Қоронғи режим
Image
Logo

ҲИЖРАТ ФАРЗМИ?

ҲИЖРАТ ФАРЗМИ?

Аслини олганда, “Ҳижрат ҳозир ҳам фарз. Ҳижрат қилмоқ вожиб бўлди!” ёки “Ҳижрат диннинг асосидир, у шариатнинг устуни. Кимки ҳижрат қилмаса, гуноҳкори азим бўлади. Ҳижрат қилмаган кофир”, дегувчилар барча даврларда топилиб турган. Ундай фикрни ошкора айтувчилар хаворижлар, аҳли суннат ва жамоатдан ташқари чиққанлар, эканлиги маълум. Бунга бир воқеани келтиришимиз керак:

Таниқли саҳобалардан бири Абдуллоҳ ибн Абу Авфо разийаллоҳу анҳу бир гуруҳ шогирдлари билан илк хаворижлар олдидан ўтиб қолибдилар. Унинг шогирдлари бу зотнинг кимлигини таништириб, “Бу Абдуллоҳ ибн Абу Авфо ҳазратлари бўладилар!”, дебдилар. Шунда Абу Феруз деган хавориж: “Агар ҳижрат қилганида, қандай ҳам яхши одам бўларди!”, дебди. Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобасини менсимаяпти, ҳижрат қилмаган, деб туриб таъна қилаяпти. У зот: “Аллоҳнинг душмани нима деяпти?”, деб сўрабдилар. Одамлар унинг: “Агар ҳижрат қилганида, қандай ҳам яхши одам бўларди!”, деяётганини айтишибди. Шунда, Абдуллоҳ ибн Абу Авфо разийаллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ҳижрат қилганимдан сўнг яна ҳижрат бор эканми?!”, деб туриб, бундай дебдилар: “Улар билан курашган ёки шу мақсадда  вафот қилганларга жаннат башорати бўлсин!” (Аҳмад, 4/19172, 19433).

Яъни, саҳиҳ экани таъкидланган мазкур ривоятнинг мазмуни шуки, “Ҳижрат бор, ҳозирда ҳижрат фарз, ҳижрат қилмаган яхши инсон бўлмайди”, дейдиганлар хаворижлар экан, хаворижларнинг бугунги кундаги давомчилари экан. Мазкур ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаси хаворижлар билан курашган одамга жаннат башоратини берганлар.

Ҳижратни ҳозир ҳам фарз дейдиганлар саҳиҳлигини инкор қила олмайдиган, уларнинг ўзларининг “муҳаддис”лари ҳам саҳиҳлигини тан олган, аъло даражадаги саҳиҳ ҳадиси шариф борки, унда ҳозир ҳижрат йўқлиги аниқ-тиниқ (сариҳ) ва ҳеч қандай эҳтимолларсиз иборалар билан таъкидланган. Муҳаддислар султони Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг саҳиҳ ҳадислар тўплами “Саҳиҳи Бухорий” – “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарларида ўндан ортиқ жойида: “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ!”, деган мазмундаги ҳадиси шарифни келтирганлар. Ҳозирда ҳижрат фарз, деб оламга жар солаётганларнинг ўзлари айрим ихтилофли масалаларни қўзғаш мақсадида доим Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ номидан фойдаланадилар, у зотнинг асарларидан иқтибос келтиришни яхши кўрадилар. Қизиқ! У зот ривоятидаги, асарида ўндан ортиқ жойида келтирилган: “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ!”, деган мазмундаги ҳадис ҳақида лом-мим демайдилар. Ҳолбуки, бу ҳадис мансух бўлмаган, ҳукми бекор қилинмаган, балки унинг ўзи ҳижрат ҳукмини бекор қилувчидир. Унинг иборалари ва мазмуни жуда аниқ, ҳеч қандай эҳтимоллар йўқ, сариҳ ва саҳиҳ ҳадисдир!

Мушожеъ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу ўз укаси Мужолид разийаллоҳу анҳуни олиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга “Сизга ҳижрат борасида байъат қилмоқчи”, деганлар. “Байъат” деганда устознинг ўз шогирдларидан қўл олиб, бирор ишни қилишга ёки қилмасликка қасамёд қилдириши тушунилади. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ! Лекин ундан ислом борасида байъат оламан!”, деганлар (Бухорий, 4/3079).

Мазкур ҳадисда ҳатто ҳижрат исломнинг асоси эмаслигини, унинг бирорта рукни ҳам эмаслиги, ҳатто фарз ва вожиб у ёқда турсин, суннат бўларлик савобли амал ҳам эмаслигини билдириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижратдан эмас, исломдан байъат олишларини билдирмоқдалар.

Имом ан-Насоий раҳимаҳуллоҳ ва бошқалар ривоят қилишларича, Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот қилиб кетганларидан кейин ҳижрат йўқдир!”, деганлар (Насоий, 4/4171; Абу Яъло, 1/186).

Хаворижлар илк чиққан вақтда Басрадан чиқиб кетиб, ўзларининг лагерларига бориб жойлаша бошлабдилар. Одамларга “Ҳижрат фарз. Биз билан ҳижрат қилинглар!”, деб ҳаммани ҳижратга даъват қила бошлабдилар. Одамлар буюк саҳоба Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳунинг олдига келиб, улар ўзларини муҳожирлар деб аташаётганини айтибдилар. Шунда, Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳу: “Улар шайтонга ҳижрат қилганлар. Ахир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ!”, деганлар-ку!”, деган эканлар (Абдурраззоқ, 10/18662).

Баҳодир Шарипов,
Чуст тумани бош имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг