Қоронғи режим
Image
Logo

ФИТНАДАН САҚЛАНИНГ!

ФИТНАДАН САҚЛАНИНГ!

     Ҳозирги дунё ғоят мураккаб, ғоят таҳликали тус олаётгани ҳеч кимга сир эмас.  Яқин шарқ давлатларида турли “ўйин”лар уюштириб, бу ҳудудда муқаддас ислом динимизни ниқоб қилиб олган тўдалар сиёсий ҳокимиятга интилишмоқда. Уларнинг  мақсадлари маълум – ҳокимиятни эгаллаш ва моддий бойликларга эга чиқиш. Шу йўлда улар дунёнинг турли бурчакларидан онги ҳали тўла шаклланмаган ёшларни ўз сафларига чорлашмоқда.  Бунга эса яна динимизни ниқоб қилиб, “ҳижрат”, “шаҳидлик” мақомини бузиб, сохта кўринишда, ёлғонларга бўяб кўрсатишяпти. Бу фитна ва алдовларга учиб, гўёки “ҳижрат қилиб”, шу орқали ўзларини ҳақиқий мусулмон санаётган, аслида эса маккор гуруҳларнинг қўлида қуролга айланаётган ёшлар ҳам оз эмас.

   Ушбу таҳдид бизнинг тинч, фаровон юртимизга ҳам маълум маънода  бурун суқмоқда. Ўз ёвуз мақсадларига эришиш йўлида интернетнинг ижтимоий тармоқларидан фойдаланаётган террорчи  гуруҳлар тарқатаётган  ёлғон-яшиқ маълумотлар, сохта даъватлар иймони суст, фикрлаш доираси тор ёшлар онгига таъсир ўтказиши табиий ҳол. Бу эса бизларни ҳар доим огоҳлик ва сергакликка чорлайди. Уларнинг жирканч қиёфасини оммавий ахборот воситаларида берилаётган лавҳалар орқали кўриб турибмиз.  Улар муқаддас ислом динининг бутун дунёда обрўсини тўкмоқда. Аслида бу ёвуз кучларнинг мусулмончиликка ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ваҳшийлик, одам ўлдириш, одамларни қўрқитиш, гаровга олиш ислом динига тамоман ёт нарсалар. Бундай кучларнинг ёшларимизни алдаб, ўз қармоғига илинтиришига ҳеч қандай имконият бермаслигимиз керак.

   Яқинда ойнаи жаҳон орқали намойиш қилинган кўрсатувда  фарзанди бировлар алдовига учиб, хориждаги террористик тўдалар чангалига тушган ва қай бир иттопмас манзилда қурбон бўлгани ҳақида сўз бориб, шу йигитнинг онаизори кўрсатилди.  Бечора онаизор фақат кўз ёш тўкади холос. Гапира олмайди, ўз билгани ичида – дарди адойи тамом қилган. Агарда вақтида буни билганида ўз фарзандини бу йўлдан қайтармасмиди, йўлларига ётиб олмасмиди?  Аммо, афсус кеч бўлган. Онаизорига хорижда ишлаб, кўп пул топиб келаман, деб кетган нокас фарзанди энди унинг бор дунёсини маломатга, азобга булғаб кетди. Унинг кучи энди юраклари эзилиб фақат йиғлашга етяпти. Аслида бу, бефарқлик ва бепарволикнинг тузатиб бўлмас оқибатидир.

    Биз бошимиздан кечираётган замон барчамиздан, ҳар биримиздан огоҳ ва сезгир бўлиб яшашимизни, бугунни ва эртанги кунимизни, тинч хаётимизни ўзимиз асрашимизни талаб этади. Осуда ҳаёт учун, мусаффо осмон учун, албатта, баҳоли қудрат курашишимиз даркор.

Интернет саҳифаси асосида тайёрланди.


Соҳибжон Камолов,
Мингбулоқ тумани “
Мулла Тожи Аҳмад жоме
масжиди имом ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг