Қоронғи режим
Image
Logo

СОҒЛИГИМИЗ ЎЗИМИЗГА КЕРАК...

СОҒЛИГИМИЗ ЎЗИМИЗГА КЕРАК...

Бандаларини йўқдан бор этиб, энг буюк неъмат иймон ва саломатликни ато қилган ва уларга дунё-ю охират саодатига элтувчи ибодатларни буюрган, жонлари ва руҳларига зарар етказувчи иллатлардан қайтарган Аллоҳ таолога чексиз ҳамдлар бўлсин!

Умматларини ҳам жисмоний, ҳам маънавий камолот сари интилишларига ундаган, қалблар ва таналарнинг табиби, кўзларимизнинг нури ва сурури суюкли Набийимиз Муҳаммад Мустафога салавот ва саломлар бўлсин!

Инсоннинг саломатлигини сақлаш ҳар бир замонда ва ҳар бир жамиятда долзарб масала бўлиб, барча самовий динларда унга алоҳида эътибор берилган. Хусусан, муқаддас динимизда инсон саломатлигига катта аҳамият берилган. Ислом фақат инсон ҳаётининг руҳий, маънавий камолотига эътибор берибгина қолмай, айни вақтда унинг жисмоний жиҳатларини ҳам қамраб олган.

Маълумки, шариат бандаларнинг беш зарурат (дин, жон, насл, мол, ақл)ни сақлашлари мақсадида жорий қилинган. Бироз фикр юритилса, ушбу заруратларнинг учтаси: жонни, наслни, ақлни асраш айнан жисмоний саломатлик билан боғлиқлиги ойдинлашади. Зеро, Ислом саломатликни асрашни тананинг ҳаққи деб қарайди ва бу ҳақни Роббининг ҳаққи қаторида санайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Сенда Роббингнинг ҳам ҳаққи бор, танангнинг ҳам ҳаққи бор”, деганлари бунга ёрқин далилдир.

Динимизнинг асосий манбаси Қуръони каримда жуда кўп ўринларда турли мева ва ширинликлар номи зикр қилинган. Уларни истеъмол қилиш танага озуқа бўлиши билан бирга турли дардларга шифо экани келтирилади. Буни кундаликҳаётда ва турли тадқиқотларда ўз исботини топганлиги барчага маълум. Шунингдек, ҳадиси шарифларда ҳам бу хусусиятларни, инсонга фойдали томонларига аҳамият қаратилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам соғлиқни сақлашга тарғиб қилиш билан бирга, беморликларни даволаш борасида ҳам ҳеч ким айтмаган гўзал ғояларни тақдим этганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ дардни ҳам, давони ҳам тушурган ва ҳар бир дардга давосини қилиб қўйган. Шундай экан даволанинглар”, дея марҳамат этганлар. Бу ҳадиси шариф мусулмон табибларини замонлар оша ҳар қандай касалликни даволашга қурби етганча урунишга ундаб келган ва янги-янги дориларни кашф этишларида илҳом манбаи бўлиб, инсонлар саломатлиги тикланган, зарарли ашёлардан қайтарилган.

Абу Саъид Худрий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

"لا ضرر ولا ضرار" (رواه ابن ماجة والدارقطني )

яъни: “Зарар бериш ҳам ва зарар кўриш ҳам йўқ” деганлар (Имом Можа, Имом Дорақутний ривоятлари).

Демак, ҳадиси шарифда инсон ўзига ёки ўзгаларга зарар келтирадиган сабаблардан узоқ бўлишга буюрилган.

Инсон танасини парвариш қилиш кучли овқат ейиш билан эмас, балки, дармон бўладиган нарсаларни меъёрига етказиш билан бўлади.

Имом Аъзам раҳматуллоҳ алайҳ “Баданни тарбия қилиш, вожиб”, деган бўлсалар, имом Шофиий эса,  “Баданни тарбия қилиш, фарз”, деб, ижтиҳод қилганлар.

Шундай экан, муқаддас динимизда буюрилганидек, бадан саломатлигига эътибор қаратиб, тозаликка риоя қилиш, белгиланган вақтларда таҳорат олиб покланиш, ғусл қилиш, тартибли овқатланиш, жисмоний тарбия билан шуғулланиш соғлиқни асрашга бош мақсад қилиб белгиланган.

Исломда соғлик-саломатликка жиддий эътибор берилган. Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида саломатликка, табобатга доир қимматли маълумотлар шунчалар кўпки, улар “Набавий табобат” деган сарлавҳа остида мустақил мавзу сифатида ўрганилади. Бу борадаги ҳадисларни муҳаддислар ўз асарларида алоҳида бўлимда келтирсалар, мутахассис олимлар бу хусусдаги ҳадислардан алоҳида китоблар ёзганлар.

Ҳукамолардан бири инсон саломатлиги қанчалик муҳим эканини чирой ўхшатиш орқали зарбул масала билан шундай тушунтиради, “Инсоннинг руҳи ва жисми гўё чавандоз билан отга ўхшайди. Агар чавандоз моҳир ва кучли, от заиф бўлса, у ҳарчанд уринмасин кўзлаган маррасига ета олмайди. Аксинча, от бақувват, соғлом, чавандоз эса заиф бўлса, бу ҳолатда ҳам у маррадан бенасиб қолади. Яъни, оти уни бошқа томонларга олиб қочади ёки ерга улоқтириб юборади. Иккиси бир-бирига мос равишда кучли бўлса кўзланган мақсад юзага чиқади”.

Ҳудди шундай, инсон ҳам руҳий ҳам жисмоний жиҳатдан соғлом, тетик бўлса, мақсадга етади, ибодатларини тўла тўкис бажара олади ва атрофдагиларга кўпроқ манфаати етади.

Бу бебаҳо неъматнинг қадри нечоғлик улуғ эканлиги ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларини огоҳлантириб шундай марҳамат қилганлар: Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмай алданиб қолганлар. У иккиси - сиҳат саломатлик ва фароғат” (Имом Бухорий ривояти).

Дарҳақиқат, инсоният ўзида бор неъматни гоҳида қадрига етмайди. Саломат ва хотиржам бўлган киши турмуш ташвишлари, чеки-чегараси йўқ орзу-ҳавасларнинг кетидан қувиб юраверади ва ўшаларга алданиб саломатлиги ва тинчлигини қўлдан бериб қўяди. Охир-оқибат саломатлигини бой бергач, аттанг қилади ва саломатлигини йўқотиш эвазига топган нарсаси унинг олдида ҳеч нарса эмаслигини кейин англаб етади. Лекин, кейинги афсус надоматнинг фойдаси бўлмай қолади.

Шунинг учун, неъматларни вақтида қадрига етиб, унинг шукронасини адо этиб бормоқлик лозим бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида марҳамат қилдилар: “...саломатлик вақтингизни беморлик келишидан олдин ғанимат билинг...” (ИмомТермизийривояти).

Сиҳат-саломатлик неъматидан баҳраманд киши бошқа неъматлардан ҳам баҳра олиб яшайди. Саломатлик бўлмаса, бошқа неъматлар ҳам инсонга татимайди. Шу боис, унга путур етказадиган ҳар қандай иллатлардан инсон ўзини сақлаши унинг ақл-заковатини белгилайди.

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакили

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг