Қоронғи режим
Image
Logo

ЭКСТРЕМИЗМ – ЁШЛАР КЕЛАЖАГИГА ТАҲДИД

ЭКСТРЕМИЗМ – ЁШЛАР КЕЛАЖАГИГА ТАҲДИД

Юртимиз ахолисини 60% ёшлардан иборат булиб,бугунги кунда мажбурий ўрта таълим тизимини тугатаётган ёшларимиз мустақил ҳаётга илк қадам қўйиш палласига келган ўсмирлар ҳисобланади. 

Ёшларнинг чет эл таълим муассасаларида ўқиши, малакасини ошириши, халқаро спорт ва бошқа мусобақалар, танловлар, олимпиадаларда Ўзбекистон Республикаси номидан иштирок этиши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилди. Бу борада ёшларнинг улкан ютуқларни қўлга киритиб, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, спорт ва ҳарбий ватанпарварлик каби соҳаларида фаол иштирок этиб, унинг ривожи учун ўз ҳиссасини қўшиб келаётгани юқоридаги тадбирлар меваси ҳисобланади.

Шу билан бирга, биз мустақил ҳаётни бошлаётган ёшларимизни турмушда уларни оғир синовлар кутиб тураётгани, хусусан, бизнинг юртимиз, халқимизга дўст бўлмаган, сохта ғоялар билан ҳали ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ўсмирларимизни оиласи ва Ватанидан айириб олиб, ўз манфаатлари йўлида қурбон қилишдек ғараз мақсадлар эга кучлар борлигидан огоҳлантиришимиз биз катталарнинг бурчимиз ҳисобланади. 

Экстремистик оқимлар ўз сафига янги шахсларни жалб этишда интернет ва ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланмоқда. Турли интернет сайтлари, ижтимоий сайтлардан кенг фойдаланилмоқда. Мазкур гуруҳларнинг тарғиботчилари кўп вақтини интернетда ўтказувчи, вақтинча ишсиз, хорижда пул топиш илинжида юрган ва ижтимоий ҳолатдан норози шахсларни ўз сафларига қўшиш мақсадида улар билан “бу дунёнинг бевафолиги”, “мусулмонларнинг азобланаётгани” ҳамда диний таълимотлар мавзусидаги бошқа  суҳбатлар олиб борадилар. Сўнгра ислом оламидаги “муаммолар” санаб ўтилади ҳамда айбдорлар ҳам кўрсатилади. Бундан кейин эса барча муаммоларнинг “ечими” сифатида “кофирларга” қарши “жиҳод” қилиш таклиф этилади. Бунинг учун эса авваламбор “ҳижрат” қилиш лозимлиги уқтирилади. 

Шундан кейин “жиҳод майдонларида жавлон ураётган мужоҳидларнинг ислом руҳи ҳукмрон бўлган ҳудудлардаги саодатли ҳаётлари”ни акс эттирувчи видеолавҳалар жойлаштирилган турли интернет порталларининг манзиллари тақдим этилади. Билимсиз, ўз мустақил фикри ва атрофдаги ҳодисаларни таҳлил этиш малакасига эга бўлмаган ёшлар бундайин “ўз ўрнида қилинган ҳужумлар”га дош бера олмай, диний экстремизмга мойил бўла бошлайдилар. Қисқа қилиб айтганда “ижтимоий тармоқлар” “экстремистик қармоқлар” вазифасини ўтай бошлайди.

Аслида эса, ёшларни ўз сафига чорлаётган, ўзини “мужоҳид” деб танитаётган кимсалар тинч аҳолини қатл этмоқда, аёл-қизларни хўрлаб, номусларига тажовуз қилмоқда. Норасида болаларни ўлдирмоқда. Исломнинг бешинчи аркони бўлган ҳаж амалини бажаришга бораётганларни “тошга сиғинувчилар” деб эълон қилиб, уларга таҳдид қилмоқда. Динимиз қибласи бўлган муқаддас Байтуллоҳни вайрон қилишга ваъда бермоқда. Уй-жойлар, мактаб ва кутубхоналар, қишлоғу-шаҳарларни бузиб, мўйсафид отахон, мушипар оналар, норасида гўдакларни  кўчаларда саргардон қилмоқда. Аммо, ҳозирга қадар бузилган уйларни тиклаш учун ақалли бир дона ғишт қўйганлари йўқ. Муқаддас ислом динимизда буткул ман этилган бу каби чиркин амалларини фош этаётган уламоларни, ўзларига эргашмаган мусулмонларни “кофир”га чиқармоқда.

Огоҳ бўлиш керакки, ўз юртига, оиласига хиёнат қилганларнинг икки дунёси ҳам куйиб кетади. Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Мен Расулуллоҳ (сав)нинг: “Қиёмат куни ҳар бир хиёнаткор учун бу дунёда қилган хоинлиги учун шармисор қилувчи байроқ ўрнатиб қўйилади”, деб айтганларини эшитдим”. Имом Таҳовий таъкидлаганлар: “Ғайритабиий одатлар, хилоф, тафриқадан қочамиз. Адолатли, омонатли кишиларни дўст тутамиз. Зулм ва хиёнат аҳлини ёмон кўрамиз”. Аллоҳ барчамизни тўғри йўлдан адаштирмасин.

Иминжон Абдурахимов,
Поп тумани "Тошхўжа эшон" жоме
масжиди имом хатиби.

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг