Қоронғи режим
Image
Logo

ЁШЛАРНИ ИЖТИМОИЙ ИЛЛАТЛАРДАН АСРАШ-ДИНИМИЗ ТАЛАБИ.

ЁШЛАРНИ ИЖТИМОИЙ ИЛЛАТЛАРДАН АСРАШ-ДИНИМИЗ ТАЛАБИ.

Жамиятининг ривожи ёшларимизнинг ақлий, илмий ва жисмоний салоҳиятига боғлиқдир. Айниқса, аҳолисининг салмоқли фоизини ёшлар ташкил этадиган юртимизда бу масаланинг ахамияти янада катта.

 Ватанимизнинг тараққиётига хисса қўша оладиган ёшлар ўз-ўзидан етишиб чиқмайди, балки уларнинг тарбияси, таълими билан шуғулланиш, уларнинг билим-маърифатга қизиқтирадиган шароитлар яратишимиз керак бўлади. Шу билан бирга, уларни олий мақсадлардан чалғитувчи ёмон иллатлардан химоя қилиш хам шаръий бурчимиздир. Кейинги пайтларда ёшлар ўртасида муштлашув, пичоқбозлик, бир-бирини шафқатсизлик билан калтаклаш ва жонига қасд қилиш вақти -вақти билан учраб турибди. Бу ишларни гуруҳ-гуруҳ бўлиб қилиш салбий оқибатларга олиб келмоқда.

Аллоҳ таоло Ўз каломида Хужурот сурасини 10-оятида бундай мархамат қилган "Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд раҳм қилинсангиз".  

Демак, икки мусулмонни гиж-гижлаш, уларни уриштириш эмас, балки уларни ўрталарини келиштириш, яраштириш мақтовга сазовор ишдир. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, хозирги кунда баъзилар фарзандларини ўқитиш учун чет элларга олиб бориб, уларни ўзга юртларда қаровсиз ҳолда ташлаб келмоқдалар. Натижада, фарзандлари илм олишнинг ўрнига бефойда ишлар, кимлиги номалум кишилар билан қимматли вақтини беҳудага сарфламоқда.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлик кишининг камолот касб этадиган, кўп ютуқларга эришадиган вақти эканини таъкидлаб шундай дейдилар: Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг Кексаликдан олдин ёшликни, касалликдан олдин саломатликни, қамбағалликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтини, ўлимдан олдин тирикликни ғанимат билинг. Имом Термизий ва Имом Байҳақийлар ривоят қилганлар.

Авваллари содда кўринишда бўлган маънавий бузуқликлар бугунги кунда замонавийлашиб, ижтимоий тармоқда кенг тарқалиб кетди. Ёш авлодни фаҳш домига осонгина тортадиган турли сайт ва каналлар мавжуд. Ёшларимиз ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб, билимларини оширишмоқчи бўлишса, расмий сайтларга мурожаат қилишсин, расмий масжидлар ва имом домлаларимизнинг каналларига аъзо бўлишсин.

Зеро, ижтимоий тармоқларда ғаразли мақсадлар билан фаолият олиб борадиган сайт,каналлар ва шахслар жуда кўп. Улар жамиятимиз ва ёшларимиз тарбиясига катта таҳдид бўлиб, фирқаланиш, динда ғулувга кетиш ва мазҳабсизлик уруғларини сочмоқдалар. Фарзандларимизни бу балодан қутқаришнинг энг яхши йўли, уларни доим назорат қилиб туриш, ёмон кимсаларга қўшилиб қолишдан сақлаш, солиҳ инсонлар билан дўстлашишга ёрдамлашиш, бўш вақтларини турли фан ва спорт тўгаракларида ўтишини таъминлашдир.

Айтиш жоизки, бугунги кунда ёшлар тарбияси ва камолоти мақсадида юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганига ўзингиз гувоҳ бўлмоқдасиз. Ёшлар ўртасида китобхонликни ошириш учун жойларда янги кутубхоналар ташкил этилаётгани, мусобақалар ўтказилаётгани, уларни бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун жойларда тўгараклар очилаётгани, ёш олимлар учун берилаётган турли имтиёзлар шулар жумласидандир. Имон эътиқоди мустаҳкам, илм-маърифатли, жисмонан соғлом ёшлар юртнинг буюк келажаги гаровидир.

Хулоса шуки, ёшларнинг одоб -ахлоқи, таълим-тарбияси, илм-маърифати билан хар-бир ота-она ва масъуллар шуғулланса, келажакда бизнинг фарзандларимиздан хам Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Хоразмий, Ибн Сино, Фарғоний, Алишер Навоий, Беруний каби буюк олиму алломалар чиқади.        

Хайрулло Абдуллаев,
Косонсой тумани “Қуқумбой” жоме
масжид имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг