ДИНИМИЗ БУЗҒУНЧИЛИКДАН ҚАЙТАРАДИ

Ислом динида энг оғир шароитда ҳам экстремистик ва террорчилик каби кескин ҳаракатлар қораланади. Унинг таълимотига кўра, ноҳақ қон тўкилиши кимнинг қони бўлишидан қатъи назар, энг оғир гуноҳ ҳисобланиб, унинг жазоси ҳам оғир эканлиги, инсоф, адолат ва инсонпарварлик қоидаларига ҳатто ёв билан жанг қилиш асносида ҳам риоя қилишга буюрилади. Ҳаддан ошиш, тажовузкорлик ва зўровонлик қаттиқ қораланади. Бу борада Аллоҳ таоло шундай дейди: “Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни (тажовузкорларни) ёмон кўргай”.(Бақара, 190 оят)
Терроризмни бирор миллат ёки динга нисбат бериш, талқин этиш мутлақо нотўғри. Зеро, терроризмни ҳеч қайси дин, ҳеч қайси миллат оқламайди. У кимнинг ва ниманинг номидан содир этилишидан қатъи назар, уни амалга оширувчи шахс жавобгар ҳисобланиб, тегишли жазога тортилиши шартдир. Ушбу фикрнинг тасдиғи ўлароқ, турли бузғунчилик қилиб, бегуноҳ инсонларни ўлдираётган қонхўрлар, аслида мақсади нима эканини, бу иши билан қандай азобларга дучор бўлишини ўзлари англаб етишмаяпти. Бу ҳақда Аллоҳ таоло:“Мўмин ва мўминаларга қилмаган гуноҳлари билан озор берадиган кимсалар бўҳтон ва аниқ гуноҳни ўзларига олган бўлурлар”, -дейди.(Аҳзоб, 58).
Ақидапарастлар содир этаётган жиноятларини хаспўшлаб, жамоатчиликни, расмий уламоларни ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакилларини қоралаш мақсадида турли фисқу-фасодлар тарқатиб, инсон ҳуқуқлари поймол этилаяпти, виждон эркинлиги таъминланмаяпти, деган иддаоларни тарқатишмоқда. Бу туҳматлар албатта, нотўғри эканлигини аслият исботлашига қарамай, бу бўҳтонларни четдан туриб уюштираётган ва қўллаб-қувватлаётган баъзи-бир кучлар борлиги ҳеч кимга сир бўлмай қолди.
Халқаро ислом ташкилотлари терроризм ва экстремизм ибораларига таъриф беришиб, Қурьони каримда зикр этилган бузғунчиликларнинг уларга мос эканлигини кўрсатишади. Ислом олами уюшмаси Ислом фиқҳи кенгашининг Макка баёнотида терроризм қуйидагича таърифланади: “Терроризм бу кишилар, жамоалар ёки давлатларнинг инсон дини, жони, онги, моли, номусига бузғунчилик билан душманлик қилишидир. Унинг доирасига қўрқитиш, азият бериш, таҳдид солиш, ноҳақ ўлдириш, мол-мулкини тортиб олиш, йўлларда қўрқитиш, йўлтўсарлик қилиш, зўравонлик, таҳдиднинг барча турлари киради. Ушбу ҳаракатларнинг мақсади кишилар орасида қўрқув, таҳлика солиш, азият бериб қўрқитиш ёки ҳаётлари, эркинликлари, омонликлари, мол мулкларини хавф-хатарга қўйишдир. Шу билан бирга бунга яна атроф-муҳитга зарар етказиш, хусусий ёки оммавий мулк, юрт ва табиий бойликларни хавф-хатарга қўйиш киради. Буларнинг барчаси ер юзида фасод бўлиб, Аллоҳ Қурьони каримда мусулмонларни бу ишдан қайтариб: “Ер юзида фасод (бузғунчилик)ни истаманг. Албатта Аллоҳ фасодни ёқтирмас”, деган”. (Қачон, 77)
Шайх Тантовий ушбу фикрга қўшимча тарзда шундай дейди: “Терроризм ва диний экстремизм инсониятнинг жони ва мулкига қасд қилишдир”.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, мазкур ҳолатларни эътиборга олган ҳолда, ҳозирги даврда ислом дунёсининг барча олим ва уламолари ҳамкорликда ислом таълимотини соф ҳолда асраб-авайлаш, унинг аҳкомларини бузиб кўрсатишга ҳаракат қилаётган ёвуз кучларга қарши маърифий услублар билан курашишни янада фаоллаштиришни зарурий ишлардан деб ҳисоблайдилар. Биз ҳам бу фикрга қўшилган ҳолда, юртимиздаги тинч, осуда ҳаётни сақлаш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарз эканлиги унутмасликга чақириб қоламиз.
Мирзоҳид Умирзоқов,
Мингбулоқ тумани “Топтиқ Азиз” жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022