Фитна – қатл этишдан ҳам ёмонроқдир

Маълумки, ислом дини эзгулик ва барча яхшиликлар манбаи ҳисобланади. Дарҳкақиқат, ислом дини жамиятни гўзаллаштириш учун нозил қилингандир. Аммо, соф исломий эътиқодни нотўғри талқин қилиш ёки баъзи бир сиёсий кучларнинг ўз манфаатлари йўлида диндан фойдаланиш оқибатида мусулмонлар орасида турли фитналарни келиб чиқиши тарихда ҳам ҳозирда ҳам мавжуд бўлган. Агар бирор жамиятда маълум маконида бир фитна бошланса-ю, у ўша жойдаги ақли расо инсонлар бошқаларни унга аралашиб қолишдан қайтармаса, у фитна кенгайиб жамиятдаги оқилни ҳам жоҳилни ҳам, солиҳни ҳам фожирни ҳам ўз домига тортади. Шуни англаб етмоқ лозимки фитна кўпайган жойда яхши-ёмон бирдек жазоланади. Доно ҳалқимизнинг “Ўрмонга ўт кетса ҳўл қуруқ баробар ёнади,” деган мақолида ҳам фитна бошқарилмаган оловга ўхшатилади. Чунки, фитнанинг ортидан келадиган зарар айрим ҳолларда оқибатини бартараф этиш анча мушкул ҳисобланади.
Диндан инсон ўз шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиш жамият учун ўта хатарлидир. Бу хусусида Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам мусулмон умматини огоҳ этганлар.
Буюк бобокалонимиз имом Бухорий ҳазратлари фитна сўзига: “У – синов, танлаш, имтиҳон қилиш маъноларини ўз ичига олиб, гоҳо фитна яхшилик маъносида, гоҳо ёмонлик маъносида қўлланилади. Фитналар ичида энг зарари каттаси инсонни тўғри йўлдан адаштирувчиларидир,” деб таъриф берадилар. Барча даврда исломнинг асоси жамият ичра тинчликни асраш бўлиб келган. Тинчликни асраш ҳар бир мўъмин учун лозим бўлган амаллардан бири бўлган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) бизга қарата: “Мен вафот қилганимдан кейин асара (Мол-дунё тўплаб манманлик қилмоқ)нинг ҳамда ўзларингиз нафратланадиган бошқа ишларнинг гувоҳи бўласизлар,” – дедилар. Саҳобалар: Ё Расулуллоҳ, бизга нима деб амр қиласиз? У зот: “Амирларингизнинг фармоишларига итоат этинглар ва Аллоҳ таоло олдидаги бурчингизни бажо келтиринглар!” – дедилар”.
Саҳобаларнинг одатларидан бири дунё ва охират ишларини барчасини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам билан маслаҳатлашиб бажариш бўлган. Шунинг учун саҳобалар ўз одатларига биноан, вақти келиб ана шундай фитналарга дуч бўлганда мусулмон кишилар қандай йўл тутишсалар ножот топишлари мумкинлигини сўрадилар.
У зот: “Амирларингизнинг фармоишларига итоат этинглар ва Аллоҳ таоло олдидаги бурчингизни бажо келтиринглар!” Бу ҳадисдан олинадиган манфиат мусулмонлар жамияти орасида турли фитналар бошланганда уммат учун энг тўғри йўл – юрт раҳбарига, раҳбарларига итоат этиш, фармонларини бажаришга далолат қилинади.
Яна бир ҳадисда; Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки ўз амирининг бирор ишидан нафратланса, сабр қилсин. Чунки, султоннинг итоатидан бир қарич бўлса ҳам чиққан киши жоҳилият (ислом динидан бехабар, жоҳиллар) ўлимини топади!” – дедилар”.
Мусулмон киши ўзига бошлиқ этиб тайинланган ҳар қандай кишига итоат қилиши лозим. У бошлиқнинг баъзи томонлари унга ёқмаса, сабр қилиши, бесабрлик ортидан бирор фитна бошлаб қўйишдан сақланиш керак бўлади. Зеро, ҳар қандай фитнанинг аввалида бесабрлик туради. Бесабрлик инсонни тўғри йўлдан адаштириб, итоатсизлик ва туғёнга етаклайди.
Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг 191-оятида: “Фитна – қатл этишдан ҳам ёмонроқдир”деб марҳамат қилмоқда. Яъни, фитнанинг гуноҳи одам ўлдиришнинг гуноҳидан оғир эканлиги айтилмоқда. Демак инсон ўзини, оиласини фитналардан сақлаши фарз айндир. Фитналардан сақланиш масаласида ҳар бир инсон фитнага олиб борувчи сабаблардан ўзини ва тили ҳамда қўлини сақламоғи лозим бўлади.
Ўтган солиҳ уламоларимиз фитнадан сақланиш учун шундай дуо қилишаркан:
“Эй Аллоҳ! Диндан қайтишлик ёки фитнага мубтало бўлиб қолишимизда сендан паноҳ тилаймиз”. (Имом Бухорий ривояти).
Ботиров Баҳодир,
Чуст тумани “Oхунбобо” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022