Қоронғи режим
Image
Logo
Алишер Навоийнинг“Тарихи анбиё ва ҳукамо” асаридаги анбиёлар ва уламолар таърифи

Алишер Навоийнинг“Тарихи анбиё ва ҳукамо” асаридаги анбиёлар ва уламолар таърифи

Алишер Навоийнинг олим сифатидаги фаолияти унинг нафақат тилшунослик, адабиётшунослик, балки ислом тарихшунослигига доир асарлари билан ҳам белгиланади. У ушбу фан тараққиётига ўзининг “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асари билан улкан ҳисса қўшди.

Алишер Навоийнинг “Тарихи анбиё ва ҳукамо” рисоласи ислом дини манбаларига асосланган асар бўлиб, расул ва набийлар ҳамда ҳаким зотлар – алломалар тарихига бағишланган. Шу маънода асарни икки қисмга бўлиш мумкин: Анбиёлар тарихи ҳамда Ҳукамолар тарихи.

Даставвал, Одам Ато (а.с.) ҳаётлари ҳикоя қилиниб, унда Одамнинг яратилиши, Иблиснинг Олий Даргоҳдан қувилиши, сўнг Одам ва Момо Ҳаввонинг ер юзига туширилиши билан боғлиқ ҳикоялар келтирилади.

Ҳазрат Навоий анбиёларни анъанага биноан икки гуруҳга бўладилар: расул ва набийлар.

Алишер Навоий анбиёлар ҳақида сўзлаб, уларнинг яшаган даврларига тўхталади, аниқ йилларни келтиради. Шунингдек, китобда пайғамбарларнинг аҳли аёли, фарзандлари, касбу кори ҳақида маълумот берилади.

Зикр этилганлар сирасида “Қуръон”да номи тилга олинган барча пайғамбарлар, Луқмони Ҳаким, Зулқарнайн каби ваҳий тушган ё тушмагани ихтилофли бўлган валий зотларни ҳам кўришимиз мумкин. Мазкур асарда бир замонда бир неча пайғамбарлар яшагани ҳам айтилади. Масалан, Исҳоқ (а.с.) вафот этган йили Юсуф а.снинг Миср ҳокими бўлгани ва ҳоказо. Шунингдек, “Қуръон”да тилга олинган “Асҳоби каҳф” қиссаси ҳам мазкур асардан ўрин олган.

Пайғамбарлар қиссаси ҳажман ўзаро фарқланади. Баъзи пайғамбарлар, масалан, Хизр (а.с.) ҳақида қисқа маълумот билан чекланилса, Юсуф (а.с.), Иброҳим (а.с.), Мусо (а.с.) ва Исо (а.с.)ларнинг ҳаётига доир жуда кўп воқеалар баён қилинади. Алишер Навоий Юсуф (а.с.) ҳақидаги қиссани баён қилишга киришаркан, Фирдавсий Тусий ва Абдураҳмон Жомийлар ҳам мазкур мавзуда достон ёзганларини айтиб, ўзининг ҳам туркий тилда маснавий ёзиш нияти борлигини билдириб ўтади.

Мазкур қисмда келтирилган маълумотларнинг бош манбаси Қуръони карим бўлиб, муаллиф ўз фикрларини асослаш учун муайян оятларни ҳавола қилиб боради. Яна бир эътиборли жиҳати, Алишер Навоий пайғамбарларнинг иймони, сабри ва юксак фазилатларини алоҳида тасвирлайди. Масалан, Айюб (а.с.)нинг бошига тушган ташвиш ва балолар ҳам уни Аллоҳга ибодат қилишдан тўсмаганини айтаркан, бу билан сабр қилиш ҳақидаги ғояларини баён қилади.

Асарда ҳар бир пайғамбар қиссасидан сўнг муайян шеърий парчалар келтирилади. Шоир уларни “маснавий”, “рубоий”, “байт”, баъзан эса “шеър” ёки “назм” номлари остида бериб боради. Мазкур шеърий парчаларда қиссаси ҳикоя қилинган пайғамбар номи тилга олинади ва фалсафий хулосалар чиқарилади.

Алишер Навоийнинг “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарининг иккинчи қисми ҳукамолар тарихига бағишланган бўлиб, бу қисм умумий асарнинг тахминан тўртдан бир қисмини ташкил этади. Ҳукамолар тарихи анбиёларникига нисбатан қисқа бўлиб, умумий маълумотлар билан чекланилган. Алишер Навоий Луқмони ҳаким, Фишоғур (Пифагор), Жомосб, Буқрот (Гиппократ), Буқротис, Суқрот (Сократ), Афлотун (Платон), Аристотилис (Арасту), Балинос, Жолинус (Гален), Батлимус (Птолемей) каби юнон файласуфлари ва Содиқ, Бузургмеҳр каби форс ҳакимларининг, жами ўн уч нафар олимнинг тарихини қисқача ёритади. Ҳар бир ҳикоядан кейин анъанавий тарзда бир байт шеър илова қилиб борилади.

Умуман олганда, Алишер Навоийнинг “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асари дин тарихига бағишланган асар бўлиб, бу ўринда муаллиф дин тарихи ҳамда юнон фалсафаси билимдони сифатида намоён бўлади.

 

Исомиддин ҒОЙИББАЕВ,
Наманган шаҳар “Юсуфхон ўғли Қосимхон”
масжиди имом-ноиби ва
Тошкент Ислом институти
махсус сиртқи бўлим 3-курс талабаси

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг