АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОА....

Маълумки ақида ҳар доим энг долзарб масала бўлиб келган. Чунки инсон амали биринчи навбатда ақидасига боғлиқ. Агар ақида тўғриланса, амали мақбул бўлади. Ақида бузилиши билан амал ҳам бузилади. Эътиқоди нотўғри одам ҳарчанд уринмасин, қилган солиҳ амали Аллоҳ таало даргоҳида мақбул эмас.
Шунинг учун биринчи галда ақида илмини ўрганиш зарур.
Энг ҳақ ақида Аҳли сунна вал жамоа ақидасидир. Мана шу ақидада бўлган одам икки дунёда нажот топади.
Аҳли сунна вал жамоа нима дегани? Аҳли сунна вал жамоа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, солиҳ салафлар (яъни, саҳобалар, тобеинлар, табаа тобеинлар) тутган йўлдир. Таъбир жоиз бўлса айтиш мумкин, бу мазҳаб булоқ боши саналади. Зеро фитналар авж олмасидан, турли фирқалар чиқмасидан олдинги мусаффо Ислом ақидаси айнан Аҳли сунна вал жамоа ақидасидир.
Сунна нима дегани? Сунна(т)- Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда у кишининг саҳобалари йўли.
Жамоа нима дегани? Жамоа аслида "бир гуруҳ одамлар" маъносини англатади. Бу ерда саҳобалар, тобеинлар, табаа тобеинлардан иборат солиҳ салафлар назарда тутилади. Улар Аллоҳнинг Каломини, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини маҳкам ушлашган. Динда собитқадам бўлишган. Эътиқод масалалари, амалий-фиқҳий масалалар ҳам мазкур авлод вакиллари орқали бизга етиб келган.
Маълумки Мусо ва Исо алайҳимуссалом қавми 72 фирқага бўлиниб кетган. Ислом уммати эса 73 фирқага бўлинган. Ҳақиқат битта. Шундай экан, мана шу 73 фирқадан фақат биттаси ҳақ йўлдадир. Ислом уммати ичида ҳақни топган, ҳақга эргашган жамоа Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, у зотнинг саҳобалари амал қилган йўлдан борадиган мусулмонлардир.
Қолган 72 фирқа ҳақни топмаган. Ислом динининг қатъий ҳукмларини инкор қилмагани учун улар ҳам Ислом доирасида ҳисобланади. Ислом уммати ичида ҳаққа эргашган фирқа "Аҳли сунна вал жамоа" дейилади.
Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни бомдод намозидан кейин бизларга мукаммал насиҳат қилдилар. Уни эшитиб, кўзларга ёш келди, қалблар қўрқувга тушди. Шунда бир киши: "Бу хайрлашувчи одамни насиҳатику. Бизга нимани васият қиласиз, эй Расулуллоҳ", деди. У зот.
" Аллоҳга тақво қилишни, гарчи (бошлиғингиз) хабаший қул бўлса ҳам, унга тўлиқ бўйсунишни васият этаман. Сизлардан ҳаёт бўлган одам ҳали кўп ихтилофларни кўради. Шундай экан, янги пайдо бўлган ишлардан сақланинглар. Зеро, у залолатдир. Сизлардан ким ўша вақтга етса, менинг суннатимга, тўғри йўлдаги хулофои рошидин суннатига эргашсин. Уни озиқ тишларингиз билан маҳкам тишлаб олинглар!" дедилар.(Абу Довуд, Термизий, Аҳмад, Ҳоким ривояти).
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: "Огоҳ бўлинглар! Сизлардан аввалги Аҳли китоблар 72 миллатга бўлиниб кетган. Албатта мана бу миллат 73 фирқага бўлиниб кетади. Етмиш иккитаси дўзахда, биттаси жаннатдадир. У жамоатдир" (Абу Довуд ривояти).
Бошқа ривоятга кўра, "Ўша бита фирқа қайси?" деб сўралганида Набий алайҳиссалоту вассалом: "Мен ва саҳобаларим йўлини тутганлар" деб жавоб берганлар.(Термизий ривояти).
Шунинг учун биз суннатга - Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, хулафои рошидин йўлларига, мусулмон жамоасига эргашамиз, хилоф нарсалардан, тафриқадан сақланамиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар тобеинлар, табаа тобеинлар йўлларидан юрган мусулмонлар жамоасидан ажралмаймиз.
Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, Аҳли сунна вал жамоа амалий фиқҳда тўрт мазҳабга бўлинган. Булар:
- Ҳанафий мазҳаби.
- Моликий мазҳаби.
- Шофеий мазҳаби.
- Ҳанбалий мазҳаби.
Бизнинг диёримиз мусулмонлари неча аср, неча йиллардан бери бу мазҳаблар ичида энг биринчиси, саҳобалар ва тобеинлар замонига энг яқини, энг мўътадили бўлган Ҳанафий мазҳабига эътиқод қилиб келадилар.
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлдан адаштирмасин.
Манба асосида тайёрланди
Абдураҳим Турсунов.
Уйчи тумани “Машҳад Мозор” жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022