмон киши барча одамлар билан ҳусни хулқ ила муомалада бўлмоғи керак.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, мўмин ўзининг ҳусни хулқи ила рўза тутувчи ва бедор бўлувчининг даражасини топадир», деганларини эшитдим» дейдилар" (Абу Довуд, Термизий, Ибн Ҳиббон ва ал-Ҳокам ривоятлари). Кундузларни рўза тутиб, кечаларни тик туриб намоз ўқиган ҳолида бедор ўтказадиган одам қанчалар олий даражаларга эришишини ҳаммамиз яхши биламиз.
Фарз ва вожиб амаллардан кейин қилинадиган энг яхши амаллар ана шундай бўлади. Ҳудди шунингдек, намоз ва рўза каби мажбурият бўлган амалларни бажариб туриб, яна нафл амаллар билан ортиқча савоб топаман, деган одам ҳусни хулқ билан ҳам юқори даражаларга эришмоғи мумкин экан.
Ҳусни хулқ ўз соҳибини бунга ўхшаш улкан савоблар билан бирга, кўпгина яхшиликларга ҳам эриштириши турган гап. Бундай одамни ҳамма яхши кўради ва ҳурмат қилади. Ундан ҳамма мамнун бўлади. У ўзи яшаб турган жамиятнинг кўрки бўлади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак бу дунёга келган инсонлар бир-биримиз билан муомала қилмасдан иложимиз йўқ. Одамларнинг бир-бири билан қиладиган муомалалари худди меҳмонга қиладиган муомаладек ширин ва мулойим бўлиши зарур. Зеро, барчамиз бу дунёда вақтинчалик меҳмонмиз. Аллоҳ таоло барчалариммизни хусни ҳулқ соҳиби бўлишдек бахтдан бенасиб қилмасин.
Илхомжон Юнусов,
Косонсой тумани “Бузрукхўжа” жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022