ИККИ ДУНЁ ЧИРОҒИ

Муҳтарама аёл яъни, она оиланинг муқаддаслигини таъминловчи, оиланинг ижтимоий, маънавий-ахлоқий муҳитини бунёд этувчи, ҳамда яратувчанлик ҳосиятига эга бўлган мукаррам инсон сифатида таърифланади, танилади ва эҳтиром кўрсатилади. Она исмини қайси тилда номласангиз, эшитилиши киши танасига бир хил таъсир эта олади. Сабаби, курраи заминда яшовчи мавжуд инсониятнинг барчаси эътибор қаратишга мажбур бўлган муҳтарам ва мўътабар зот – бу онаизордир.
Дарҳақиқат, яратилмиш мавжудотларнинг энг олий ва мўътабарларидан бири мукаррам аёл – она ҳисобланади. Онанинг таърифи, унинг қадр-қиммати, ризоси, меҳр-муруввати дунёдаги ҳеч нарсага баробар келмайди. Зеро, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунё эзгу амалларининг мукофоти бўлмиш жаннатнинг оналар оёғи остида бўлиши тўғрисидаги хабарлари оналик мартабаси юқори эканлигини яққол кўрсатиб беради. Бу каби юқори даражалар, мақтовлар она оиланинг тинч-фаровонлиги, мунавварлиги, оила аъзоларининг бахт-саодатини барқарор сақловчи устун эканидандир. Демак, она – аёл оила ҳаётининг барча бўғинларида, айниқса, болалар тарбиясида сабр-тоқатда, фарзандларнинг парваришидан тортиб токи ахлоқий, ақлий, маънавий тарбиясида энг масъулият соҳибаси десак муболаға бўлмайди.
Мўътабар она оиланинг муқаддаслигини таъминловчи, оиланинг ижтимоий, маънавий-ахлоқий муҳитини бунёд этувчи, яратувчи мукаррам инсон сифатида таърифланади ва танилади.
Онанинг буюкликка лойиқ бўлган хизматларини уларга қайтариш инсонни ожиз қолдиради. Сабаби, Яратганнинг қудрати билан фарзандни дунёга келишида бор вужуди билан ҳомиласига ўз аксини тушишига сабабчи бўлади ва туғилиш давригача танасидан ўзи қатори баробар озиқлантиради. Бунинг эвазига танасининг ҳар бир нуқтасига алам етиб бориб, оғриқ тортади. Туғилиш даври ва ундан кейинги эмизиш босқичидаги машаққатлар боланинг ҳомила давридан кўра бир неча бор зиёдалашади. Дунёга келган гўдакка биринчи ризқни бериш – эмизиш шарафи ҳамда уни тарбиялаш, вояга етказиш, элга қўшиш оналар зиммасидадир.
Чақалоқнинг парвариши даврида она ўзининг парваришига қараганда ҳам кўпроқ эътибор ва куч талаб қилиши барчамизга маълум. Бу парвариш даврида она томонидан фарзанд учун чинакам инсоний фазилат – меҳр-шафқат, инсонпарварлик, келажакка ишонч каби фидоийлик кўрсатилади. Назар солсангиз дунёда онадан бошқа бирор бир мавжудот инсоннинг дунёга келиши, камол топиши учун бу каби меҳнат, меҳр-шафқат кўрсата олмайди.
Ислом дини тарихи билан боғлиқ воқеаларни кузатганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларга бўлган эътиборлари уларнинг ижтимоий ҳаётда эркаклар билан тенг ҳуқуқлилигини ва бу Аллоҳ томонидан билдирилганлигининг гувоҳи бўламиз. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматлари, бир вақтнинг ўзида аёллари бўлмиш Ҳадичаи Кубро розийаллоҳу анҳога Аллоҳнинг саломи ва раҳматлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам воситаларида келган. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузури муборакларига Жаброил алайҳиссалом келиб “Эй Расулуллоҳ! Бу Ҳадича у идишдан нонхўрак олиб келмоқда. У сизни олдингизга келса Роббисидан салом етказинг ва жаннатдаги олтиндан бўлган уйнинг башоратини беринг” дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Хулоса қилсак, аёлларга энг афзал, энг азиз, энг улуғ мартабани ҳадя этган, уларни ҳимоя қилган, бирор лаҳза нигоҳидан туширмаган дин – бу ислом динидир. Айни шу динга эргашган мўмин-мусулмонларнинг аёлларни эъзозлаши, эҳтироми кўрсатиши вожиб амаллардандир.
Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022