Қоронғи режим
Image
Logo

БИР ИНСОННИ КОФИР ДЕЙИШ

БИР ИНСОННИ КОФИР ДЕЙИШ

  Бугунги кунда  Бемазҳаблар мусулмонларни кофирга чиқариш билан энг оғир гуноҳга  ботмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад эса, инсонларни кофирликда айблаб, шу орқали уларга қарши уруаҳ элон қилишга баҳона топишдир.

  Бемазҳаблардан бири: “Ҳозирги вақтда дунёнинг барча жойи куфр диёридир, ҳатто Макка ва Мадина ҳам”, деб бўҳтон тарқатади.

Исломдан озгина хабари бор ҳар қандай инсон бу гапларни айтишдан  ўзини тияди. Чунки бир диёрда яшайдиган кишиларни ёппасга кофирга чиқариш  ҳамда бутун бошли мамлакатларни куфр диёри дейиш ўта нодонлик бўлиб,  бундай сўзларни фақат гумроҳ, илмсиз ва жоҳил кишигина айтиши мумкин.

  Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ Ким ҳаммани ёмон деса ўзи ёмондир” деганлар.  Ислом дини кўрсатмаларида ҳам бир инсонни кофир дейишга шошилмаслик, унга қилаётган иши нотўғри эканини  ётиғи билан тушунтириш лозимлиги таъкидланади.

 Ислом дини таълимотига кўра, Аллоҳнинг ягоналиги, Пайғамбар алайҳиссалом унинг элчиси эканига иймон келтирган, ислом динига эътиқод  қиладиган ҳар қандай киши мусулмон ҳисобланади. Ҳеч кимга инсоннинг иймонини ўлчаш, унинг мусулмон ёки кофирлигини аниқлаш ҳуқуқи берилмаган.  Чунки иймон қалбда бўлади. Қалб эса фақат Аллоҳнинг ҳукмидадир.

  Замонамизнинг машҳур алломаси доктор Юсуф Қарзовий бир мусулмонни кофирга чиқариш ҳусусидаги саволга  бундай жавоб берган: “ Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад алайҳиссалом  Унинг расули эканига қалби билан тасдиқлган ҳолда гувоҳлик берса, у мусулмондир. Унга ҳамма мусулмонларга қилинадиган муомала қилиниши керак”.

  Бугун Бемазҳаб фитначилар мусулмонларга “ кофир“ деб айб қўйиб, диндошларига қарши уруш элон қилишгача бормоқдалар. Улар ўз  жамоатларидан четлашганларни, ҳижрат қилмаганларни, улар “кофир” деган кишини  кофир ҳисобламайдиган одамларни “куфр”да  айблаб қатл қилмоқдалар. Ваҳоланки, ислом таълимотига кўра, ширкдан ташқари ҳар қандай  гуноҳ қилган инсон  токи ўша гуноҳини ҳалол деб ҳисобламас экан, кофир бўлмайди.

   Мусулмон кишини кофирга чиқариш мумкин эмаслиги борасида Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Уч нарса иймоннинг аслидир: “Лаа илаҳа иллаллоҳ (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!)” деган кимсага тегмаслик;  гуноҳи боис уни куфрда айбламаслик; амали учун уни исломдан чиқармаслик”. Бошқа бир ривоятда эса: “Кимда-ким ўз биродарини “кофир” ёки “фосиқ” деса, агар ўша инсонда шу нарса топилмаса, унинг ўзи шундай бўлибди”, деб таъкидланган.

    Шунингдек, калимаи шаҳодатни айтиб, ўзининг мусулмонлигини билдириб турган кишининг жонига, молига зарар етказмаслик зарур. Зоҳирида мусулмон бўлиб кўриниб, ислом амалларини қилаётганлар билан яхши муомала қилинаверади. Кишиларнинг ички сирлари Аллоҳнинг ўзига ҳавола. “Лаа илаҳа иллаллоҳ”ни айтиб, мусулмон бўлган  одамни қилган гуноҳи туфайли кофирга чиқарилмайди. У кофир эмас, балки осийдир. Калимаи тавҳидни айтиб турган одамни амали учун динидан чиқарилмайди. Эътиқоди бузулмаса, исломдан чиққан ҳисобланмайди.

“Аҳли Сунна вал-Жамоанинг тўрт мазҳаби:  …Ҳанафий, Моликий, Шофеий, Ҳанбалий мазҳабларига эргашувчи ҳар бир шахс мусулмондир. Уни кофир дейиш, жонига қасд қилиш, шаъни ва мол-мулкига тажовуз қилиш мумкин эмас…”.

Юқорида келтирилган фикрлар асосида айтиш мумкинки, ҳеч кимга бошқа бир кишини  “кофир”ликда айблаш ҳуқуқи берилмаган. Чунки инсон қалбида кечаётган ҳис-туйғуларни Яратгандан бошқа ҳеч ким билмайди.

Тохиржон Болтабоев,
 Янгиқўрғон тумани "Шохўжабой" жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг