Қоронғи режим
Image
Logo

МИНГ ОЙДАН ЯХШИРОҚ КЕЧА ...

МИНГ ОЙДАН ЯХШИРОҚ КЕЧА ...

Рамазон ойининг фазилатларидан бири шуки, унда Қадр кечаси яширинганидир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Рамазон кирган чоғи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дер эдилар: "Сизларга бу (Рамазон) ой ҳозир бўлди. Унда минг ойдан яхшироқ кеча бор. Ким ундан маҳрум қилинса, батаҳқиқ барча яхшиликлардан маҳрум қилинибди. Ваҳоланки унинг хайриятидан маҳрум кимсагина ажраб қолади" (Имом ибн Можжа ривояти). Демак, Рамазонга муваффақ бўлган киши, ундан Қадр кечаси билан насибаланиши даркор экан. Акс ҳолда инсон кўп фазилатлардан мосуво бўлиб қолиши ҳеч-гап эмас.

Бу кечага етиб келган одам нима билан тунни ўтказса, ютуқда бўлади. Албатта, бу борада ҳар-ким ўз имкониятидан келиб чиқиб иш тутмоғи лозим. Қуръон ўқишни билган азизларимиз, ёддан ёки хатаки тиловат билан машғул бўлганлари афзал.

Зеро, Рамазон - Қуръон ойидир. Бунга имкони йўқлар нофила ибодатлар ва зикру-тасбиҳ билан вақт ўтказмоқлари хайрлидир. Беҳуда, лағв ёки ғийбат гапларни гапириб, тунни бедор ўтказишдан манфаат йўқ. Қисқаси, бу кеча ибодат кечасидир. Аллоҳ таолодан сўрайдиган энг олий сўров бу - гуноҳларимизнинг авф қилинишини сўрашдир.

Авф нима? Авф бу - бандадан гуноҳи туфайли уқубатни соқит бўлишидир. Яъни, банданинг саҳифасидан гуноҳни ўчирилиши, асари ҳам қолмаслиги бу авфдир. Қолаверса, Афувв сифати бу - Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан биридир. Авф бу мағфиратдан фазилати кўпроқдир. Чунки Аллоҳ бандани авф қилса, қиёмат кунида уша гуноҳи эсга олинмайди. Гўёки уни қилмагандек ҳолда тирилади.

Мағфират эса гарчи кечирилган бўлса-да, банданинг саҳифасида қолади. Нима учун? Бандага эслатма сифатида. Лекин мағфират қилинган гуноҳга ҳам азоб йўқ, иншааллоҳ. Аммо биз мағфиратдан ҳам кўра, авфга эҳтиёжимиз кўп. Қадр кечасининг ҳам афзаллиги шу. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимотлари қуйидаги дуодир: "Аллоҳумма иннака афуввун каримун, туҳиббул авфа фаъфуанна". Яъни, Эй Аллоҳим, албатта Сен Авф қилувчи Сахий Зотсан, авфни яхши кўрасан, бизларни авф эт!

Демак, биз Рамазондан фойда билан чиқишни истасак, ушбуларга амал қилиб, бу кечада оиламиз даврасида, фарзандларимиз ва аҳли аёлимиз билан иймонлашиб, қалбан Аллоҳга ёлвориб, мақсадларимизни сўраган ҳолда дуолар қилайлик. Шояд, Роббимиз марҳаматига ноил бўлсак!

                                                                           Абдусаломхон Тожиходжаев,
Чуст туман “Имомқулбой” жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг