
ТИНЧЛИК ШУКРОНАСИ
Истиқлол бу Аллоҳ таолонинг берган улуғ неъматларидан биридир. Инсони обод ва озод Ватанда ҳаёт кечириши унинг бахту – саодатидир. Зеро, ватандошимиз Имом Бухорий ўзининг “Ал адаб ал муфрад” китобида қуйидаги ҳадисни келтиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким манзили тинч, тани саломат, бир кеча – кундузлик озуқаси бор ҳолда тонг оттирса гўё унга бутун дунё тўлалигича берилибди”, деганлар.
Ҳадиси шарифни ҳаётимиздаги ўрнига бир эътибор қаратайлик.
Эрталаб уйқудан туриб, кўзимизни очсак ҳаёт эканмиз. Аллоҳ яна яшаш имконини берибди. Сўнг атрофга қараймиз ҳамма жой тинч, осуда. Уй ҳам тинч. Дунёда инсон учун ҳақиқатда бундан ортиқ неъмат бўладими?! Тинчлик улуғ неъмат эканига шак-шубҳа йўқ. Ватанни кўз қорачиғидек асраш, уни ҳар хил бало ва офатлардан ҳимоя қилиш, ватандошлар аҳил ва иноқ бўлиб истиқомат қилишлари шариат талабидир.
Ватан ҳақида сўз кетар экан, бу борада кўп ва хўп гапириш мумкин. Ватан тушунчаси баъзилар ўйлагандек, шунчаки оддий тушунча эмас. Ҳар ким Ватан мадҳини ўзича ифода этади. Масалан: ҳофиз ўз тараннуми орқали, шоир шеърлари билан, қўйинки ҳар бир шахс ўз муҳаббатини нималар биландир баён этгиси келади.
Соф табиат дини бўлмиш Исломда ватан муҳаббати ардоқланади, тарғиб қилинади, мақталади. Ватанга хизмат қилиш, уни душманлардан асраш фарз ҳисобланади ҳамда унга ҳиёнат қилиш энг оғир гуноҳлардан саналади ва қаттиқ жазоланади. Бу диннинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ватанни севишда, унга садоқат кўрсатишда ҳам бутун умматга гўзал ўрнак эдилар.
Ватан ва дин ҳимояси ҳар бир мусулмон фарзанди гарданидаги бурчдир. У ўз ватанини ҳимоя қилмаса, юрти мустамлака, дини поймол, хотин, бола-чақаси қул, ўзи эса Аллоҳнинг лаънатига қолиб жаҳаннам азобига гирифтор бўлади. Ҳа, ватанни севиш ана шундай комил бўлиши лозим. Ҳар ким ўз ватанига бўлган севгисини юқорида келтирилган маълумотлар асосида холис таҳлил қилиб олиши, уни ардоқлаб севиши, бундай неъматни берган Аллоҳга чексиз шукр келтириши шарт экан. Зеро бугунги кунларда тинчлик осойишталик катта неъмат эканлигини атрофимизда ва бутун дунёда рўй бераётган ҳодиса ва воқеаларни кузатиб, бунга ишончимиз комил бўлишига ҳеч шак шубҳа йўқ.
Ҳеч қайси ақлли одам ўз ватанини ёмон кўрашини, айтмайди, ҳамма ҳам ватанимни севаман, дейди. Аммо бу севги шунчаки қуруқ даъводан иборат бўлиши керак эмас, чунки бу буюк масъулиятдир ва бурчдир.
Аллоҳим, жонажон юртимизни ҳар хил бало офатлардан асрасин! Давлатимиз равнақи бунданда зиёда бўлсин. Тинчлигимиз бардавом бўлиб уни кўрган кўзларимиз қувончга тўлиб юрсин! Фарзандларимиздан ҳам ўз Ватанига содиқ, уни севиб ардоқлайдиган, тинчлиги ва осойишталик йўлида ҳимоя қиладиган зурриётларни бардавом чиқарсин. Унинг ҳам маънавий, ҳам моддий тараққиётини янада жадаллик билан ривож топишини насиб этсин! Бу йўлда холис хизматда бўлганларни Ўзи қўлласин!
Довудхон Исақов,
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-ноиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022