ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИШ АЛЛОҲНИНГ БЕРГАН НЕЪМАТИГА ҲИЁНАТДИР.

Аллоҳ таоло инсониятни яратган экан, унга тўғри йўлни кўрсатувчи Илоҳий китоблар ва пайғамбарларини юбориб, улар орқали инсонларнинг руҳий ва жисмоний эҳтиёжларини қондирувчи кўрсатмаларни баён этгандир. Инсонга берилган неъматлар ичида энг улуғи имон неъмати бўлиб, киши имони ва солиҳ амаллари туфайли дунёда фаровон ҳаёт кечиради, охиратда эса жаннат неъматларидан баҳраманд бўлади. Аллоҳ таоло инсон зотини азизу мукаррам қилиб яратиб, шаънини улуғлаб, ер юзидаги барча нарсаларни унинг манфаати учун пайдо қилган. Инсоннинг шаънига, молига, жонига ноҳақ тажовуз қилинишини ҳаром қилган.
Инсон ўзи кутмаган мусибатли ҳолатларга дуч келганда, албатта, бу мусибатдан қутулиш чораларини қидиради. Баъзан имон-эътиқоднинг сустлиги, сабр-тоқатнинг озлиги сабабли шайтон васвасаси ғолиб келиши оқибатида бу ҳолат инсоннинг ўз жонига қасд қилиши билан якун топади. Инсон ўзига омонат қилиб берилган жонни ўз қўли билан ҳалокатга ташлаши, яъни ўз жонига қасд қилиши нафақат мусибатдан қутулишнинг энг нотўғри йўли, балки унданда каттароқ мусибатга ўзини мубтало қилиш, демакдир. Чунки, ўз жонига қасд қилиш Аллоҳ таолонинг унга ато этган неъматларига, хоссатан, берилган умр – ҳоли ҳаётга ношукурлик ҳамда Одилу Ҳаким зотнинг белгилаб қўйган тақдирига нисбатан улкан исёндир.
Хадисларда ўз жонига қасд қилишнинг аянчли оқибатлари аниқ баён этилади. Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳудан ривот қилинган ҳадисда шундай дейилган:
“Ким бу дунёда ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ҳам унга ўша нарса билан азоб берилади”. (Имом Бухорий ривояти).
Минг афсуски, ҳозирда айрим вилоятларда турли йўллар билан ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари рўй бермоқда. Айниқса, бу аёллар ва ёшлар ўртасида кўпроқ рўй бераётгани маълум бўлмоқда.
Инсон қилган гуноҳларига сидқидилдан тавба қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилади. Аммо, инсоннинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатида, агар унинг бу хатти-ҳаракати амалга ошса, унга бу гуноҳдан тавба қилишнинг имкони бўлмайди. Шунинг учун ўз жонига қасд қилиш инсонга нисбатан шайтон васвасасининг энг авж нуқтаси ва шайтоннинг бир инсон устидан ғалабаси ҳисобланади. Бу дардга аксар ҳолда ёшларнинг мубтало бўлаётганини алоҳида эътироф этиш лозим. Хўш, ундан қандай сақланмоқ керак?
Мазкур иллатни келтириб чиқарувчи энг асосий омиллардан бири ёшларимизнинг ҳаёт ҳақидаги тушунчасининг саёзлиги, ҳаётни енгил-елпи фильмлар орқали тасаввур қилиши, шунингдек, миллий қадриятларимиз ҳамда Ислом дини таълимотларидан йироқлашиб кетиши бунинг бош сабабларидан бири ҳисобланади. Чунки, миллий қадриятларимиз замирида ва Ислом дини таълимотларида, хусусан, Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг бир неча ўринларида жон эгасининг ўз жонига қасд қилишидан қатъий қайтарилган. Аксинча, Аллоҳ таоло омонат қилиб берган ҳаёт неъматини, умримиз йилларини чиройли солиҳ амаллар ва савобли ишлар билан ўтказишга, кундалик ҳаётий қийинчилик ва муаммоларни ақл-заковат билан ҳал этишга ҳаракат қилиш ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан доимо умидворлик билан яшашга интилиш ҳақиқий имонли инсоннинг баркамол фазилати бўлиб ҳисобланади.
Ботиров Баҳодир
Чуст тумани “Охунбобо” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022