
ЭКСТРЕМИЗМНИНГ ЁМОН ИЛЛАТЛАРИ
Исломда дастлаб пайдо бўлган фирқа хорижийлардир. Бошқа динларда бўлгани каби мусулмонлар ичида ҳам фирқалар бўлган. Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом айтганларидек, Ислом динида 73 та фирқага бўлиниш юз беради. Уларнинг биттасигина тўғри йўлда, қолганлари эса, залолатда ҳисобланади. Қуръон оятлари ва ҳадисларда ҳам фирқаларга бўлинмасликка буюрилади. Хорижийлар ўз талқинларидаги «соф» ислом қоидаларига қатъий риоя қилиш тарафдори эди. Илк исломда инсон эътиқодини белгилашда ниятга эътибор берилган бўлса, хорижийлар амалга қараб баҳо берди. Айнан хорижийлар ўз қарашлари ва фаолиятига қўшилмаганларни кофирга чиқариш, уларга қарши «жиҳод» олиб бориш ҳақидаги ғояларни ишлаб чиқиб, террор услубини қўллаш орқали ҳукмдорларни жисмонан йўқ қилиш амалиётини бошлаб берган эди. Шунингдек, хорижийлар диндор кишининг ислом арконларига содиқлигини қилган ишларига қараб баҳолаш керак, деб ҳисоблаб, ўзларининг талқинидаги ислом қоидаларига риоя қилмаган ҳар қандай ҳукмдорга бўйсунмаслик, уни ағдариб ташлаш зарурлиги ҳақидаги ғояни илгари сурган эди. Бундай ғоялар ҳокимият учун курашнинг зўравонликка асосланган усуллари келиб чиқишига ва минглаб кишиларнинг ҳалок бўлишига олиб келди.
VII асрнинг иккинчи ярмида хорижийлар орасида раҳбарларининг исми билан аталадиган бир неча фирқалар пайдо бўлди. Ана шундай мутаассиб фирқалар орасида энг муросасиз ва шафқатсиз жамоа номини олган Нофиъ ибн Азрақ (в.685й.) бошчилигидаги «Азрақийлар» оқими алоҳида ўрин эгаллайди. Азрақийлар гуноҳи кабира (катта гуноҳ) қилган барча мусулмонларни «кофир» деб, уларнинг таълимотига қўшилмаган кишиларга қарши жиҳод эълон қилиш, ҳаттоки, қария, аёл ва болаларнинг қонини тўкишни ҳалол, деб билганлар.
IX аср охирида Ироқда юзага келган «қарматийлар» экстремистик ҳаракати эса ислом арконларини тан олмаган ҳолда, ҳаж амалини ҳам бидъат, бутпарастлик деб эълон қилган эди. Ҳаракат ўз номини унинг асосчиси Ҳамдон ибн Ашъаснинг лақаби Қармат сўзидан олган бўлиб, унинг маъноси манбаларда турлича «калта оёқ» ёки «қизил кўз» каби маъноларда ифодаланган. Қарматийлар ислом тарихида ўчмас доғ қолдирган жиноятларни содир этган. Улар ҳаж мавсумларида карвонларга ҳужум уюштириб, қароқчилик ва босқинчилик билан кун кечирганлар. Хусусан, 930 йилда улар Маккага бостириб кириб, шаҳарни талон-тарож қилганлар, бир неча минг ҳожиларни ва Макка аҳолисини қатл этиб, асирга олганлар. Улар: «Биз тошга сиғинувчиларга қарши курашмоқдамиз», дея ҳожиларни бутпарастга чиқариб, ўзларининг қабиҳ ишларини оқламоқчи бўлганлар. Каъбани вайрон қилиб, қора тошни иккига бўлиб, Баҳрайнга олиб кетганлар, фақат 20 йилдан кейин катта тўлов эвазига у Маккага қайтарилган.
XI аср охирида Эронда юзага келиб, махфий равишда иш кўрган «Ҳашшошийлар» (арабча – ҳашиш (наша) чекувчилар, гиёҳвандлар) террорчилик оқими эса, ҳокимиятни эгаллаш мақсадида уларга хайрихоҳ бўлмаган ҳукмдорларга суиқасд уюштириш амалиётини олдинга сурган эди. Узоқ вақт ҳашшошийлар кўплаб ҳукмдорларга таҳдид солиб турган, ҳаттоки, айрим Европа мамлакатлари раҳбарлари ўз хавфсизликларини таъминлаш учун уларга тўлов тўлашга мажбур бўлган. Шу билан бирга, «ҳашшошийлар» замонавий террорчилар томонидан ҳам кенг қўлланилаётган, оддий кишилар ва ёшларга гиёҳванд моддаларни истеъмол қилдириб, ўлса шубҳасиз жаннатга тушишига ишонтирган.
Толибжон Шарипов,
Чортоқ туман “Зайд ибн Ҳорис” жоме
масжид имом ҳатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022