Қоронғи режим
Image
Logo
ТИНЧЛИКНИ АСРАШ ҲАР-БИРИМИЗНИНГ БУРЧИМИЗДИР

ТИНЧЛИКНИ АСРАШ ҲАР-БИРИМИЗНИНГ БУРЧИМИЗДИР

Аллоҳ томонидан инсон учун ато этилган улуғ неъматлардан бири бу -- тинчлик-хотиржамликдир. Инсонларнинг бирлиги, ҳаётнинг гуллаши, ризқнинг мўл-кўл бўлиши, инсонларнинг ўзаро маърифат ҳосил қилиши, илм олишга имконият, уммат, жамият, уламолар ўртасида бирликнинг мустаҳкамлиги, жамият ва якка шахс ўртасида алоқанинг яхшиланиши, ҳамма бир сўз устида жамланиши, бир ёқадан бош чиқариши, инсонлар ўзаро манфаат алмашиши, қўни-қўшни ва қавми-қариндошнинг ҳолидан хабар олиб туриш, силаи раҳм қилиш, ибодатлардаги хотиржамлик ва Ер юзида Аллоҳ таоло рози бўладиган ҳаётни кечиришга асосий сабаб тинчликдир.

Тинчликнинг бузилиши эса илм ва маърифат йўлининг тўсилиши, ўзаро яхшиликнинг узилиши, уламолардан ҳикматлар тинглаш имконининг йўқолиши, силаи раҳмнинг узилиши, касаллар ўзларининг дардига табиб топа олмаслиги, табиб топса дори-дармон топа олмасликлари, ҳаётнинг издан чиқиши, одамларнинг юртини тарк этиб кетиши, оиласидан йироқда бўлиши, ўзаро келишувлар, акдлар ва аҳдларнинг бузилиши, тараққиётнинг таназзулга учраши, ишлаб чиқаришнинг камайиб кетиши, тижоратларнинг тўхтаб қолиши, касб қилишнинг қийинлашиши, нарх-наво кўтарилиб яшаш оғирлашиши, ҳар-бир тўғри ёки нотўғри хабарларнинг тарқалиб юриши, одамларнинг эшитганига ишониб кетавериши, халқ ўртасида ваҳиманинг тарқалиши, рост хабарларнинг инкор қилиниши, одамларнинг бегуноҳ қонлари тўкилиши, аёлларнинг бева қолиши, ёш болаларнинг етим бўлиши ва ҳоказоларга сабаб бўлади. Тинчлик йўқолса жаҳолат кучаяди, ҳар хил жиноятлар кўпаяди, зулм тарқалади. Шунинг учун ҳам мазкур неъматни асраб-авайлаш йўлида барчамиз тер тўкишимиз даркор. Чунки, тинчликни асраш маълум бир тоифа инсонларнинг вазифаси эмас, балки бунинг учун ҳаммамиз масъулмиз. Яъни, ушбу юртнинг ўғлониман деган одам қилаётган касбига садоқат билан ёндошиб, ҳаромдан ҳазар қилиб, ҳалоллик шиори бўлиб, шаръий мезонга риоя қилса, иншааллоҳ, мана шу ҳатти-ҳаракати билан қайсидир маънода тинчликка ҳисса қўшган бўлади. Хусусан, савдогар харидорга фириб бермаса, оддий ишчилар ишлаб турган корхонасининг мулкига ҳиёнат қилмаса, бошлиқлари ҳам порахўрликдан жирканса, деҳқону-боғбонлар ишларига виждонан ёндошса, ёшлар илмли, маърифатли бўлишга интилса, нуронийларимиз хайри-дуода бардавом бўлсалар, иншааллоҳ, албатта, бу жамиятда барака бўлади, тинчлик хотиржамлик осойишталик ҳукм суради.

 

Қодиржон Умурзаков,
Поп тумани "Муҳаммаджон қори" жоме
масжидининг имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг