Қоронғи режим
Image
Logo
КЕЧИРИМЛИЛИК ФАЗИЛАТИ

КЕЧИРИМЛИЛИК ФАЗИЛАТИ

Ҳасан ибн Али (разияллоҳу анҳумо) дедилар: "агар кимдир менинг бу қулоғимга сўкиб, наригисига узр айтса, албатта, узрини қабул қилгум" ("баҳжатул мажолис": 2-жилд, 486-бет;).

Бу сўз кишининг ўзгаларни кечириб, афв этишга нақадар тайёр туриши ва ҳарис бўлиши лозимлигига ишора қилади. Мўмин киши ўз мўмин биродарларига нисбатан кечиримли бўлади. Адоватни чуқурлаштирмайди. Ўртадаги совуқчиликни мураккаблаштирадиган хатти-ҳаракатлардан узоқ бўлади. Гарчи, ўзига ёмонлик қилган инсонга жавоб қайтариш ва жазолашга қодир бўлса ҳам олийжаноблик билан кечириб кетади. Зеро, хасмини жазолашга қодир бўла туриб, афв этиш, сўз ва амалда хўрлаш ва миннатдан юз ўгириш олижаноб кишилар хислатидир.

Али ибн Абу Толиб (разияллоҳу анҳу) айтадилар: "агар душманинг устидан қодир бўлсанг, уни афв этишни мазкур қудратни сенга ато этгани учун Аллоҳга шукрона айла" (Ибнул Жавзий: "ат-табсира": 1-жилд, 54-бет;).

Умар ибн Хаттоб (разияллоҳу анҳу) айтадилар: "афвнинг афзали қудрат вақтидагисидир. Мўътадилликнинг афзали бойлик пайтидагисидир" ("баҳжатул мажолис": 1-жилд, 370-бет;).

Яъни, киши ўз душмани ва хасмини жазолашга, ҳаддини билдириб қўйишга қодир бўлган ҳолида жазоламасдан афв этиши энг яъши афв ҳисобланар экан. Шунингдек, бой бўла туриб, исроф қилмасдан яшаш мўътадилликнинг энг афзали экан.

Умар ибн Абдулазиз (раҳимаҳуллоҳ) дедилар: "бирор нарса ҳилмнинг илмга, афвнинг эса қодирликка қўшилиши каби афзал шаклда бир-бирига қўшилмаган" (Ибн Муфлиҳ. "ал-одоб аш-шаръийя": 2-жилд, 217-бет;).

Яъни, илмли инсон ҳалимлик сифати билан ҳам сифатланиши ҳамда душманларини жазолашга қодир кимса афв билан ҳам безаниши каби бир-бирини гўзал равишда тўлдира оладиган бирор нарса йўқ экан.

Ҳасан Басрий (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар: "мўминлар ахлоқининг энг афзали бу кечиримлиликдир" (Имом Аҳмад. "аз-Зуҳд": 233-бет;).

Ибн Абдул Барр айтадилар: "донишмандлар айтар эдилар: "афв этишга энг лойиқ киши жазога энг кўп қодир бўлган кишидир. Энг ақли ноқис кимса эса ўзидан кучсизга зулм қилувчи инсондир" ("баҳжатул мажолис": 1-жилд, 371-бет;).

Жаъфар Содиқ (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар: "кечириб, пушаймон бўлишим, жазолаб пушаймон бўлганимдан кўра маҳбуброқдир мен учун" ("баҳжатул мажолис": 1-жилд, 370-бет;).

Фузайл ибн Иёз шундай дедилар: "футувват бу биродарларнинг тойилишларини афв этмоқдир" ("иҳёу улумид дин": 2-жилд, 177-бет;).

Араб тилида жоҳилият давридан бошлаб фазилатли хислатлар қаторида ишлатилиб келинадиган футувват сўзи бор. Футувват нима? У йигитлик, мардлик, жасорат, азамат, олийжаноблик, мазлумга мадад бўлиш, ружулат, ҳамият каби олийжаноб хислатлар жамланмасидир. Одатда ўсмирлик билан катта киши бўлиш ўртасидаги марҳала ҳам футувват марҳаласи дейилади. Демак, кечиримлилик бу ҳақиқий футувват экан.

Мўмин киши башарият саййиди бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга иқтидо қилган ҳолда ҳам ўз нафси учун қасос олишдан тийилмоғи лозимдир. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч бир вақт ўз нафслари учун интиқом олмаганлар. Ўз нафслари учун жазоламаганлар. Бунинг учун ғазаб қилмаганлар.

Афв ва кечиришнинг муҳимлиги ҳам шундаки, инсон ўзига етказилган азиятга жавоб бериб, мунтасир бўлмоқчи бўлса, мазкур азиятдан ошириб юбориш эҳтимоли каттадир. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло "وجزاء سيئة سيئة مثلها" яъни "бирор ёмонликнинг жазоси унинг мислидаги бир ёмонликдир", деган (Шўро сураси: 40-оят).

Ушбу ояти кариманинг икки хил маъноси бор: бири, бир инсон қандайдир ёмонлик содир этса унинг жазоси Аллоҳ томонидан белгилаб қўйилган ўша ёмонликка муқобил бўлган бир жазо бўлади. Зеро, гарчи, мазкур жазо Аллоҳ томонидан белгиланган бўлса-да, у бояги ёмонлик қилувчига нисбатан ёмонлик ҳисобланаверади. Иккинчи маъно эса муфассирлар сўзларига кўра, бир инсон бошқа кишига ноҳақдан ҳақорат қилиб, ёмон сўзлар билан азият етказса, унга ҳам худди шундай ҳақоратомуз сўзлар билан жавоб қайтариш ҳақидадир. Ояти кариманинг нозил бўлиш сабаблари ҳақида яна бошқа сўзлар ҳам бор.

Лекин, бу дегани масалан, бир киши бошқа кишини онасидан сўкса, уни ҳам онасидан сўкиш мумкин, дегани эмас. Зеро, ўзганинг онасини сўкувчи бадхулқ кимсанинг онасининг бу ишда айби йўқ.

Шу боис, уламолар айтадиларки, биров сизни онангизни сўккан бўлса, сиз фақат унинг ўзинигина сўкишингиз мумкин, онасини эмас. Бордию, сиз ҳам унинг онасини сўксангиз ёмонликка яраша ёмонлик бўлмай қолади балки, зулм бўлади.

Бир ёмон сўзга ёмон сўз билан жавоб қайтариш бу ҳеч иложи бўлмаган ҳолатга тегишлидир. Шу ўринда ҳам афв қилиб, кечириб кетиш мақталган иш бўлади.

Зеро, ояти кариманинг давомида "فَمَنْ عَفَا وَأَصْلَحَ فَأَجْرُهُ عَلَى اللَّهِ ۚ إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الظَّالِمِينَ" "аммо, кимки, афв этса ва ислоҳ қилса, бас, унинг ажри Аллоҳ зиммасидадир. Огоҳ бўлинг, Аллоҳ зулм қилувчиларни севмас", дея афв ва ислоҳ афзал йўл эканлигига ишора қилинган (Шўро сураси: 40-оят).

Фузайл ибн Иёз дедилар: "агар ҳузурингга бир киши бошқасидан шикоят қилиб келса, унга "эй биродарим, уни кечириб юбор, зеро, афв тақвога яқиндир", деб айт. Агар у "кечиришни қалбим кўтаролмайди. Шунинг учун мен Аллоҳ буюрганидек, ғолиб-мунтасир бўламан", дейдиган бўлса, унга: "агар мислга мисл яъни олган азиятингдан ортиқ бўлмаган ҳолда бир хилда жавоб бера олсанг хўп-хўп. Бордию ундай қилолмасанг, афв эшигига борақол. Зеро, у энг кенг эшикдир", деб айт ("ҳилятул авлиё": 8-жилд, 112-бет;).

Юқоридаги ояти каримага мувофиқ, афв қилувчиларнинг ажру мукофотини Аллоҳ зиммасига оляпти. Демак, афв қилсангиз, қалбингиз ёнмасин. Жавоб қайтармаганингиз учун ачиниб юрманг. Балки, Аллоҳ зиммасига олган ва қиёматда кўзингизни қувнатадиган ажру савобларни кўз олдингизга келтириб, қалбингизга роҳат беринг.

Агар мўминларнинг ўзаро кечиримли бўлишлари ва бир-бирларини афв этишлари Аллоҳ учун маҳбуб бўлмаганда бу иш учун ажр мукофот ваъда қилмаган бўларди.

Шунинг учун ҳам Яҳё ибн Муоз ар-Розий (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар-ки: "агар афв қилиш Аллоҳ учун энг маҳбуб иш бўлмаганда эди ўзи учун энг карамли бўлган махлуқотларини (яъни инсон зотини) гуноҳ (содир этишга мойиллик) билан балолантирмаган бўларди" ("сифатус сафва": 2-жилд, 293-бет;).

Яъни, Аллоҳ азизу мукаррам қилган инсон насли гуноҳлар билан имтиҳон қилинди. Токи, гуноҳларни содир қилгач, Аллоҳга тавба қилишлари сўнгра Аллоҳ уларни кечириб юбориши учун. Бинобарин, афв қилиш Аллоҳга маҳбуб бўлган иш.

Шундай экан, бандалар ҳам ўзаро бир-бирларининг айбу камчиликларини кечириб кетишлари лозим. Зеро, ўзи учун маҳбуб бўлган хислатни Аллоҳ таоло бандаларида кўришни ҳам яхши кўради. Худдики, Ўзи учун манфур бўлган зулмни бандалари учун ҳам ёмон кўриши каби.

Абдуллохон Холмирзаев,

Уйчи тумани «Ахмад Яссавий» жоме

масжиди имом ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг