БИРОР КИШИГА МУСУЛМОННИ ҚЎРҚИТИШ ҲАЛОЛ ЭМАС

#Экстремизм
Бегуноҳ, ҳеч нарсага алоқаси бўлмаган кишиларни қўрқитиш, уларни ўлдириш шаръан жоиз эмас. Бунинг бир қанча сабаблари бор.
Биринчидан, ислом дини бутун инсоният, балки жамики оламлар учун ҳам раҳмат динидир. Қуръони каримнинг 340 дан ортиқ ўринларида “раҳм” ва ундан ҳосил бўлган сўзлар келганини, шунингдек, 130 жойда “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим” сўзи қўлланилганини кўришимиз мумкин. Мўмин банда ўзининг ҳар намозида мазкур калимани зикр қилади ва ҳар бир амалини Аллоҳ таолонинг ушбу сифатларини тилга олиб бошлайди. Парвардигор ушбу Муҳаммадий рисолатни нозил этишининг мақсади нафақат мусулмонларга, балки бутун одамзотга раҳматни ёйиш эди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб: ―(Эй Муҳаммад), дарҳақиқат Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат (яъни Аллоҳнинг раҳмати-жаннатига етаклагувчи) қилиб юбордик,-дейди (“Анбиё” сураси, 107-оят).
Иккинчидан, ислом дини инсон учун тинчлик ва омонлик динидир. Аллоҳ таолонинг исмларидан бири “Ас-Салом”дир. Қуръон нозил бўлган кеча салом кечасидир. Бу хусусида Қуръони каримда: ―У (кеча) то тонг отгунича тинчлик-омонликдир, - дейилади (“Қадр” сураси, 5-оят). Ислом ҳатто ёлғон ишлатиб тинчликка мойиллик кўрсатган урушаётган тарафлар билан бўлса ҳам тинчликка ҳаракат қилишни буюради. Кўплаб ҳадислар мусулмон кишини, шунингдек, мусулмон юртда қонуний яшаётган бошқа шахсларни ҳам қўрқитиб бўлмаслигига далил бўлади. Табароний ривоят қилган ҳадисда: ―Бирор кишига мусулмонни қўрқитиш ҳалол эмас, -дейилган. Омир ибн Рабиъадан ривоят қилишларича, бир киши ҳазиллашиб бошқа бир кишининг оёқ кийимини беркитиб қўйди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтилганида. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: ―Мусулмонни қўрқитманглар. Мусулмонни қўрқитиш катта зулмдир, - дедилар. Исломчалик экстремизм, ҳаддан ошиш ва исрофга барча нарсада қарши чиқадиган дин йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғулувга кетган, экстремист тоифаларга динда ва дунёда ҳалокатдек оғир оқибат борлигини айтиб ўтганлар. Хусусан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта: “Ноўрин қаттиқлик қилиб, чуқур кетувчилар ҳалок бўлишди”, - деб айтганлар. Шу боис ислом васатийликка чақиради. Аллоҳ таоло бу умматни васат уммат қилган. Бу ҳақида Қуръони каримда:―Шунингдек (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик, - дея марҳамат қилинган (“Бақара” сураси, 143-оят).
Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳар "Абдулқодир қори" жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022