Қоронғи режим
Image
Logo

БУЗҒУНЧИ ҒОЯЛАРГА ТАРҒИБ ҚИЛАЁТГАНЛАР, АСЛИ ХАҚНИ БИЛАДИЛАР, НЕГА ЎЗГАЛАРДАН ЯШИРАДИЛАР..

БУЗҒУНЧИ ҒОЯЛАРГА ТАРҒИБ ҚИЛАЁТГАНЛАР, АСЛИ ХАҚНИ БИЛАДИЛАР, НЕГА ЎЗГАЛАРДАН ЯШИРАДИЛАР..

Хозирги вақтларда барча интернет тармоқларида турли фитна қўзғаётган кишилар дин номидан гапириб ваъз қилар экан, асли нима эканини ўзлари хам билиб турадилар. Била туриб халқни алдаш, адаштириш, бу айни залолатдир. Аллох таоло қуръони каримда бундай дейди:
“Биз нозил қилган оятлар ва ҳидоятдан иборат нарсаларни (Муҳаммаднинг барҳақ пайғамбар эканини) одамларга Китоб (Таврот)да аниқ қилиб берганимиздан кейин (уни) яширганларни, шубҳасиз, Аллоҳ лаънатлагай ва уларни лаънатловчилар (фаришталар ва мўминлар) ҳам лаънатлагайлар. Илло, қайсилари тавба қилиб, хатоларини тузатиб, (ҳақиқатни) баён қилсалар, уларнинг тавбаларини қабул этурман. Мен Таввоб (тавбаларни қабул этувчи) ва Раҳмлидирман” (Бақара сураси 159-160-оятлар).

Муъоз ибн Жабал ва бир гуруҳ саҳобалар баъзи яҳудийлардан Тавротдаги баъзи ҳукмларни сўрадилар. Яҳудийлар айтмадилар ва ҳукмни яширдилар. Бу оят нозил бўлди. Яна бу оят умумий аҳли китоблар шаънига эди. Чунки улар Таврот ва Инжилда келган пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам тўғрисидаги оятларни яширган эдилар. Бу ояти Карима, асосан, яҳудий ва насронийлар ҳақида нозил бўлган. Бу ҳукм сабаби нузули хос бўлса ҳам, одамлар унга муҳтож бўлган пайтда илмни яшириб, баён қилмаган ҳар бир киши киради. “Ҳақни ноҳақлик билан қориштирмангиз ҳамда била туриб, ҳақиқатни яширмангиз!” (Бақара сураси 42-оят). Демак, бу оятда умумий ҳукм бор.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳнинг розилиги талаб қилинадиган илмни фақат дунёнинг ўткинчи матоҳига эришиш учун ўрганса, қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам топа олмайди”, дедилар”. Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Шарҳ: Исломда илм талаб қилиш, хусусан, динда фақиҳ бўлиш учун илм ўрганиш фақат Аллоҳ таолонинг розилиги учун бўлади. Шундай қилган одам икки дунёнинг бахт-саодатига эришади. Бу дунёда ҳурмат-эҳтиром ила ҳаёт кечиради. Охиратда эса жаннати маъводан жой олади. Аммо кимки диний илмларни, яъни, ҳадисда айтилганидек, Аллоҳнинг розилиги талаб қилинадиган илмни дунёнинг ўткинчи матоҳига эришиш учун, яъни мансаб учун, пулу мол учун, риё учун ўрганса, жаннатнинг ҳидини ҳам топа олмайди. Шунинг учун диний илмларни талаб қилганда киши ўта ҳушёр бўлиши, ниятини соф қилиши, фақат Аллоҳ таолонинг розилигини ўйлаб иш тутиши керак.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким илмни Аллоҳдан бошқа учун ёки Аллоҳдан бошқани рози қилишни ирода этиб ўрганса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин”, дедилар” (Термизий ва Ибн Можа ривояти).Шарҳ: Бу ҳадиси шарифнинг ровийлари Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу билан танишамиз. Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам илм талаб қилиш фақат Аллоҳ учун, Аллоҳнинг розилиги учун бўлиши зарурлигини қаттиқ таъкидламоқдалар. Агар кимнинг нияти бузилса, яъни илмни Аллоҳдан бошқа учун, Аллоҳнинг розилигидан бошқа мақсад учун ўрганса, дўзахга тушиши муқаррар эканини айтмоқдалар. Бу ҳадиси шариф ҳам олдинги ҳадис маъносидадир. Фақат биринчи ҳадисда натижа жаннатнинг ҳидини ҳам топа олмайди, деб баён қилинган бўлса, иккинчи ҳадисда “дўзахдаги ўриндиғини олаверсин”, дейилмоқда. Бу эса, диний илмларни талаб қилишда жуда ҳам ҳушёр бўлишни, Аллоҳнинг розилигини тилашдан бошқа нарсани хаёлга ҳам келтирмасликни тақозо қилади.

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илмни уламолар билан можаро қилиш учун, эси пастларга ғолиб келиб, ўзини кўрсатиш учун ёки у билан одамларни ўзига қаратиш учун ўрганса, Аллоҳ уни дўзахга киритади”, дедилар”. Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Шу кунларимизда турли фитналарга сабаб бўлаётган даъватчилар ўзлари даъво қилаётганларидай холис бўлса олимлар билан илмий тортишмайдиларми?. Муттахамлик ва кескинлик, ўз қобиғига ўралиб олиш, ўзгани эшитмаслик хатто эшитганда хам хатосини билганда хам йўлига қаттиқ ёпишиб олишлиги ким эканликларига далолат қилади


Ғиёсиддин Тожимирзаев,
Учқўрғон туман “Байтул муқаддас” жоме
 масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг