ХАДИЙЖА БИНТИ ХУВАЙЛИД РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲО

Тўлиқ исмлари: Хадийжа бинти Хувайлид ибн Абдулуззо ибн Қусой Қарашийя, ал-Асадийя розияллоҳу анҳо.
Унвонилари: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турмуш ўртоқлари.
Туғилган йиллари: Мелолий 556-йил, “Фил воқеа”сидан 15 йил олдин.
Оталари: Хувайлид ибн Абдулуззоибн Қусой Қарашийя, ал-Асадийя.
Оналари: Фотима бинти Зоида ибн ал-Асом.
Биринчи эрлари: Абу Ҳола ибн Зирора ат-Тамимий бўлиб, у вафот этгач, Атиқ ибн Обид ибн Абдуллоҳ ал-Махзумийга турмушга чиққанлар. Атиқ билан оилавий ишлари кўнгилдагидек бўлмаганидан у билан ажрашиб кетишди. Орадан маълум муддат ўтгандан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиққанлар.
Фарзандлари: Ҳинд ибн Абу Ҳола. Тоҳир ибн Абу Ҳола.
Ҳинд бинти Атийқ ибн Обид.
Зайнаб бинти Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам
Умму Кулсум бинти Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам
Руқайя бинти Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам
Фотима бинти Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам
Қосим ибн Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам
Тоҳирибн Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам
Расулуллоҳга турмушга чиққан йиллари: мелодий 595 йили, ҳижратдан аввал 28 йилда.
Маҳр: 400 динор. Маҳрни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўрниларига амакилари Абу Толиб ибн Абдулмутталиб берганлар.
Вафот этган йиллари: мелодий 619 йили, хижратдан аввал4 йил. 65 ёшларида.
Дафн этилган жой: Макка Мукаррамадаги Ҳажун қабристони
Фазилатлари: Аллоҳ таоло ўзининг охирги дини сифатида ислом динини танлади ва унга Ўзининг севикли пайғамбари, пайғамбарларнинг гултожиси, бутун оламларга рахмат бўлган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар деб танлади. у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам улғайиб, навқирон ёшга етганларида Аллоҳ таоло у зотга муносиб жуфт насиб этди.
Аллоҳ таоло Хадийжа бинти Хувайлидга кўпгина яхши сифатларни инъом қилган эди. У киши олиҳимматли, ҳассос табиатли, диндор ва покиза аёл эдилар. Хадийжа бинти Хувайлид қурайш аёллари ичида «Тоҳира» лақабини олган эди.
Аллоҳ таоло Ҳадийжа розияллоҳу анҳога Ўзининг ҳабибига турмуш ўртоқ бўлишлик хабарини онамизни тушларида аён қилди. Онамиз бир кеча туш кўрдилар. Тушларида ҳовлисига катта бир қуёш тушиб, ўрнашганмиш. У ҳовлининг ҳамма томонини зиё ва чиройга тўлдирганмиш-да ўша қуёш бу ҳовлидан туриб, ҳамма ёққа зиё сочаётган эмиш. Чўчиб уйғонса туши экан. Ҳамма ёқ қоп-қоронғу тун бўлса-да унинг қалби ҳалиги қуёш зиёси ила равшан ҳолда қолган эди. Эрта билан уйғониб, аммакиваччалари Варақа ибн Навфални олдига бориб, тушларини таъбирини сўрадилар. У олдинги самовий китоблардан хабардор эди. Ҳадийжа онамиздан тушини таъбирини эшитган Варақа жуда хурсанд бўлди. У виқор ва севинч билан:“Эй амакимнинг қизи! Суюнчи бер! Агар Аллоҳ тушингни ўнгидан келтирадиган бўлса, ҳовлингга нубувват зиёси кирадиган бўлибди. У ердан набийлар хотамининг файзи жўш урадиган бўлибди” деди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳадийжа онамизнинг тўйлари гўзал тарзда бўлиб ўтди. Тўйдан кейин саодат тўла оилавий турмуш бошланди.
Кунларнинг бирида Умму Айман: “Ҳоним! Ҳалимаи Саъдия киришга изн сўраяпти” дедилар. Ҳалимаи Саъдия исмини эшитган Пайғамбаримиз жуда хурсанд бўлиб кетдилар. “Онажон! Онажон!” деб пешвоз чиқиб кутиб олдилар.
Ҳалимаи Саъдия озгина қийналиб қолганлари ҳақида айтиб қолдилар. Бу нарса Ҳадийжа онамизга маълум бўлгач, ҳеч иккиланиб ўтирмасдан меҳмонни хурсанд қилишга киришдилар ва унга қирқта қўй, сувчи туя ва ўз ерларига етиб олгунча етадиган нарсаларни тортиқ қилдилар. Бу ҳолат Ҳадийжа розияллоҳу анҳонинг нақадар қўллари очиқ, саҳоватли аёл эканликларига далолат қиларди.
Оила қурганларига ўн беш йил тўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 40 ёшга етганларида эса, ёлғизликни хоҳлаб қолдилар. Макканинг чеккароғида жойлашган Ҳиро ғорига чиқиб, ибодат қилардилар.
Кунларнинг бирида, Жаброил алайҳис салом У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг улуғ каломи Қуръони каримни нозил қилишни бошлаганларида, Расулуллоҳ қўрқанларидан уйларига бориб, Ҳадийжа онамизга: “Мени ўраб қўйинглар!” “Мени ўраб қўйинглар!” дедилар. У зотдан қўрқинч кетгунча ўраб қўйдилар. Кейин у зот Хадийжага хабарни айта туриб: “Ўзимга бир нарса бўлмаса эди, деб қўрқдим”, дедилар.
Шунда Хадийжа: “Ундоқ эмас! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни ҳеч қачон шарманда қилмайди. Сиз силаи раҳм қилсангиз,заифларга ёрдам берсангиз,одамлар қилмаган яхшиликларни қилсангиз,меҳмонга зиёфат берсангиз,фалокатга учраганларга ёрдам берсангиз”, дедилар. Мана бу ҳолатга эътибор берадиган бўлсак, Ҳадийжа розияллоҳу анҳо онамиз Пайғамбаримизга қўшилиб қўрқиб ўтирмадилар, ўзларининг аёллик латофатлари билан, қатъийлик билан Расулуллоҳга тасалли бердилар. Бу хам бўлса, аёл киши оилада қандай бўлишли кераклигининг бир кўриниши эди. Инсоният тарихидаги энг нозик пайт бўлган ўша кезда у зотнинг жонларига оро кирган бирдан-бир инсон у зотнинг умр йўлдошлари Хадийжа бинти Хувайлид бўлдилар.
Ҳадийжа розияллоҳу анҳо исломни аввалгилардан бўлиб қабул қилдилар. Қўлларидан келганича, ўз уйларини ҳам иймон салтанатига эга бўлишида ҳаракат қилдилар. Бу урунишлари ўлароқ, Зайд ибн Ҳориса ва Али ибн Абу Толибни биринчилардан бўлиб иймон келтиришларига, Зайнаб, Руқайя, Умму Кулсум ва Фотималарни ҳам иймон лаззати билан неъматланишларига сабаб бўлдилар.
Орадан вақтлар ўтди, мушрикларнинг мусулмонларга нисбатан жабру ситамлари ниҳоят даражада кучайиб кетди. Ҳатто мусулмонларни қамалга ҳам солиб қўйишди.Хадийжа бинти Хувайлид Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва бошқа мусулмонлар билан бир қаторда қамал жафосини бошқалардан кўра кўпроқ чекдилар. Чунки у киши қамал жафосига ҳам қарамай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ишларида яқиндан ёрдам берар эдилар.
Қамал тамом бўлиши биланоқ Хадийжа онамиз бемор бўлиб ётиб қолдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг ёнларидан жилмай қарардилар. Аммо кун сайин оғирлашиб борардилар.
Исломнинг аввалида мусулмонликни қабул қилган, Аллоҳ таолонинг севикли пайғамбарининг турмуш ўртоғи, фарзандларнинг меҳрибон онаси бўлган Ҳадийжа розияллоҳу анҳо 65 ёшларида бу дунёни тарк қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўнгилларини доимий равишда кўтариб тургувчи, бош маслаҳатчиларидан, биринчи бўлиб иймон келтирган ва фазилатларини санаб адоғига етиб бўлмас бир улкан матонатли кишисидан айрилган, уйларида етим болалари билан ёлғиз қолган эдилар. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва бутун Ислом жамияти учун оғир жудолик эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳони ўз қўллари билан Маккаи Мукарраманинг юқори тарафидаги Ҳажун қабристонига дафн этдилар.
У зот Хадийжа онамизни жуда яхши кўрар ва қадрлар эдилар. У зотнинг Хадийжа онамизга бўлган улкан эҳтиром ва эъзозларини сўз билан ифода қилиш қийин эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хадийжа онамиз ҳақларида:
“Албатта, менга унинг муҳаббати берилган”, деганлари катта гапдир. Бундан Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига Хадийжа онамизнинг муҳаббатларини солиб қўйгани маълум бўлади. Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хадийжа онамизга бўлган соф муҳаббатлари илоҳий иноят ила бўлган муҳаббат эди.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хадийжа онамизга бўлган муҳаббатлари ва эҳтиромларининг яна бир сабаби у зотнинг:“Менинг болаларим ундан бўлган”, деган гапларида яққолроқ намоён бўлади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг Ўзигагина маълум ҳикматга биноан, у зотнинг барча фарзандлари Хадийжа онамиздан бўлган. У кишидан бошқа аёлларидан бола бўлмаган. Бу ҳол ҳам, албатта, Хадийжа онамиз фазлларига фазл қўшади.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:“Дунё аёлларининг энг яхшиси Марям бинти Имрондир. Дунё аёлларининг энг яхшиси Хадийжа бинти Хувайлиддир”, деганларини эшитдим.Имом Термизий ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифдан Марям бинти Имрон ўз замонларида аёлларнинг энг афзали бўлганлари ва шунга ўхшаб Хадийжа бинти Хувайлид ҳам ўзлари яшаган замоннинг энг афзал аёли бўлганларини билиб олишимиз мумкин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хадийжа онамиз зикр қилинса, унга мақтов ва ҳаққиларига истиғфор айтишдан зерикмайдиган одатлари бор эди. Бир куни у зот уни яна эслаб қолдилар. Менинг рашким келиб:“Аллоҳ сизга ўша қари хотин ўрнига бошқасини берган”, дедим. У зотнинг қаттиқ ғазабланганларини кўрдим. Ҳушим бошимдан учиб кетди. Ичимда: “Аллоҳим, агар Расулингнинг ғазабини мендан кетказсанг, ҳеч қачон уни ёмон зикр қилмайман”, дедим.Менинг ҳолимни кўрганларида у зот:“Нима дединг?! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ менга унинг ўрнига ундан яхшироғини бермади. Одамлар менга куфр келтирганида, у менга иймон келтирди. Одамлар мени ёлғончи қилганларида, у мени тасдиқлади. Одамлар мендан нарсаларини беркитганида, у молини мен учун сарфлади. Аллоҳ таоло менга бошқа аёллардан эмас, ундан фарзанд берди”, дедилар. Бу ҳам бўлса, Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳонинг аёллар ичида камолга етган ва ўз замонида энг афзал аёл бўлганликларига етарлича далил бўла олади.
Аллоҳ таоло Ҳадийжа бинти Ҳувайлид розияллоҳу анҳо онамиздан рози бўлсин!
Авазбек Юсупов,
Наманган шаҳар,
“Ғози Муҳаммад ҳожи” жоме
масжиди имом-хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022