
ВАСИЛА МУМКИНМИ?
ВАСИЛА МУМКИНМИ?
Ҳозирги кунда сохта салафийлар томонидан ихтилофга сабаб бўлаётган масалалардан бири бу – васила қилиш (тавассул) жоиз эмас, деган даъводир. Баъзи фирқалар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ва солиҳ инсонларни дуосида васила қилаётганларни кофирга чиқариб, уларга “мушрик” номини тамға қилиб қўймоқдалар.
Васила бу – Аллоҳнинг исм ва сифатлари, пайғамбарлар, саҳобалар ва солиҳ бандалар, шунингдек яхши амалларни восита қилиб, Аллоҳ таолога дуо қилишдир. Бу иш аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига кўра, жоиз амал ҳисобланади.
Аҳли сунна уламолари ўз асарларида васила қилишнинг жоиз эканига оят ва ҳадислардан қатор далилларни келтиришган. Жумладан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўмин инсонларни васила қилишга амр қилиб шундай дейди:
“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга васила (восита) излангиз” (Моида сураси, 35-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсонларга Ўзига васила излашларини буюрмоқда. Тафсир китобларида василани Аллоҳнинг исм ва сифатлари, яхши амаллар, пайғамбарлар ва солиҳ бандалар экани айтилган.
Усмон ибн Ҳаниф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир кўзи ожиз киши Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Аллоҳга дуо қилинг, менга шифо берсин”, – деди. “Хоҳласангиз, дуо қиламан. Хоҳласангиз, сабр қилинг. Бу – сиз учун яхшидир”, – дедилар”. “Дуо қилинг”, – деди. Уни яхшилаб таҳорат қилишга ва ушбу дуони ўқишга амр қилдилар: “Аллоҳим! Албатта, мен Муҳаммад – раҳмат Пайғамбари ила Сендан сўрайман ва Сенга юзланаман. Эй Муҳаммад! Албатта, ушбу ҳожатим раво бўлиши учун Парвардигоримга сизни васила қилиб юзландим. Аллоҳим! Унинг менинг ҳақимда шафоатини қабул қил”. Шундан сўнг унинг кўзи очилган ҳолда қайтиб кетди (Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривояти). Ушбу ривоятда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам кўзи ожиз инсонга дуо қилаётганда Пайғамбарни васила қилиб сўрашни ўргатдилар. Демак, инсонлар дуоларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни ўртага қўйиб ҳожатларини сўрашлари айнан ҳадисга мувофиқ бўлади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, васила қилувчи инсон дуосида ҳақиқий яратувчи – Аллоҳ таоло эканини эътиқод қилиши лозим. “Эй Аллоҳим! Мен Сендан фалон яхши амалим ёки фалон инсоннинг сенинг ҳузурингдаги ҳурмати ила сўрайман” шаклида бўлади. Аксинча, қабрларни зиёрат қилиш чоғида баъзи илмсиз инсонларнинг қабрларга тўғридан-тўғри сажда қилиб, қабр эгаларидан “Эй фалончи, менга фарзанд бер!” ёки “Эй фалончи, мени ҳожатимни чиқар!” деб сўрашлари эътиқодимизга зид амал ҳисобланади. Шунинг учун ҳам мусулмон киши қабр зиёрати ҳамда улуғларни васила қилишни шариатга мувофиқ ҳолда амалга оширмоғи лозим ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, васила қилиш жоиз эканлигига оят ва ҳадисларда етарлича далиллар мавжуд. Ҳозирги кундаги баъзи тоифалар, хусусан, сохта салафийлар ва бемазҳаблар “ширк” ва “бидъат” деб даъво қилаётган амаллар аслида “мустаҳаб”, “жоиз” эканлиги аҳли сунна уламолари томонидан асослаб берилган.
Аллоҳ таоло барчамизни аҳли сунна вал-жамоа эътиқоди ва ҳанафий мазҳабида собитқадам қилиб, ўзаро ҳамжиҳат бўлиб яшашни муяссар қилсин!
Жобирхон Рашидов,
Мингбулоқ тумани “Мулла Тожи Ахмад” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022