Қоронғи режим
Image
Logo

"ЙЎЛ ҚУРИШ - САДАҚАИ ЖОРИЯДИР"

Барчамизга маълум, садақотларнинг бир-нечта тури бор. Яъни, закотдан тортиб, оддий рўзғор нафақасигача бўлган садақотлар. Буларнинг ичида, биз вафот этсак ҳам, номаи аъмолимизга яхшиликлар битилишига сабаб бўладигани бор. У ҳам бўлса, жория садақасидир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Албатта Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар инсон вафот этса, амаллари тўхтайди. Фақатгина учта ишдан, садақаи жориядан ёки фойдали илмдан ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан унга савоб бориб туради” (Имом Муслим ривояти). Тўхталиб ўтмоқчи бўлганимиз бу - йўл қуриш кўринишидаги жория садақасидир. Азалдан халқимиз йўл борасидаги умумий маъноларга эътиборли бўлиб келган. Ота-боболаримиз, уй қурсанг йўлдан қўшиб олма, балки йўл ҳақига чиқариб ташла, ҳатто деворингни қалин сувама, йўлдан қўшилиб қолмасин, деган панду-насиҳатларни қилишган. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, халқимизнинг аксар қисми ушбуларга амал қилиб келмоқдалар. Яъни, йўл ҳақи борасида айтилган ваъзларга беписанд эмасларини кўришимиз мумкин.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай сўзлари бор: «Иймон етмишдан ортиқ бўлакдан иборат. Унинг энг афзали «Лаа илааҳа иллаллоҳ» калимасидир, энг пасти эса йўлдан одамларга озор берадиган нарсани олиб ташлашдир» (Имом Бухорий ривояти). Демак, биз учун арзимас саналмиш, одамлар озор топиши мумкин бўлган чўпми, тошми, йўллардан олиб ташлашимиз бизнинг иймонли эканимиздан дарак беради. Йўл қуриш эса, батариқи авло, савоби ҳам, мартабаси ҳам юқорида зикр қилинганидек, юксакдир.

Бугунги кунда йўлсозлик борасида қилинаётган ишларга разм соладиган бўлсак, алҳамдулиллаҳ, кўзимиз қувнайдиган ҳолатлар бисёр. Айниқса, маҳалла-куйларда саховатпеша инсонлар томонидан йўлларни, кўприкларни ислоҳ қилиниши диққатга сазовордир. Қолаверса, ҳукуматимиз томонидан бир талай ислоҳотларга гувоҳ бўляпмиз. Масалан, Водий билан Тошкентни боғлайдиган Қамчиқ довонини олайлик. Олдинлари бу йўллардан юриш бир-қанча қийинчиликларга сабаб бўлган бўлса, ҳозирга келиб равонлиги, кенглиги билан ҳеч-бир муболағасиз юртимизда энг олди йўллардан бири, десак адашмаган бўламиз. Ёки Тошкентдаги одамларнинг узоғини яқин бўлишига ва ҳаракатланиши учун қулайлик туғдираётган қават-қават кўприкларни олайлик. Албатта, бу ишлар ортида соҳанинг жонкуярларини хизматлари бор. Агар ушбу азизларимиз иш жараёнида виждон билан ёндошиб, масъулиятни ҳис этган ҳолда, ҳалоллик ила, Аллоҳ йўлида ташкиллаштирар эканлар, иншааллоҳ, мукофотларга эришажаклар. Бунинг акси ўлароқ, йўл аталмиш омонатга ҳиёнат қилсалар, вазифаларида сусткашликка йўл қўйсалар, Аллоҳнинг ҳузуридаги жавобгарлик ҳам шунга яраша бўлади, Ўзи асрасин!

Айтмоқчи бўлганимиз, ушбу заминда истиқомат қилаётган ҳар-бир инсон ўзининг имкониятидан келиб чиқиб, йўлсозлик борасида энг ками азиятни кўтариш билан ўз ҳиссасини қўшса, ажаб эмас, юқорида зикр қилинган савобларга дохил бўлса. Аллоҳ таоло ҳар-биримизни дунё ва охират йўлимизни равон қилсин!

 

Қодиржон Умурзаков
Поп тумани "Муҳаммаджон қори"жоме
масжидининг имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг