Қоронғи режим
Image
Logo

Рамазон ойи ва рўзадорнинг одоблари.

Рамазон ойи ва рўзадорнинг одоблари.

 

Яратганга бехисоб шукрлар бўлсинки, шундай баракотли ва файзли ойга хам етиб келдик. Бу кунларни барчамиз катта қувонч ва иштиёқ  билан кутиб олдик. Рўза тутиш ва таровех намозларини ўқишга киришиб, бу ой рахматидан бахраманд бўлмоқдамиз.

Аммо шу амалларимиз Аллохнинг хузурида биз орзу қилгандай савобга эга бўлиши учун бизда хам бир қанча одоблар бўлиши керакки, акс холда савобларимиз камайиб рўзамизга путур етиб қолиши, хатто, савоб ўрнига гунох бўлиб қолиши  хам мумкин.

Рўзамиз биз ўйлагандек савобли бўлиши Аллох даргохида қабул бўлиши учун бир қанча амалларимизга эътибор беришимиз керак. Хусусан рўзадор одам тили ва бошқа аъзоларини ҳаром ишлардан, гуноҳлардан тийиши лозим. Ана шунда рўзанинг асл маъноси бўлмиш тийилишни амалга оширган бўлади.

Икки «Саҳиҳ»да Имом Бухорийнинг лафзи билан қуйидагича ривоят қилинади:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Рўза қалқондир. (Рўзадор) фаҳш сўз айтмасин, жоҳиллик ҳам қилмасин. Агар бирор киши у билан уришмоқчи ёки сўкишмоқчи бўлса, икки марта «Мен рўзадорман», десин. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, рўзадорнинг оғзидан келган ҳид Аллоҳ таолонинг наздида мушкнинг бўйидан яхшироқдир».

Аллоҳ таоло айтади: «(Бандам) таоми, ичимлиги ва шаҳватини Мени деб тарк қилади. Рўза Мен учундир, унинг мукофотини Ўзим бераман. Бир яхшилик учун унинг ўн баробари бор».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Ким (рўзадор ҳолда) ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, Аллоҳ унинг таоми ва ичимлигини тарк этишига муҳтож эмас».

Мана бу хадислар рўзадорни тил орқали бўладиган гунохлар ва ғазаб отига минишдан қайтаради. Ўз ўрнида бу ишлар рўзага хам зарар етказади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Баъзи рўзадорлар борки, улар рўзасидан очликдан бошқа нарсага эришмайдилар. Баъзи тунда бедорлар борки, улар бедорликда уйқусизликдан бошқа нарсага эришмайдилар».

Ибн Можа, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган.

Насоий ва Табаронийдан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар тешиб қўйилмаса, рўза қалқондир», дедилар. «У нима билан тешилади?» дейишди. У зот: «Ёлғон ва ғийбат билан», дедилар.

Рўза қаттиқ азобдан сақланишдир. Фақат рўзадор уни ёлғон ёки ғийбат каби гуноҳлар билан «тешиб» қўймаслиги лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари Убайддан ривоят қилинади: «Икки аёл рўза тутди. Бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули! Икки аёл рўза тутган экан, чанқоқдан ўлай дейишяпти», деди. У зот юзларини ўгирдилар [ёки сукут қилдилар]. Бояги одам гапини такрорлаган эди, у зот: «Уларни чақир», дедилар. Иккови кириб келишди. Коса [ёки катта коса] келтиришди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам икковидан бирига «Қайт қил», деган эдилар, у ярим коса йиринг [ёки қон-йиринг] ва гўшт қусди. Сўнгра бошқасига ҳам «Қайт қил», деган эдилар, у ҳам коса тўла йиринг, қон-йиринг ва янги гўшт ҳамда бошқа нарсаларни қусди. У зот шундай дедилар: «Бу иккови Аллоҳ ҳалол қилган нарсадан рўза тутиб, ўзларига ҳаром қилинган нарсани ейишган. Бири бошқасининг ёнига ўтириб, иккови одамларнинг гўштини ея бошлашган».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Рўзадор одам бирор мусулмонни ғийбат қилмаса, озор бермаса, ибодатда бўлади».

Дайламий ривоят қилган.

Бу хадисларда эса ўзганинг хаққидан қайтариб, хатто ғойибона бўлсада ўзга хаққидан қўрқишга буюради.

Рўзадор одам ибодатлари билан машғул бўлиб, қалбий, амалий ва қавлий тоатларга бутунлай шўнғимоғи, имкони борича қалб, аъзо ва тил гуноҳларидан йироқ бўлмоғи лозим. Хусусан, ажрлар кўпайтириб бериладиган, оддий гуноҳлар ҳам улкан ҳисобланадиган рўза ойи ҳамда тоат-ибодат мавсуми бўлмиш Рамазон ойида бунга ҳушёр бўлиш керак.

Рамазон ойи чиройли ўтиб, барча мусулмонлар бир бирларидан хурсанд бўлиб, хақиқий байрам шукухини хис қилишлари учун хам, рўзамиз қабул бўлиб савоби, мукофоти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидай бўлиши учун хам бу ўгитларга амал қилишимиз зарур. Шунда ой охирида қуйидаги хадисдаги башорат биз учун бўлади ва албатта Аллох биз билан фаришталарига мақтанадигон бандаларидан бўламиз, иншааллох!

Убода ибн Сомитдан ривоят қилинади:

Рамазон ойи келганда бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Сизларга баракот ойи бўлмиш Рамазон келди. Аллоҳ сизларни ундаги кўплаб яхшиликлар билан қамраб олур. Унда раҳмат нозил бўлади, хатолар ўчирилади, дуолар ижобат қилинади. Аллоҳ сизларнинг (солиҳ амалларда) мусобақалашишингизга қараб, фаришталарга мақтанади. Шундай экан, Аллоҳга ўзларингиздаги яхшиликларни кўрсатинглар. Кимки бу ойда Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум бўлса, энг бадбахтларнинг бадбахтидир».

Шухратилла Исроилов,
Учқўрғон туман “Мухаммадзариф” жоме
 масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг