Пайпоқга масҳ тортишни ҳукми

Кейинги пайтларда пайдо бўлган ихтилофли масалалардан бири таҳоратда юпқа пайпоқларга масҳ тортиш масаласи бўлмоқда. Баъзиларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида масҳ тортилган жавробни ҳозирги замонавий юпқа пайпоқлар билан адаштириб қўйишлари бунга сабаб бўлмоқда.
Бугунги кундаги пайпоқларинг барча турига хоҳ қалин, хоҳ юпқа бўлсин, масҳ тортиб бўлмайди. Баьзи ҳадисларда Пайғамбаримиз алайҳиссалом “жавробга” масҳ тортилганлари ривоят қилинган. Ҳозирги замонавий араб тили луғатларида “жавроб” – “пайпоқ” экани қайт этилади. Лекин шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларидаги жавроблар билан ҳозирги замонавий пайпоқлар-бутунлай бошқа-бошқа нарсалардир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида жорий бўлган жавробга берилган таърифларнинг ҳаммасини ўрганиб, хулоса қилинса, жавроб – жундан ёки пахтадан тўқилган қалин матодан бўлган, оёқни иссиқ тутиш учун кийиладиган ёки оёққа ўраладиган, энг камида ости теридан бўлган нарса экани маълум бўлади.
Аллома Бадриддин Айний жавробни одамлар одатда ўта совуқ ўлкаларда кийишини таъкидлаб ўтганлар.
Ҳозирги кундаги пайпоқ-маҳсиларнинг ҳукмини фиқҳ китобларимизда зикр қилинган бўлиб «Жавробга масҳ тортишнинг ҳукми уч хил бўлади:
- агар у қалин жавроб бўлиб, остига тери қопланган бўлса, масҳ тортиш жоиз. Бунга уламоларимиз иттифоқ қилганлар.
- теридан бўлмаган юпқа жавроб бўлса, унга масҳ тортиб бўлмайди. Бунга ҳам барча уламолар иттифоқ қилганлар.
- жавроб теридан бўлмаса, лекин қалин бўлса ҳам, Имом Аъзамнинг наздиларида масҳ тортиш дуруст эмас дейилган»
Демак, қадимги жавроблар (яъни қалин пайпоқлар) маҳсига ўхшагани, маҳсига қўйилган талабларга жавоб бергани учун уларга масҳ тортилган. Бу талабларга жавоб бера олмаган ҳар қандай оёқ кийимига масҳ тортиш жоиз эмас, деб ҳисобланган.
Алоуддин Косонийнинг ушбу масалага оид қуйидаги сўзлари ҳам эътиборга эгадир: Жавробнинг усти ва ости теридан бўлса; ёки фақат ости тери билан қопланган бўлса, мужтаҳид уламоларимиз ўртасида ҳеч қандай хилофсиз унга масҳ тортиш жоиз бўлади деганлар.
Шундай экан жавроб деганда ҳозирги юпқа пайпоқларни тушунмаслигимиз лозим бӯлади
Юнусхон Умаров,
Косонсой туман "Садпири комил" жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022