АБУ ҲАНИФА РАҲМАТУЛЛОҲИ АЛАЙҲНИНГ ГЎЗАЛ РАДДИЯЛАРИ

Доктор Ражаб Маҳмуд Иброҳим Бахит “Аъломул фуқаҳо” китобида шундай ривоятни келтирадилар. Абу Ҳанифа қиёсий масалалар ҳақида сўзлаб турган эдилар. Шунда Мадина аҳлидан бир киши ҳам эшитиб турганди. У: “Қиёслаш, бу нимаси? Тўхтатинглар. Биринчи бўлиб қиёслаган Иблис бўлган”, деди. Абу Ҳанифа унга юзландилар ва: “Эй фалончи, сўзни ўз ўрнидан нотўғри ўринга қўйдинг. Иблис Аллоҳ таолонинг буйруғини рад қилган.
Аллоҳ таоло айтади: “Эсла, фаришталарга: “Одамга сажда қилинглар!” деганимизни. Бас, сажда қилдилар, магар Иблис бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди” (Бақара сураси, 34- оят).
Ва яна Аллоҳ айтади: “Бас, фаришталар барчалари сажда қилдилар. Магар Иблис сажда қилувчилар билан бирга бўлишдан бош тортди”. (Ҳижр сураси, 30-31 –оятлар).
Ва яна айтади: “Магар Иблисгина мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди”. (Сод сураси, 74-оят).
Ва яна айтади: “Фаришталарга: “Одамга сажда қилинглар!” деганимизда сажда қилганларини, магар иблис қилмаганини, “Сен лойдан яратган кимсага сажда қиламанми?”деганини эсла”. (Исро сураси, 61-оят).
Кибрга кетди ва Аллоҳ таолонинг амрини рад этди ва барча Аллоҳнинг амрини рад этувчилар кофир бўладилар. Бу ерда биз ўрганаётган қиёс эса Аллоҳнинг амрига эргашишдир. Чунки биз Китоб ва суннатдаги Аллоҳнинг амрларини аслига ёки саҳоба ва тобеинларнинг ижмосига қайтарамиз. Аллоҳнинг амридан асло четга чиқмаймиз. Ва амал Китоб, суннат ва ижмога биноан бўлади. Ишларимизда унда Аллоҳнинг амри бўлган нарсага эргашамиз.
Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг. Ана шундай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир”. (Нисо сураси, 59- оят).
Биз эргашиш атрофида ҳаракат қиламиз. Аллоҳнинг амрларига амал қиламиз. Иблис бўлса Аллоҳнинг амрига хилоф бўлди. Уни рад қилди. Қандай қилиб бизнинг ишимиз уники билан бир хил бўлиши мумкин?!”
Шунда у киши: Эй Абу Ҳанифа, мен адашдим. Аллоҳга тавба қиламан. Қалбимни нурга тўлишига сабаб бўлганинг каби Аллоҳ сени нурлантирсин!” деди.
Толибхон МУСАЛЛАМОВ
Наманган шаҳар “Абу Ҳанифа” жоме
масжиди имом-ноиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022