
СИЛАИ РАҲМ – РИЗҚДАГИ БАРАКА КАЛИТИДИР
СИЛАИ РАҲМ – РИЗҚДАГИ БАРАКА КАЛИТИДИР
Ислом динимизда ўзгаларга яхшилик қилиш, улар билан дўстлик алоқаларини боғлашга буюрилади ва тарғиб қилинади. Хусусан, қариндошлар ўртасидаги яхши муносабатларни мустаҳкамлаш жуда савобли экани, бу ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги илоҳий бурч экани кўп таъкидланади.
“Силаи раҳм” арабча сўз бўлиб, “сила” – боғлаш, “раҳм” – қариндош, яъни “қариндошлик алоқаларини боғлаш”, деган маънони билдиради.
Силаи раҳм қилиш – ўзгаларга нисбатан қариндошларига ғамхўр ва муҳаббатлироқ бўлиш, улардан хабардор бўлиб, моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб туришдир. Қариндошлар ичида бошқаларга нисбатан энг ҳақдорлари ота-она, ака-ука, опа-сингил каби яқин қариндошлардир.
Умуман олганда силаи раҳмни боғлаш динимиз ҳукмига кўра вожибдир. Уни узиш эса катта гуноҳлардан бири ҳисобланади. Бунга уламолар иттифоқ қилишганини Имом Қуртубий ва Қози Иёзлар нақл қилганлар.
Қуръони каримнинг бир қанча оятларида қариндошлик алоқаларини боғлашнинг фазилати ва уни узишнинг ёмонлиги ҳақида сўз юритилган. Жумладан, қуйидаги оятда қариндошликни боғлайдиган кишилар мақталади: “Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар” (Раъд сураси 21-оят).
Аллоҳ таоло бандаларини яхшиликларга буюради ва ёмонликлардан қайтаради. Буюрилган амаллар ичида муҳимларидан бири силаи раҳм қилишдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур” (Наҳл сураси 90-оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу мавзу жуда муҳимлигини таъкидлаб шундай деганлар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қариндошлик алоқаларини боғласин” (Муттафақун алайҳ).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизга силаи-раҳм сабабли ризқнинг мўл-кўл бўлиши, умрнинг узоқ бўлишини уқтирадилар: “Ким ризқи кенг бўлиши, умри узун бўлишини хуш кўрса, қариндошлик алоқаларини боғласин” (Муттафақун алайҳ).
Аллоҳ таолонинг изни билан силаи раҳм, уни боғлаганларни дуо, узганларни дуоибад қилиб туради. Оиша онамиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қиладилар: “Раҳм (қариндошлик) Аршга осилиб: “Ким мени уласа, Аллоҳ уни уласин! Ким мени узса, Аллоҳ уни узсин!”, дейди” (Имом Бухорий ривоятлари).
Силаи раҳмни узиш гуноҳи кабиралардандир. Шуни билиб ҳам ҳеч бир сабаб ва шубҳасиз силаи раҳмни узишни ҳалол санаган, мумкин деб эътиқод қилган киши жаннатга кирмайди. Бу ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: “Кесувчи жаннатга кирмайди”. Суфён раҳимаҳуллоҳ ўз ривоятларида: “Қариндошликни узувчи назарда тутилган”, дейдилар (Муттафақун алайҳ).
Юқоридаги ояти карима ва ҳадиси шарифларга кўра силаи-раҳм мусулмон кишига фарз бўлган амалдир. Агар ҳар биримиз силаи-раҳмга амал қилиб, қариндош уруғларимизнинг ҳолидан хабардор бўлсак, жамиятдаги жуда кўплаб муаммолар барҳам топади. Акс ҳолда дунёда ҳам охиратда ҳам кўп қийинчиликларга дучор бўлинади.
Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи киши қариндошлари тарафидан унга қилинган алоқага жавоб тариқасида (борди-келди) алоқа қилаётган одам эмас, балки улар тарафидан алоқа узилган пайтда уларга алоқани боғлаган одамдир” (Имом Бухорий ривоятлари).
Саҳоба Абу Талҳа разияллоҳу анҳу Мадинада энг бадавлат ансорлардан эдилар. Унинг Масжиди Набавий рўпарасида Байраҳо номли боғи бўлиб, уни жуда яхши кўрарди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам боққа кириб, ундаги булоқнинг сувидан ичар эдилар. Анас разияллоҳу анҳу айтадилар: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизча сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар...” ояти нозил бўлган пайтда, Абу Талҳа разияллоҳу анҳу: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Менинг энг яхши кўрганим Байраҳо боғим. Уни Аллоҳ йўлида садақа қилдим. Мен уни охиратга захира бўлишини умид қиламан. Боғни Аллоҳ буюрган жойга ишлатинг”, деди. Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ сенга барака берсин! Бу жуда фойдали мол бўлди, жуда фойдали мол бўлди. Эй Абу Талҳа, уни ўзингнинг муҳтож яқинларингга сарфлашингни фойдали деб биламан”, дедилар. Абу Талҳа разияллоҳу анҳу боғни қариндошлари ва амакиларининг ўғилларига бўлиб бердилар (Имом Бухорий ривоятлари).
Демак, силаи раҳм қариндошлар билан чиройли муносабатда бўлиш, уларнинг хурсандчиликлари билан қувониш, мусибатларига ҳамдард бўлиш, муҳтож бўлсалар уларга ёрдам бериш, уларни доимо зиёрат қилиб туриш, кўнгилларини олиш, дилларини оғритишдан сақланиш, улардан бирор ёмонлик етса ҳам кек сақламай кечириб юбориш, қалбида уларга нисбатан ҳасад ва адоват сақламасдан ўртада муҳаббат пайдо қилиш йўлида бор куч ва ғайратини сарф қилиш каби фазилатларни ўз ичига олади.
Бугунги кунимизда силаи-раҳм билан боғлиқ, гоҳида кўзга ташланадиган нохуш воқеалар динимиз кўрсатмаларига зиддир. Масалан, ота-оналар дунёдан ўтгач, ака-ука, опа-сингиллар ўртасида арзимаган мол-мулк, ерни деб келишмовчиликлар чиқиши ёки секин-секин муносабатлар ёмонлашиб, ўзаро узоқлашиб, бегоналардек бўлиб кетишлари, бир-бирларини йўқлаш, тез-тез хабарлашишни ҳам унутишлари ўта аянчли ҳолатлардир.
Силаи раҳмга амал қила олмасликнинг яна бир сабаби исрофдир. Ака бой, ука камбағал. Ака еб-ичиш, кийиниш, уй-жой, улов ва тўй-маракада ҳашамат ва исрофга йўл қўяди, лекин атрофидаги “жигар”ларини унутади. Уларга етарлича аҳамият бермайди. Аслида одам мўътадил йўл тутса, ҳам ўзига яхши шароит, ҳам силаи раҳмга амал қилиши мумкин.
Хулоса қиладиган бўлсак, динимиз талабига кўра яқин қариндошлар доим бир-бирларини ҳолларидан огоҳ бўлиб, ўзаро ёрдамчи бўлиб туришлари керак. Ўтган улуғларимиз: “Қариндошникига қадам ранжида қилмасанг, муҳтож бўлганида молингдан бермасанг, силаи раҳмни узибсан”, дер эдилар.
Одатдаги ва хурсандчилик кунлари, айниқса ҳайит кунлари ўзаро зиёратлашиш, ҳадялар алмашиш, олисда бўлса, телефон ёки интернет ёрдамида ҳол-аҳвол сўраш одамга катта савоб келтиради. Аллоҳ таоло барчамизни силаи-раҳм қилувчилардан қилсин, ризқимизни мўл, амалимизни солиҳ, умримизни узун қилсин!
Мусалламов Толибхон
Наманган шаҳар “Абу Ҳанифа”
жоме масжиди имом-ноиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022