АТРОФ МУҲИТНИ ТОЗАЛИГИ МУХИМДУР.

Аллоҳ таоло инсонни яратиб, руҳ билан бирга ақл–идрок бахш этган. Ақлли, ҳушёр инсонлар зиммасига ер юзини обод қилиш, атроф–муҳитни тоза ва покиза сақлаш ҳамда табиатни муҳофаза этишдек катта масъулиятни юклаган. Бу шарафли ишни инсон азалдан баҳоли қудрат адо этиб келади.
Ислом дини тарқалишининг илк даврлариданоқ табиат муҳофазаси, ўсимлик ва ҳайвонот оламини ҳимоя қилишга катта эътибор берилган. Уларни асраб–авайлаш барчамизнинг шарафли ва масъулиятли бурчимиздир. Наботот олами Аллоҳ таолонинг инсонлар учун ато этган улуғ неъматларидан бири бўлиб, бусиз ҳаётни тасаввур этиб бўлмайди. Бу борада Қуръони каримда шундай баён қилинган: «Инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан бир) қараб қўйсин чи! Биз (осмондан) сув ёмғирни қуйдирдик. Сўнгра ерни (гиёҳлар билан) ёрдик. Сўнг Биз ундан дон дунни, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, мева чеваю ўт ўланларни сизлар учун ва чорва молларингиз учун манфаат бўлсин деб ундириб ўстириб қўйдикку!». (Абаса, 24 – 32)
Аллоҳ таоло биз мусулмонларни яшаб турган курраи заминимизни озода сақлаган ҳолда обод қилишга, Унинг берган неъматларини асраб авайлашга буюриб, бузғунчилик қилишдан, атроф-муҳитга зарар етказишдан қайтариб, Қуръони каримда: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйганидан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз!”, деган (Бақара сураси, 205-оят). Дарҳақиқат, тупроқ, сув, ҳаво ва бошқа нарсаларни тоза сақлаш, уларни ифлосланишига йўл қўймаслик ва соғлиқ учун зарарли бўлган нарсалардан сақланиш хамда шу берилган улуг неъматларни исроф килмай фойдаланиш кабилар шариатимизнинг буйруғидир. Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта жойга: сув ўзанларига, серқатнов йўлларга ҳамда соя-салқин ерларга ахлат ташлаб, лаънатга қолишдан қўрқинглар”, деганлар (Абу Довуд ривояти). Дарҳақиқат, ҳеч бир ориятли инсон ҳадисда зикр этилган ишларни қилишга ботинмайди, аксинча, бундай ишни қилаётган кишини кўрган вақтда дарҳол унга танбеҳ бериб, бундай қилиш ярамас иш эканлигини тушунтиради.
Шунингдек, бўш ерларга мевали ва манзарали дарахтлар ҳамда турли хил гул кўчатлари экиб, маҳалла ва гузарларимизни янада кўкаламзор қилишимиз мақсадга мувофиқдир. Албатта, бу ишлар кўпчиликка манфаатли бўлгани боис савоби ҳам мислсиздир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда шундай дейилган: “Қайси бир мусулмон киши бирор кўчат ёки экин экса, кейин ундан қуш ёки инсон ёҳуд бирор жонивор еса, эккан одамга садақа савоби ёзилади” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, бизлар ўзимиз яшаб турган жойга ва маҳалла–гузарларга турли дарахт кўчатларини экиб обод қилсак, бундан нафақат инсонлар, балки қушлар ҳам манфаат топади. Ҳадиси шарифда айтилишича, экилган ҳар бир дарахтнинг айтаётган тасбеҳи, ўша дарахтни эккан кишининг номаи аъмолига ёзилади ҳамда унинг мевасидан бошқалар еса ёки соясида ўтирса, эккан кишининг амал дафтарига садақа савоби ёзиб қўйилади.
Инсон ўз уйига қандай эътибор берса, теварак атрофига ҳам шундай муносабатда бўлиши лозим. Чунки, бутун курраи замин инсонлар учун қароргоҳ қилиб берилган экан, ер юзини обод ва гўзал қилиш биз инсонлар учун энг муҳим вазифалардан бўлмоғи керак.
Нортиллаев Хурматали,
Чуст туман “Эшон сўфи бобо” жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022